Меню

Қашқадарё

16.05.2017 2370

ТАШҚИ БОЗОРГА ЯНГИ ТУРДАГИ МАҲСУЛОТЛАР ЧИҚАРИЛМОҚДА

Бу борада Чироқчи туманидаги “Чироқчи агро мева таъминот” масъулияти чекланган жамияти фаолияти эътиборга моликдир. Мазкур экспортчи корхона жорий йилдан эътиборан карамдошлар оиласига мансуб салат баргларини ташқи бозорга етказиб беришни бошлади. Ушбу маҳсулот дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Айсберг” номи билан машҳур.

- Экспорт фаолияти билан қарийб 2 йилдан бери шуғулланаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Мавлон Чориев. – Маҳсулдорлик йилдан-йилга ошиб бораяпти. Ўтган йили 1 миллиард 867 миллион сўмлик маҳсулотни МДҲ мамлакатларига экспорт қилдик. Ташқи савдо ҳажмида узум, хурмо, қовун, булғор қалампири, кўкатлар, лимон асосий ўрин эгаллади. Зарур маҳсулотни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб оламиз. Яқинда буларнинг ёнига салат барглари қўшилди. Россиядаги “Экспо сервис” компанияси бу маҳсулотнинг асосий харидори саналади. Ўтган йили ушбу фирма билан қиймати 5 миллион 500 минг долларлик маҳсулот олди-сотдиси бўйича келишувга эришгандик. Мазкур шартнома доирасида жорий йилнинг 1 май ҳолатида ҳамкорларимизга 100 минг долларликдан кўп салат баргларини юбордик. Айни дамда ҳам машиналарга юкланган маҳсулотлар манзилга жўнатилмоқда.

Маълумотларга кўра, “Айсберг”, бошқача айтганда “Муз қоя” салат барги сувли ва қарсиллоқ таъмга эга ўсимлик. Одатда ушбу салат барглари оддий оқ карамга жуда ўхшаш. Бир бош салат барги ўртача 300-400 граммни ташкил қилади. “Айсберг” салат баргида етарлича фолий кислотаси, C, В, К ва А витаминлари ва холин моддаси мавжуд. Бундан ташқари, у фосфор, калий, натрий, магний, калций ва мисга бой. “Айсберг” салат барги организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, метаболизмни тартибга солиш, қон таркибини меъёрлаштиришда ёрдам бериб, асаб тизимини мустаҳкамлайди. У стресс ва эмоционал касалликларда наф беради. Салат барги нейтрал таъмга эга бўлганлиги боис уни кўплаб маҳсулотлар билан бирга ишлатиш мумкин. Ундан кўпинча салатлар тайёрлашда ёки овқатларни безашда фойдаланишади. Айни шу жиҳатлар ушбу маҳсулотнинг  экспортбоплигини таъминламоқда, десак муболаға эмас.

 

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!