Меню
Қашқадарё
ТАСАВВУФ ИСЛОМ ДИНИ ТАРАҚҚИЁТИДА ҚАНДАЙ ЎРИН ТУТАДИ?
Хабарингиз бор, 2018 йил 3 май куни “Qashqadaryo” газетаси расмий веб-сайти – qashqadaryogz.uz да “Сохта сўфийлик ғоялари қайси жиҳатлари билан муқаддас динимиз таълимотига зид?” сарлавҳали мақола эълон қилгандик, унда узоқ йиллик фаолият давомида бевосита гувоҳи бўлганларимиз – Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи, ўзларини тасаввуфга мансуб деб билувчи ва шуни даъво қилувчи, баъзида амаллари даъволарига тўғри келмайдиган баъзи инсонларнинг фикрлари, қарашлари ва амалларига тўхталинган эди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мақолада алоҳида шахсият, яъни Иброҳимжон Эшон бобо ёки айнан бир киши эмас, ноодатий қарашлар, амаллар ҳақида сўз юритилган. Буни шахсга нисбатан қандайдир ғараз деб тушунмаслик лозим. Боиси, муаллифнинг диний соҳа мутахассиси сифатида тасаввуф, тасаввуф аҳли, юртимиздан узоқ ва яқин ўтмишда етишиб чиққан тасаввуф намояндаларига нисбатан ҳурмати баланд, у зотларнинг дин йўлидаги хизматларини барча қатори эътироф этади. Аммо улар тутган йўл, қарашлар айни замонга келиб нотўғри талқин этилса, бидъатга, ихтилофга сабаб бўлса, буни ўз вақтида айтиш керак.
Таъкидлаш лозим, қадим-қадимдан тасаввуф халқимизнинг маънавий юксакликка эришувига беқиёс хизмат қилган, узоқ даврлар мобайнида халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатлар улуғланган.
Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотга айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва инсонлар ҳаётида муҳим воқеликка айланишига улкан ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр ва бошқа олимларнинг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Ўз навбатида ўрта асрларда кенг тарқалган уч тил – араб, форс ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида шаклланган.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз дунё ишини деб, охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини туширмайдиганингиздир”, деганлар.
Ўз даврида дунёни даҳшатга солган мўғулларнинг исломга киришларига тасаввуф намояндалари бош омил бўлган эдилар. Бухоролик Шайх Жамолиддин мўғул султони Туғлуқ Темур билан учрашиб қолди, кейинчалик Туғлуқ Темур подшоҳ бўлганида Шайх Жамолиддиннинг ўғли Шайх Рукниддин ҳузурида исломга киради. Исломни ўз қавми ичида тарқатади ва дин улар қўл остидаги барча диёрларга тарқалади. Бундан ташқари, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби улуғ тариқат пешволарининг юрт равнақи, мусулмонлар бирдамлиги, дин ривожи йўлидаги хизматлари ҳам беқиёс. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганларида Кубровия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубронинг шаҳарни ҳимоя қилишга бошчилик қилиши ва шу йўлда шаҳид бўлиши ватанпарварликнинг юксак намунасидир.
Бугун Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди. Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳоли ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия, яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Дарсларда тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади. Тариқат пирлари насиҳат сифатида айтган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади.
Тасаввуф Аллоҳ ва расулини севиш, ота-онага, устозга, барча мўъмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишдир. Тариқат Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Демакки, бир нарсани – тасаввуф ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат ва ростгўйлик, камтарлик, ўзгаларга нисбатан ҳурмат каби умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этганини асло унутмаслик керак.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби