Меню
Қашқадарё
ТАРВУЗ ТАННИ ТОЗАЛАЙДИ
Олимлар тарвуз этида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишида тўпланадиган 12 фоизгача енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжудлигини аниқлашган. Шунингдек, унда C, B1, B2, A, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва кальций моддалари, аминокислоталар ҳам бор.
Асл ватани Жанубий Африка ҳисобланадиган тарвуз аждодларимиз томонидан қадимданоқ самарали дори воситаси сифатида қўлланиб келинган. Тарвуз одамлар учун қишда қувватлантирувчи, ёзда иссиқдан сақловчи восита ҳисобланган. Хусусан, олим, табиб Муҳаммад Аъзамхоннинг “Буюк уммон” асарида тарвуз этини йилнинг иссиқ даврида пайдо бўладиган куйдирувчи безгакни даволашда шифо бўлиши ҳақида қимматли маълумотлар келтирилади. Чўл ҳудудларда тарвузни куннинг иссиқ пайтида сув ўрнида истеъмол қилишади. Мавсум давомида эса у энг севимли озуқа ҳисобланиб, кўплаб дардлардан холи қилувчи шифо манбаи ҳамдир. Шунингдек, тарвуз жигар касалликларида, қон қуюлишида ва организмдан шлакларни чиқаришда ҳам қўлланган. Ўрта асрларда араблар мунтазам равишда овқатдан олдин тарвуз тановул қилинса, баданни тозалаш ва ундаги касалликларни қувиш хусусиятига эгалигини билишган. Қадимги ҳинд табиблари эса тарвуз бутун организмни юмшатиши ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида яхши таъсирга эга эканини ёзиб қолдиришган. Тарвузнинг инсон организми учун қанчалик муҳим эканини Абу Али Ибн Сино кўп бора синовдан ўтказган ва унинг ёрдамида жигар, буйрак касаллигига чалинган беморларни даволаган.
Бугун замонавий тиббиётда ҳам тарвузнинг шифобахш хусусиятларидан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, унинг таркибидаги фолий ва аскорбин кислотаси бошқа моддалар билан биргаликда склерозга қарши самарали таъсир кўрсатувчи сифатида маълум бўлса, мевасининг шарбати артрит, подагра, ичак касалликлари, атеросклероз кабиларни даволашда ёрдам беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарвуз шарбати чанқоқни қолдиради. Шу билан бирга, ўт ва сийдик ҳайдаш хусусиятига ҳам эга. Шунинг учун шифокорлар буйрак ва жигар касалликлари билан оғриган беморларга уни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этишади. Айниқса, жигар хасталикларида тарвуз суви энг яхши ювувчи воситадир. Унинг яна бир яхши хусусияти, организмдан ортиқча суюқлик ва шлакларни чиқарибгина қолмасдан, жигар тўқималарини енгил ўзлаштирадиган қанд билан ҳам таъминлайди. “Полиз маликаси”дан халқ табобатида сариқ касаллигини даволовчи энг яхши доривор сифатида фойдаланилади. Айниқса, қиш ва баҳор фаслида тарвузнинг қуввати от гўштиникига тенглаштирилади. Шу боис, заифлашган танамизни у орқали кучлантиришимиз, иммунитетни оширишимиз мумкин. Шунингдек, тарвузнинг қуритилган пўчоғидан тайёрланган дамлама йўғон ичакнинг ўткир ва сурункали яллиғланишида ёрдам беради. Пешоб ҳайдовчи хусусияти борлиги сабабли юрак ва буйрак касалликлари билан боғлиқ шишларни йўқотади. Шифобахш озуқа сифатида камқонликда, таркибидаги фруктоза эса қонда қанд моддаси кўп бўлганида ҳам организм томонидан яхши ўзлаштирилади, шу боис уни қандли диабетда ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Тарвузнинг халқ табобатида “аччиқ тарвуз” деб аталадиган тури бўлиб, бу тури асосан табобатда ишлатилади. Пишганда эти оқиш бўлиб, таъми бироз аччиқ. Аммо унинг шифобахш хусусиятлари кўп. Ундан танадаги ортиқча моддаларни, қуртларни, айниқса болалардаги гижжаларни туширишда, мигрень ва бошқа хилдаги бош оғриғи, ошқозон касалликларини даволашда фойдаланилади. Ушбу неъмат таркибидаги айрим моддалар терини намлантириш, майинлаштириш ва оқартириш хусусиятларига эга. Бироқ бу тарвузни мутахассис тавсияси билан истеъмол қилиш керак.
Хуллас, айни мавсумнинг бу мўл-кўл ва тансиқ неъматидан тўйиб-тўйиб ейиш организм учун фақат кони фойда.
Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.