Меню
Қашқадарё
ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР СОДДАЛАШДИ
Кўп вақт ўтмай амалий ишларга киришилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 апрелдаги "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Аввал бошдан мазкур ҳужжат лойиҳаси давлат божхона қўмитаси томонидан ҳар жиҳатдан ўрганиб чиқилиб, рухсат берувчи ҳужжатларни қисқартириш юзасидан таклифлар берилгани аҳамиятлидир.
Ушбу фармон билан тадбиркорлик субъектларига жудаям катта қулайлик ва имкониятлар яратилди, десак муболаға бўлмайди. Яъни, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир неча турдаги рухсатномалар бутунлай бекор қилинди, лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари бирлаштирилиб, сон камайди. Шунингдек, айрим рухсатномалар марказлашган тартибда эмас, балки ҳудудларнинг ўзида берилиши йўлга қўйилди.
Аниқ мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил 1 июндан бошлаб "божхона омбори", "бож олинмайдиган савдо дўкони" ҳамда "эркин омбор" фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган тарзда бериладиган бўлди. Илгари бундай лицензиялар божхона органи томонидан чекланган муддат, яъни 5 йилга тақдим этилар эди.
Шунингдек, янги тартибга кўра, агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки бу ҳаракатни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномасини олгандан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт. Авваллари эса тадбиркорлар бундай имкониятга эга эмас эди. Аниқроғи, агар мурожаатчига рад этиш тўғрисида жавоб хати етиб бормаса, у қайтадан мурожаат қилишга мажбур бўларди.
Қолаверса, ушбу фармон билан 2018 йил 1 июндан бошлаб божхона ишига тегишли бир қатор рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Товарларни вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишга, йўқ қилишга, улардан давлат фойдасига воз кечишга, реэкспорт ва реимпорт қилишга доир фаолият бўйича энди тадбиркорлардан рухсатнома талаб этилмайди. Бундан ташқари, хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга ҳамда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинди.
Тан олиш керак, тадбиркорлик субъектлари мазкур рухсатномаларни олиш учун давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига ариза билан мурожаат қилар, бу мурожаатлар божхона органи томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилар ва натижаси бўйича тадбиркорлик субъектларига жавоб хати тақдим этилар эди. Ушбу жараёнга тадбиркорнинг камида 15 кун вақти кетарди.
Мазкур фармон қабул қилингунга қадар, этил спиртининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди орқали транзити учун, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига алюминий кукуни ва қурумини (ТИФ ТН кодлари 760310000, 760320000) олиб кириш учун ҳамда илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш учун тадбиркор божхона расмийлаштируви жараёнида ваколатли давлат органларининг рухсатномасини тақдим этар эди. Тегишли ҳужжат талабларидан келиб чиқиб, бу турдаги рухсатномаларни бериш ҳам 2018 йил 1 июндан бекор қилинди.
Шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар томонидан товарларни божхона ҳудудида ва божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш ҳамда товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида Ташқи савдо вазирлигидан хулосалар олиш талаб қилинмайди. Бунга қадар давлат улуши бор корхоналар мазкур хулосаларни тақдим этгандагина товарларни божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга жойлаштириш имкониятига эга бўлар эди.
Cтатистик маълумотларга назар ташласак, 2017 йил давомида юқорида қайд этилган рухсатномаларни олиш учун тадбиркорлардан жами 270 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 207 тасига рухсатномалар берилган. 2018 йилнинг дастлабки 5 ойида тегишли рухсатномалар олиш учун ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 110 маротаба мурожаатлар юборилган.
Хулоса ўрнида айтганда, жорий йил 1 июндан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бир қатор рухсатномаларнинг бекор қилиниши тадбиркорларга ҳам анча енгиллик бўлди. Шу аснода ортиқча қоғозбозликнинг олди олинди, беҳуда вақт ва маблағ сарфига барҳам берилди. Албатта, ушбу қулайлик ва имкониятлар юртимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига хизмат қилади.
Отабек МАҲМАДАЛИЕВ, вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи