Меню
Қашқадарё
ТАРИХ ДАВР СИЁСАТИГА МОСЛАБ ЯРАТИЛМАЙДИ
Талқин ва таққос
ТАРИХ ДАВР СИЁСАТИГА МОСЛАБ ЯРАТИЛМАЙДИ
Ўтган асрнинг 70-90-йилларида мактабда, сўнгра техникум ва университетда таҳсил оларканман, эл-улусимизнинг "саводсиз" ва "ваҳший" бўлгани, халқимиз ва давлатчиликка оид тарихимиз "бўлмагани", ривожланган социализм, сўнгра коммунизмда яшашимиз, энг бахтиёр халқ эканлигимиз, келажагимиз янада буюк бўлиши ҳақида кўп ва хўб ўқитишган. Шу ўринда, муайян ютуқларга эришилгани, тинчлик, барқарорлик ҳукм сургани ва келажакка ишонч сақланганини ҳам эътироф этмаслик адолатсизлик бўлади. Бироқ ўшанда ўтмишга тош отиш, мафкуравийликнинг илмийликдан устун қўйилиши одатга айланиб қолгандай кўринади.
Айтишларича, қадимги Хитойда диёнатли олиму фозиллардан воқеа-ҳодисаларни ёзиб борувчи тарихчилар тайинланиб, уларнинг ёзганларини император, сарой аҳли ва яқинлари ўқиши мумкин бўлмаган. Янги император эса олдинги тарихни ўзгартиришга ҳақсиз бўлган. Шу сабаб хитойликларнинг тарихий манбалари кўп ва ишончли бўлса керак.
Тарихга назар ташласак, айрим ҳолларда мозий шоҳлар, сиёсий раҳбарларнинг хоҳишу истаги, сиёсий ва иқтисодий вазият, нафақат бугуни, ҳатто ўтмишни ҳам ўз манфаатига хизмат қилдириш мақсадида ёзилганга ўхшайди. Тарихимизга оид фикру хулосалар шунчалик турли-туманки, жавобдан кўра кўпроқ саволларга дуч келасан киши.
Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистоннинг янги тарихини тайёрлаш ва нашр этиш бўйича, Фанлар академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида ва Президентнинг Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш хусусидаги қарорлари қабул қилинди. Бу борада бир қатор тадбирлар ўтказилиб, илмий ишлар ёқланди ва китоблар ёзилди. Ўтган йигирма йилдан ошиқ вақт мобайнида бу қарорлар ижроси қандай бажарилди? Ҳақиқий тарихимизни ярата олдикми? Бу масала давлатимиз раҳбари томонидан нега яна кун тартибига чиқмоқда? Демак, ҳақиқий тарихимизни ўрганиш ва кўп масалаларга аниқлик киритиш борасида ишлар бор!
Тарихни ўрганишга интилиш жараёнида кўплаб мулоҳазалар пайдо бўлади. Аминманки, кўпчилигимиз қуйидаги саволларга жавоб топишни истаймиз.
Биринчидан, табиийки, биз қатори қардош халқлар ҳам ўз миллати ва давлатчилиги тарихини ёзишади. Хусусий тарихни ёзишда қандай қилиб умумий тарихга зарар етказмаслик мумкин? Барча халқлар ўзининг миллати ва давлатчилик тарихи қадимийроқ, буюкроқ эканлигига даъво қилмайдими?
Жадид бобомиз Абдурауф Фитрат "Мухтасар ислом тарихи" асарини "Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир" деб бошлаган. Тарих умумий ва хусусийга бўлиниши, хусусий тарих биргина миллат ва биргина жамиятнинг тарихини ёрита олишини таъкидлаган. Демак, миллатимиз ва давлатимиз тарихини ёзишда бошқа халқлар ўтмишига ҳам ҳурмат билан қараш, умумий тарихни бузмасликка эътибор қаратиш лозим.
Иккинчидан, мўғул салтанатидан мустақил давлатга айланган Олтин Ўрдада 1312-1342 йилларда ҳукмронлик қилган Ўзбекхон давлатининг Ўзбеклар мамлакати, фуқароларининг эса ўзбеклар дейилгани тарихий манбаларда учрайди. Хўш, Ўзбекхон давлати, Дашти Қипчоқда 1428-1468 йилларда ҳукмронлик қилган Абулхайрхоннинг Ўзбек хонлиги ва юртимиз ҳудудида 1500-1601 йилларда ҳукмронлик қилган Шайбоний сулолалар даври ўзбек давлатчилиги тарихига кирадими? Ўзимиз яшаётган ҳудудда милоддан аввалги 240 - милодий 216 йилларда ҳукмронлик қилган Хунлар давлатини, 819-1005 йилларда ҳукмронлик қилган Сомонийлар сулоласи даврини, 1224-1370 йилларда ҳукмронлик қилган Чиғатой улуси ҳукмдорлари даврини давлатчилигимиз тарихига қўшмаслик асослими?
Аксариятимиз ўзимизни Амир Темур, Бобур, Навоий боболаримизгагина дахлдор деб биламиз, асосли равишда фахрланамиз. Аммо, бу кўҳна заминда яшаб ўтган бошқа сулолалар, тарихий шахслар ва элу улусларни ўзимизга "бегона" қилишга ҳаққимиз борми? Чингизийлардан ҳокимиятни биринчи бўлиб тортиб олган амир Қазаған (1326-1350 йиллар) ҳақида нега ёзилмайди? Давлатчилик тарихимизни фақат Темурийлар давлатининг ҳукмронлик даври (1370-1507 йиллар) билан чегаралаб қўйсак адолатдан бўладими?
Учинчидан, Ўрта Осиё ҳудудида яшаётган ҳозирги барча халқларнинг илдизи қадимги суғдийлар, бақтрийлар, хоразмийлар, сак, туркий ва бошқа жойлардан келиб яшаб қолган элу элатларга бориб тақалади. Улар ерли халққа аралашиб, сингиб кетгани хусусида асосланган маълумотлар бўлса-да, бу юртда қайси халқ қадимдан яшагани, "юрт эгаси" ким эканлиги тўғрисида баҳслар асослими? Албатта, ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ ва туркман халқларининг урф-одатлари, маданиятининг ўхшашлиги уларнинг қадимдан ёнма-ён биргаликда яшаб келаётганидан далолат беради.
Ўзбек атамасининг келиб чиқишини Хунлар давлати ҳукмдори Ўғизхонга, Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга, Дашти Қипчоқ хони Абулхайрхон, Шайбонийлар сулоласи ва ҳатто Ўзбекистон ССР билан боғловчилар бор. Назаримизда, ўзбек атамасининг келиб чиқиши қадим тарихга бориб тақалади. Ўзбек номини Ўзбекхон, Абулхайрхон номи билан чегаралаб қўйиш асослими? "Сарт" деган атама қаердан пайдо бўлган ҳамда кимни, қачон ва нима учун сарт деб атаганлар?
Тўртинчидан, тарихий манбалар (Рашидиддиннинг "Жоме ат-таворих", Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома")да ёзилишича, машҳур Аланқува авлодидан бўлган Туманахоннинг эгизак ўғилларидан Қобулхон Чингизхоннинг, Қочувли Баҳодир эса Амир Темурнинг бобоси бўлиб, барлос қабилалари Мовароуннаҳрга Чингизийлар даври (1266 йил)да келган.
"Темур тузуклари"да кўрсатилишича, Туманахон ўғиллари Қобулхон ва Қочувли баҳодир ўртасида аҳднома бўлган. Амир Темур бу ҳақда "Туғлуқ Темурхон мен билан тузган аҳду қарорини бузиб, иккинчи бор Мовароуннаҳр мамлакатига қўшин тортиб келди ва ҳукуматни мендан тортиб олиб, ўғли Илёсхўжага топширди. Мени эса унга бош қўмондон (сипоҳсолор) ва маслаҳатчи қилиб тайинлади. Менга ва Қобулхон Қочувли баҳодир томонидан битилган аҳдномани кўрсатди. Мен улуғ боболаримизнинг сўз ва номаларини қабул қилиб, сипоҳсолорлик қилишга рози бўлдим", деган. Амир Темур ҳокимиятга тўлиқ эгалик қилган бўлса-да, аҳдномага амал қилиб "сохта хон"лар тайинламаганми? Тарихчи олимларимиз бу ҳолатни мозийни ўрганишга ҳаваскорларга қандай тушунтиришади?
Собиқ СССР давлати вақтида аксарият таниқли шахслар ўз аждодларини "ишчи-деҳқон"ларга бориб тақашган бўлса, ҳозирги вақтда бойлар ва эшонларга боғлашади. Амир Темур ва Чингизхонни амакивачча қилиб кўрсатишга ҳаракат қилиш ҳам шунга ўхшаш ҳолатми? Чингизхоннинг онаси Оэлун ва хотини Бўрте туркий халқларнинг қўнғирот уруғидан эканлиги тўғрисидаги маълумотлар бор? Бу фактлар-да асослими? Тарихчиларимиз Чингизхоннинг туркийларнинг қиёт уруғидан эканлиги, айрим қозоқ қардошларимизнинг Чингизхон аждодлари ўзларига келиб тақалиши каби иддаоларига қандай жавоб беришади? Ҳолбуки ўзбек, қозоқ, қирғиз ва туркман халқлари орасида ҳам қиёт-қўнғирот уруғи бор. Қўнғиротлар сулоласи 1804-1920 йилларда Хива хонлигининг бошида турган. Қўнғирот уруғига мансуб юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилишади.
Бешинчидан, Соҳибқирон Амир Темур Европани Усмонли турк салтанати ҳукмдори Боязиднинг, Россия князликларини Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон ҳукмронлигидан озод бўлишига таъсир қилганлиги эътиборга олиниб, Темурийлар даври миллий давлатчилигимиз тимсоли сифатида танланган эмасми? Бу урушларни келтириб чиқаришга четдан туриб таъсир кўрсатганларни ҳам ўрганиш керак. Нега айрим тарихчилар Ҳиндистондаги Бобурий сулолалар даври (1562-1858 йиллар)ни "Буюк мўғуллар салтанати" дейишган? Бу давр миллий давлатчилигимиз тарихига кирадими? "Темур тузуклари", "Бобурнома" ва Гулбаданбегимнинг "Ҳумоюннома" асарларида ўзбекларга қарши урушлар бўлганлиги тўғрисидаги сўзлар учрайди. "Ўзбеклар" дейишганда темурийлар ўзларига бўйсунмаган бекларни назарда тутишганми?
Яқин ўтмишимиздаги Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари тарихини ёзишда мамлакат ичкарисидаги зиддиятлар, диндорларнинг давлат ишларига аралашуви, маҳаллийчилик, ўзаро урушлар, халқу давлатга хиёнат ва сотқинлик, тараққий этган давлатлардан орқада қолганлик ва улуснинг қашшоқлиги бу давлатлар таназзулига сабаб бўлганини кенгроқ ёритиш керак. У вақтлардаги воқеа-ҳодисаларга Россия ва Англия давлатлари қандай таъсир кўрсатган? Назаримизда, бу ўтмишимиз Россия, Хитой, Туркия, АҚШ ва Ғарб давлатлари билан қандай муносабатда бўлишликдан сабоқ беради!
Олтинчидан, ўйлашимизча, СССР даври ва яқин ўтмишимиз тарихини ҳаққоний ёзиш мураккаб жараёндир. Зеро, бу даврнинг бир тарафида ҳурлик, озодлик учун жон фидо қилган "босмачилар", жадидлар, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби давлат арбоблари, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби зиёлилар, иккинчи тарафда эса давру замонга мослашиб яшаган давлат арбоблари, олимлар, ижодкорлар турибди. Икки тарафнинг ҳам авлодлари бор. Униси ҳам, буниси ҳам ўзининг аждодини ҳақ ҳисоблайди. Бундай ҳолатда баҳс-мунозара қандай кечади? Ҳаққоний тарихни ёзишда маҳаллийчилик, гуруҳбозлик ва уруғ-аймоқчиликка йўл қўймаслик учун нима қилиш керак?
Албатта, СССР даврини бир томонлама ёзиш мумкин эмас. XX асрнинг 80-йилларида Ўзбекистонда тергов ишларини олиб борган Т.Гдлян, Н.Иванов кимнинг топшириғини бажаришган? Ноҳақликлар ва инсон қадрининг поймол этилишини кенгроқ ёритиш керак. Шунингдек, "пахта иши", "ўзбеклар иши" ҳақида ёзишда Гдлян ва Ивановнинг биргаликда ёзган "Кремль иши" китобида келтирилган фактларни ҳам ўрганиш лозим. Мустақилликка хизмат қиладиган тарихий масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш керак.
Назаримда СССР вақтида бизга динлар тарихи, пайғамбарлар ҳаёти, ислом дини, оқимлар, суннийликдаги тўрт мазҳаб мазмун-моҳияти, фарқи етарли даражада ўргатилмади. Қуръони карим, ҳадислар, ижмо ва қиёсдан бебаҳра ўсдик. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя қилган, асоссиз баҳслар ва ихтилофлар келиб чиқишига йўл қўймаган ҳолда ёш авлодни ислом нуридан кўпроқ баҳраманд қилиш керакдир? Зеро, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш самарадорлиги тарихда исботланган.
Еттинчидан, Сайфитдин Ахсикатийнинг "Мажмуат таворих", Аҳмад Ибн Масруҳнинг "Насабномаи ўзбек" каби тарихий манбаларида ёзилишича, ўзбек халқи 92 та уруғ (бов, қабила)дан шаклланган. Ушбу уруғлар орасида туркман, қирғиз, хитой, қозоқ, мўғул каби уруғлар ҳам учрайди. Уларнинг ҳозирги туркман, қирғиз, хитой, қозоқ, мўғул халқларига алоқаси борми?
Саккизинчидан, Маҳмуд Кошғарийнинг "Девони луғатит турк" ва бошқа тарихий манбаларда ёзилишича, туркий халқлар қадимдан оромий, сўғд, Хоразм, моний, арахмий, туркий рун ва уйғур ёзувларидан фойдаланишган. VIII асрдан бошлаб араб, эски ўзбек ёзувида иш юритилган. Бу ҳолатлар тарихимиз ҳақидаги манбалар кам бўлишига сабаб бўлмаганми? СССР даври, аниқроғи 1929-1940 йилларда халқимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзган бўлса, кейин кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтган. 1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Айни вақтда ёшлар лотин ёзувида ёзишга ўргатилиб, ёши катталар эса кирилл ёзувида ёзишмоқда. Давлат идораларидаги ҳужжатлар кирилл алифбосида юритилмоқда. Назаримизда, бу борада қатъий тўхтамга келиш, ё унисини, ё бунисини тезроқ танлаш шарт! Акс ҳолда келажак авлодлар ҳам бугунги тарихимиздан чала баҳраманд бўладилар. Азалдан маълумки, ёзувни тез-тез ўзгартириш тарихнинг "қашшоқлашиши"га олиб келади.
Тўққизинчидан, тарихимизни ҳаққоний ёритиш масаласида академик Бўрибой Аҳмедов таъкидлагани каби, араб, форс, хитой ва бошқа тилларда ёзилган манбаларни бемалол ўқий оладиган тарихчи, етук археолог ва антрополог, яхши тилшунос олим, қадимий халқлар ҳақида уларнинг туриш-турмуши, дини, эътиқоди ва бошқа белгиларига қараб илмий хулоса чиқара оладиган этнограф, классик жуғрофия илмини, айниқса, топонимикани яхши билган жуғроф, халқ оғзаки ижодини мукаммал билган фольклорчи олимларнинг биргаликда, бошқа юмушларни йиғиштириб қўйиб, илмий тадқиқот ишлари билан мунтазам шуғулланиши талаб қилинади.
Ўйлаймизки, чет элларда сақланаётган тарихий манбалардан, тарихини ёзишда биз билан "мусобақа"лашаётган қардошларимиз тарихи ва ҳатто "Икки буюк саркарда: Чингизхон ва Амир Темур" асари муаллифи М.Иванинга ўхшаган бизга хайрихоҳ бўлмаганлар, тарих саҳнасига темурийлар ўрнига келган сулола ҳақида ёзилган Муҳаммад Солиҳнинг "Шайбонийнома"си каби асарлар, маълумотлардан ҳам фойдаланиш, уларни бизнинг олимлар ёзгани билан таққослаш ва асосли хулоса чиқариш керак. Ёзилган тарихимизни фақат ўзимиз эмас, бошқалар ҳам эътироф этсин ва тан олсин!
Ўнинчидан, улуғ мақсад, яъни Ватанимиз тарихини ўрганиш, ўтмишга холисона ва ҳаққоний баҳо беришда "буквоедлик"ка, асоссиз баҳс ва ихтилофлар юзага келишига йўл қўймаслик керак.
Шуниси аниқки, тарихимизнинг ҳаққоний ёзилиши, оқ ва қора доғларнинг бирдай кўриниб туриши келгуси авлодлар қайси даврдаги давлат бошқаруви ва қайси аждодларидан ўрнак олишини белгилаб беради. Зеро, тарихдан сабоқ чиқариш нафақат битта миллат ва давлат, бутун инсониятни таназзулга олиб борувчи йўллардан юрмасликка ундайди.
Абдишукур ОМОНОВ