Меню

Қашқадарё

18.02.2020 1791

ТАРАКА-ТАҚСИМ ҚИЛИНГАН ЕР УЧУН КИМ ЖАВОБГАР?

Бугунги кунда давлат бошқаруви органларига келиб тушаётган ҳар беш мурожаатдан иккитаси ер ажратиш масаласида бўлаяпти, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, аксарият тадбиркорлар ёки шу йўналишда иш бошламоқчи бўлган ташаббускорларнинг ҳам асосий дарди шу. Бироқ, ер майдонлари ҳисоб-китобли, ўлчовли. Уни сўраган кишига шундайича бериб юборишнинг имкони йўқ, қонун бор, тартиб бор.

Ҳарқалай мен шундай деб ўйлайман. Аммо атрофга теран назар билан разм солсак, қаловини топган қорни ёқаяпти. Яъни, 3-5 йиллар илгари ўзигагина маълум тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишини айтиб, бу борада жимжимадор лойиҳа ҳам тайёрлаб олган фуқарога маҳаллий ҳокимликлар масъуллари хайрихоҳлик билан ерни ажратиб бераверган. Албатта ҳаммасига эмас, юқорида таъкидлаганимдек, қаловини топганларига. Улардан айримлари ҳар не қилиб ер олган бўлса ҳам қандини урсин, чиройли бино қуриб, муайян тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Аммо шу мақсад учун ажратилган қанча майдон ўз ҳолича ташлаб қўйилган, қанчаси қўлдан-қўлга ўтиб сотилиб ётибди.

Хўш, буни ким назорат қилади, ахир қонун бор-ку, тартиб бор-ку?! Боз устига ер ҳам  беэга, беҳисоб эмас.

Сиз эшитганмисиз, бирор фуқарога тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган ер майдонидан мақсадли фойдаланилмагани ҳолда ҳокимлик ташаббуси билан захирага қайтарилганини? Аксинча, шундайларга баъзи масъулларнинг ўзлари бағрикенглик қилиб "маслаҳат" бериб қолади: тезроқ ажратилган ернинг бирор бурчагида иморат тиклаб ёки теварагига пойдевор қуйиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб олишни. Кейин эса билганини қилаверади.

Ҳолатни таҳлил қилсак, тадбиркорлик субъектлари, ишбилармонларга яқин йилларда аксарият нотураржой учун ерларнинг ажратилишига асос қилиб турли Давлат дастурлари кўрсатилган. Демак, шу бўйича берилган ер майдонларидан фойдаланишда аниқ мақсад кўзда тутилган. Аммо...

 Хабарингиз бор, 2009-2018 йиллар давомида барча туманларда 4, 6 сотих ер майдонига эга намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қурилган. Массивларнинг тайёрланган лойиҳаларида турар жойлар билан бир қаторда, ушбу ҳудудда яшовчи фуқароларга юқори даражада қулайликлар яратиш учун ижтимоий объектларни жойлаштиришга ҳам алоҳида этибор қаратилган. Яъни болалар майдончаси, стадион, боғча, мактаб, хизмат кўрсатиш субъектлари кабилар учун жой қолдирилган. Уйлар-ку қурилди, лекин кўпгина массивларда ижтимоий объектлар учун қолдирилган ер майдонлари тарака-тақсим қилинганига нима дейсиз?!

Қарши туманидаги Узуннаво намунавий лойиҳадаги уй-жойлар массиви пайдо бўлганига анча бўлди. Бу ҳудудда жойлашган 159 та уй 2013-2014 йилларда қурилган. Аввалбошдан массив лойиҳасида мактаб қуриш ҳам, стадиону болалар майдончаси ҳам назарда тутилган чизмаларда. Боғча учун ҳам жой етарли эди, дейишади. Аммо улардан ҳеч бири қурилмаган. Мактаб учун ажратилган ер ҳам, стадионга аталган майдон ҳам эгалик экан бугун. Ҳа шундай, эгалик, лекин мана неча йилдирки ташландиқ бўлиб ётибди. У ерларда дайди итлар изғийди, янтоқ босиб ётибди. Туман масъуллари ўша пайтда анча "узоқни ўйлаган" эканки, ҳудудда массив лойиҳаси қамровига кирмаган анчагина ортиқча очиқ ер майдонлари ҳам қолдирилган. Улар ҳам аста-секин эгасини топаётганмиш. Энди массивда боғча учун ҳам, мактаб учун ҳам, стадион учун ҳам бўш жой қолмаган, ҳисоб.

Адашмасам, белгиланган тартибга кўра нотурар объект учун ер ажратиб берилгач, тадбиркору ташаббускор икки йил ичида ўзи тақдим этган лойиҳа бўйича зарур иншоотни қуриб, фойдаланишга топшириши керак. Лекин, Узуннаво массиви қурилиш лойиҳасида стадион ва болалар майдончаси учун қолдирилгани кўрсатилган ер мана 5 йилдирки ястаниб ётибди. Туман масъуллари аниқ мақсад учун ажратилган ер майдонини қандай қилиб ўзга мақсадларга бериб юборгани бизга қоронғи.

Шу ерда яшовчи аҳоли вакилларининг бир неча бор юқори ташкилотларга қилган мурожаатларига қарамай, шунча йил ўтибди. Лекин ҳеч бир масъул бу масалага ечим бера олган эмаскан. Тўғрироғи, ерни асл мақсад учун қайтариб олишга асослари бўлса-да, журъатлари йўқ кўринади. Журъатсизлик замирида нима сабаблар ётиши эса сизу бизга аён. 

Бу биргина ҳолат. Агар кейинги ўн йилликда қурилган намунавий лойиҳадаги уй-жой массивлари ҳудудлари хатлов қилинса, турли Давлат дастурлари доирасида ишбилармону тадбиркорларга ажратилган ер майдонларидан фойдаланишнинг бугунги ҳолати обдан ўрганилса, кўпчилик мулкдору масъулларнинг пайтавасида қурт ғимирлай бошлаши аниқ. "Ерхўр"лар ҳам бундан буёғига ўзини йиғиштирарди. Лекин, бу ишни ким зиммасига олади? Ўраб олинган ҳайҳотдай ер майдонларининг айримлари ўша назорат учун масъул ваколатли идоралар "уддабурон"ларию "ҳамкор"ларига тегишли чиқиб қолмасмикан?  

Ўз мухбиримиз  

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!