Меню

Қашқадарё

01.10.2021 2234

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЧИНАКАМ БЕЛГИСИ ЮРТ ТАРБИЯЛАГАН ИНСОН ҚИЁФАСИДА НАМОЁН БЎЛАДИ

Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деганларидек, аслида бу ҳаётда устоз ёки шогирд мақомида бўлмаган кишини топиш қийин. Устоз отангдек улуғ, деган ҳикмат замирида ҳам катта ҳаётий ҳақиқат мужассам. Чунки инсоннинг бу дунёга келиши, ҳаётда ўз ўрнини топишида ота-она қанчалик муҳим ўрин тутса, устозларнинг хизмати сабаб у янада юксалади, такомиллашади, равнақ топади.

Қуйида устозлар ҳақидаги мадҳу мақтовлардан иборат сўзлардан тийилдик.  Аслида-ку бу улуғ зотлар шаънига ҳар қанча эзгу сўзлар, тилаклар ёғдирсак арзийди, бироқ бунинг ўрнига "Дурдоналар" тўпламидан таълим-тарбия ҳақидаги, кучли, буюк инсонлар шаклланиши хусусидаги фикрлар орқали ушбу шарафли иш ортида турган шахсларни улуғлашни ният қилдик.

Фил бирор нарсани топтаса агар, бунинг учун доим филбон жавобгар.

Хусрав Деҳлавий

Дастурхонга овқат тўкмаслик яхши тарбияни билдирмайди, кимдир тўкиб юборсаю, уни кўрмаганликка олиш - тарбия.

Чехов

Меъёридан ортиқ берилган доридан наф бўлмагани сингари, адолат меъёри чегарасидан чиққан дашном ва танқиддан ҳам наф йўқ.

Артур Шопенгауэр

Ахлоқий тарбиядан аввал одамга ақлий тарбия бериш жамият учун хавфли.

Теодор Рузвельт

Ўқиш - тарбия деб аталувчи гулнинг фақат биргина гулбарги, холос.

Сухомлинский

Ўзингизга бўлган ишончга путур етказмоқчи бўлганлардан қочинг. Бу майда одамларга хос қусур. Буюк одамгина, сизнинг ҳам буюк бўла олишингизга кўнглингизда ишонч туғдиради.

Марк Твен

Тарбия ишида ўз-ўзини такомиллаштириш жараёнига катта ўрин берилмоғи лозим. Инсоният мустақил ўрганиш туфайлигина тезроқ тараққий этган.

Герберт Спенсер

Агар сиз болаларнинг шўхликларига йўл бермасангиз, билингки ҳеч қачон донишмандларни дунёга келтира олмайсиз.

Жан Жак Руссо

Масъулият ҳисси чин инсонларга хос. Сен айбдор бўлмасанг-да, ўзгалар қашшоқлигидан уял. Дўстлар ютуғидан қувон, фахрлан. Ўз томорқангда ер чопа туриб, дунё чорбоғини обод қилаяпман, дея ўйла.

Антуан де-Сент Экзюпери

Инсон табиатини ўзгартириб бўлмайди, тарбиянинг буюк сири ва буюк кучи, у хулқдаги ҳар жиҳатни, ҳатто нуқсонларни ҳам эзгуликка йўналтира олади.

Жорж Санд

Тарбиянинг бош вазифаси одамни яхши хатти-ҳаракатларга ундаш эмас, балки ўша яхшиликлардан ҳузурланишга ҳам ўргатишдир; фақат ишлабгина қолмай, ишни севиш ҳам керак-да, ахир.

Жон Раскин

Аввалига биз болаларимизни ўргатамиз. Сўнг ўзимиз улардан ўрганамиз. Кимки буни хоҳламас экан, ўз давридан орқада қолади.

Ян Райнис

Одамни бахтли бўлишга ўргатишнинг иложи йўқ, лекин уни бахтиёр бўла оладиган даражада тарбиялаш мумкин.

А.Макаренко

Педагогикани инсон ҳақида эмас, балки бола ҳақидаги илм деб ҳисоблаш қўпол хатолардан биридир.

Януш Корчак

Беҳисоб бойлиги юксак илму фан, серҳашам қурилишлару мўл-кўл ноз-неъмат - бари-бари беҳуда: юрт тараққиётининг чинакам белгиси фақатгина ўша юрт тарбиялаган инсон қиёфасида намоён.

Ралф Эмерсон

Буюк сиймолар ҳар доим ўртамиёна нусхаларнинг шиддатли қаршилигига учрайдилар.

Альберт Эйнштейн

Тарбиянинг бемаъни томони шундаки, тарбияга муҳтож бўлмаганларнинг ўзлари, унинг таъсирида осон ўзгарадилар.

Фозил Искандар

Ҳозир болалар ўйнамайдилар, ўқийдилар. Улар доимо ўқийдилар, ўқийдилар ва ҳеч қачон яшашни бошламайдилар.

А.Грин

Ҳақиқий тарбия қоидаларда эмас, машқлардадир.

Жан Жак Руссо

Халқнинг бахт-саодати болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ.

Жон Локк

Агар устозга бўлган ҳурмат уни мутлақ илоҳийлаштиришга ўтиб кетса, бу ёмондир.

А.Любишчев

Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир.

Эпиктет

Одам каср жадвалига ўхшайди, одамнинг ўзи каср сурати бўлса, маҳражи эса ўзи ҳақидаги фикридир. Маҳраж қанчалик катталашгани сари каср шунчалик кичиклашади.

Лев Толстой

Эскига мурожаат этиб, янгини кашф этишга қодир одам, ўқитувчи бўлишга лойиқ.

Конфуций

Яхши тарбия миллатнинг буюк одамларини кўпайтиришга, қолган фуқароларини эса соғлом фикрли ва ақлли қилиб етказишга қодир.

Гельвеций

Муаллим айтган сўзни қайтариш билан унинг издоши бўлиб қолиш қийин.

Д.Писарев

Яхши ўқитувчи бўлиш учун нимани ўқитсанг - ўшанга, кимни ўқитсанг - ўшаларга меҳр қўймоғинг зарур.

В.Ключевский

Мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантириш устахонасидир: агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасанг, мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғинг лозим.

Анри Барбюс

Одам қанчалик истеъдодли ва қобилиятли бўлса, у шунчалик ғазабланиб ва қийналиб ўқитади.

Цицерон

Ўртача ўқитувчи баён этади. Яхши ўқитувчи тушунтиради. Машҳур ўқитувчи кўрсатади. Буюк ўқитувчи илҳомлантиради.

А.Уорд

Ким менинг хатоларимни кўрсатса - у менинг ўқитувчим; ким менинг тўғри қилмишларимни очиқ билдирса - у менинг дўстим; ким менга хушомадгўйлик қилса - у менинг душманим.

Сюнь-Цзи

Халқ учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир.

Ж.Дантон

Бир соатлик иш бир кунлик тушунтирувдан кўра кўпроқ нарса беради, чунки мен болани устахонада машғул қилар эканман, унинг қўллари ақли учун ишлайди: у ўзини бор-йўғи ҳунарманд ҳисоблагани ҳолда файласуфга айланади.

Жан Жак Руссо

Ўқувчини меҳнат қилишга ўргат, уни нафақат меҳнатни севишга, у билан шундай уйғунлашишга кўниктиргинки, токи меҳнат унинг вужудига сингиб кетсин, уни шунга ўргатки, унинг учун ўз кучи билан бирон-бир нарсани билиб ололмаслик ақлга сиғмайдиган ҳолат ҳисоблансин; у мустақил ўйламоғи, изламоғи, ўзини кўрсатмоғи, ўзининг уйғонмаган қобилиятларини ривожлантирмоғи, ўзини собитли инсон қилиб етиштирмоғи лозим.

А.Дистервег

Болаларга ўқитилаётган дарслар уларнинг ёшига мувофиқ келмоғи лозим, акс ҳолда, уларда ўзбилармонлик, ўзига бино қўйиш, мағрурланиш касали хавфи туғилади.

Иммануил Кант

Тарбия таълимдан устун туради. Инсонни тарбия вояга етказади.

Антуан де-Сент Экзюпери

Тарбиячи ўзининг қайсидир эҳтиросига эрк берар экан, унинг эҳтиросларни жиловлаш ҳақидаги гаплари фойдасиз; ўзи йўл қўядиган иллат ёки номуносиб одатларни шогирдларида тугатишга уриниши ҳам самарасиз бўлиб чиқади.

Жон Локк

Агар яхшилаб тарбия берилса, яхшилаб совитилса, энг ҳуркак тойлардан энг учқур бедовлар чиқади.

Плутарх

Ўз нодонлигини муаллимларни айблаш билан оқлайдиганлар аслида ўз билганларича ҳеч нима қила билмайдиган ва ўзлари боришлари лозим бўлган жойга қулоқдан тортиб олиб боришларини кутиб ётадиган кимсалардир.

А.Добролюбов

 

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!