Меню

Қашқадарё

13.06.2024 7496

"Тарағай баҳори" фестивали туман даражасидаги тадбирми?

Нуқтаи назар

Июнь ойининг дастлабки саналарида Чироқчи туманининг энг чекка ва тоғли ҳудудларидан бирида  "Тарағай баҳори" фестивали ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, пурвиқор Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган Тарағай қишлоғи нафақат ўзининг тарихий қадамжолари, балки бетакрор табиий манзаралари, боғдорчилик ва зироатчиликда эришаётган ютуқлари ҳамда миллий таомлари, ноёб анъана ва қадриятлари билан машҳур бўлиб, айни пайтда катта туристик салоҳиятга ҳам эга.

Шу боис ҳам ушбу қишлоққа "Туризм қишлоғи" мақоми берилиб, Президентимизнинг 2022 йил 27 январдаги тегишли қарори билан тасдиқланган "йўл харитаси"га асосан бу ерда ҳар йили баҳор фаслида "Тарағай баҳори" фестивалини ўтказиб бориш белгиланган эди.

Бу йил иккинчи маротаба ўтказилган фестивалда иштирокчилар очиқ осмон остидаги музей, дея эътироф этиладиган қишлоқнинг бой тарихий, маданий мероси, миллий таомлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишишди. Бир томонда миллий қадриятларни ўзида мужассам этган халқ ўйинлари барчани ўзига чорлаган бўлса, яна бир ёнда чанқовуз ноласию, бахшиларнинг хонишларидан диллар яйради.

- Қишлоғимизда ҳунармандчиликнинг бир қатор турлари ривожланган, - дейди ҳунарманд Дилфўза Мўминова. - Масалан, ўзим жундан гиламлар тўқийман. Ҳеч қандай буёқларсиз тайёрланадиган бу гиламлар хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ҳам қизиқтириши табиий. Шунингдек, қишлоғимизда қўл меҳнати асосида бошқа бетакрор буюмлар ясайдиган ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Агар ҳудудимизга сайёҳлар оқими кўпайса, биз ўз маҳсулотларимизни маҳаллий ва хорижий туристларга тўғридан-тўғри реализация қилиш имконига эга бўламиз. 

Дарҳақиқат, фестивални ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам Тарағайнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва ҳудудга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган. Чироқчи тумани ҳокимлиги эса бу ишни юқори савияда амалга оширишга ҳаракат қилгани кўриниб турибди, аммо фестивалдаги томошабинларга назар ташласангиз, уларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли вакиллари экани аён бўлади. Қашқадарёнинг қолган ҳудудлари, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келган меҳмонлар жуда кам, чет эллик сайёҳларни эса умуман учратмадик. 

Эҳтимол, бунга "Тарағай баҳори"нинг тағин ёзга қолиб кетгани ёки қишлоққа олиб борадиган йўлнинг аҳволи ёҳуд соҳа масъулларининг бу муҳим тадбирга эътиборсизлиги сабаб бўлгандир.  Аммо, қандай бўлмасин, Чироқчидаги фестиваль бу йил ҳам туман даражасидаги тадбирдан нарига ўтолмади, деган ҳаёлга борасан киши. Ваҳоланки, "Тарағай баҳори" фестивали кўп жиҳатдан айнан ўзбекистонлик ва хорижий туристларнинг ўзлари учун янги сайёҳлик манзилини кашф этиши, қолаверса, уни ижтимоий тармоқларда кенг тасвирлаши ва пировардида Тарағайга меҳмонлар оқими кенгайиши учун ўтказилган эди.

Cобир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!