Меню

Қашқадарё

02.06.2016 2248

ТАРҒИБОТ АВТОКАРВОНИ: ТЕЗЛИК –УМР ЗАВОЛИ

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган мазкур тадбирда “Тарғибот автокарвони” асосий кўчалар орқали ҳаракатланди ва аҳоли гавжум жойларда, хусусан, бозорлар, истироҳат боғлари олдида тўхтатилиб, ЙПХ ходимлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигига доир тушунтириш ишлари олиб борилди. Жумладан, белгиланган қоидаларга амал қилмаслик, тезликни ошириш қандай салбий оқибатларга олиб келиши аниқ мисоллар ёрдамида батафсил кўрсатиб ўтилди.

- “Йўл қоидаси – умр фойдаси”, дея бежиз айтилмаган, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори Лутфулло Эсонов. – Негаки, йўл ҳаракати қоидалари фақат ва фақат йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унинг шу мақсадга хизмат қилмайдиган бирор банди йўқ. Демак, озгина эътиборсизлик билан қараб ушбу талабларнинг бирига риоя этмаслик ҳам фалокатга олиб келади. Шу каби масалаларни фуқароларга етказиш бўйича кўплаб тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз. “Тарғибот автокарвони” бу борадаги ишларимизнинг бир ифодаси.

Остона ҳатлаб йўлга чиқар эканмиз, яна эсон-омон ўз уйимизга қайтишни ният қиламиз. Бироқ биргина ҳайдовчининг йўл қоидаси талабларига эътиборсизлиги, машинасининг техник созлигига бефарқлиги ёки биргина йўловчининг эҳтиётсизлиги нафақат ўзининг, балки бошқа бегуноҳ кишиларнинг ҳам ҳаётига таҳдид солиши мумкин. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса айни шу жиҳатга урғу бериш орқали барчани яна бир бор огоҳлик, ҳушёрликка, йўл ҳаракати қоидаларига эътиборли бўлишга чорлайди.

Азизбек НОРОВ

Суратда тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!