Меню
Қашқадарё
ТАРҒИБОТ, ҚАРШИ КУРАШ ЎЗ ЙЎЛИГА, ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛАЁТГАН ОМИЛЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ КЕРАК
30 июль - Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни
Халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, ҳар йили дунё миқёсида 2 миллион 700 мингдан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Айниқса, бу турдаги жиноятдан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ва ёш болалар ташкил этаётгани ташвишли ҳолдир.
- Одам савдоси - ноқонуний, ғайриинсоний хатти-ҳаракат. У билан аксар ҳолларда уюшган жиноий гуруҳлар шуғулланади, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходими Файзулла Норов. - Вилоятимизда 2020 йилнинг ўтган даврида одам савдоси билан боғлиқ жиноий ҳолатлар, шу турдаги хатти-ҳаракат содир этган жиноятчилар ва ундан жабрланганлар сони 2019 йилнинг мос даврига нисбатан камайди.
Қайд этиш жоиз, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, ушбу турдаги жиноятлар билан шуғулланаётган уюшган жиноий гуруҳларни аниқлаш, уларнинг жиноий ҳаракатларини ҳужжатлаштириш ва ўз вақтида фош этиш юзасидан қатор профилактик ва тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида одам савдоси билан боғлиқ 2 та жиноий ҳолат аниқланиб, улар доирасида айбланувчилар сони 7 нафарни, жабрланган шахслар сони эса 2 нафар (вояга етмаган гўдаклар)ни ташкил этади.
- Бундан ташқари, одам савдоси фигуранти сифатида қидирувда бўлган 6 нафар шахсни ушлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари олиб борилиб, уларнинг 2 нафари қўлга олинди, - дейди Файзулла Норов. - Муқаддам одам савдоси жиноятларини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳозирги кунда пробация ҳисобида турган, жазо муддатини ўтаётган 19 нафар маҳкумга нисбатан профилактик тадбирлар амалга ошириб борилмоқда.
Одам савдоси турли кўринишларда намоён бўлади. Кузатувлардан шу нарса аёнки, бизда унинг чақалоқ (бола) сотиш, турли йўллар билан чет элга юбориб жинсий ёки жисмоний қулликка мажбурлаш каби кўринишлари кўп учрайди. Ҳар қанча тарғибот, унга қарши кураш олиб борилмасин бу турдаки жиноятлар йўқолмагани факт. Шундай экан, мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда учраётган одам савдосига оид жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилиш, бартараф этиш чораларини кўриш бу борада кўпроқ самара беради, чамамда.
Шоҳиста БОЗОРОВА