Меню
Қашқадарё
Танлов ғолибларининг мукофотлари адлия бошқармаси аралашувидан сўнггина тўлаб берилди
Матбуот анжумани
Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Ғузор, Косон, Китоб, Миришкор, Нишон туманлари босқичларида совринли ўринларни қўлга киритган мактабларга мукофот пуллари маҳаллий ҳокимликлари томонидан тўлаб берилмаганлиги аниқлангач, вилоят адлия бошқармаси томонидан тегишли таъсир чоралари қўлланган. Шундан сўнг айрим ҳокимликлар томонидан маблағлар ихтиёрий равишда тўлаб берилган, қолган ҳолатлар бўйича эса судларга даъво аризалари киритилиши таъминланди.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев маълум қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва кенгашларининг “Е-қарор” электрон тизими орқали қабул қилинаётган қарорлари ва фармойишлари вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мониторинг қилиб бориш жараёнида ҳокимликларнинг жами 66 та қонунчилик ҳужжатларига номувофиқ бўлган ҳужжатлари аниқланди. Уларнинг 20 таси ҳоким қарори, 42 таси ҳоким фармойиши ва 4 таси кенгаш қароридир.
Ушбу қарорларни бекор қилиш ёки мувофиқлаштириш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликларига жами 30 та таъсир чоралари кўрилиб, 9 та ҳужжат бекор қилинди.
- Инсон ҳуқуқларини ҳимоя килиш соҳасида 2024 йилнинг биринчи чораги давомида фуқаролардан 360 та мурожаат келиб тушган, - дейди Салоҳиддин Нуриев. - Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт–шароитлар бартараф этилиб, 568 миллион сўмлик маблағ ўз эгаларига қайтарилди. 3 нафар айбдор ходимлар интизомий ва 10 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.
Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.