Меню
Қашқадарё
ТАНҚИДДАН СЎНГ ЧИҚИНДИ ТАШИБ КЕТИЛДИ, ЙЎЛ УЧУН АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒ ЭСА КАМЛИК ҚИЛАДИ
Акс-садо
"Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 24 январдаги сонида эълон қилинган "Янги Нишонга хос бўлгану мос бўлмаган манзаралар" сарлавҳали мақола юзасидан Нишон тумани ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:
"Мазкур фотолавҳада Янги Нишон шаҳридаги айрим носоз кўчалар ва чиқинди уюмлари акс этган. Туман ҳокимлиги томонидан ҳолат ўрганилди ва лавҳада долзарб масала кўтарилгани қайд этилди.
Дарҳақиқат, Байналминал МФЙ ҳудудидаги кўчалар анча йиллар олдин асфальт қилинган бўлиб, бугунги кунда таъмирлашни талаб этади. Айни пайтда туман бўйича жами 191,4 километр масофадаги йўл носозлиги аниқланган. Жорий йилда йўлларни таъмирлаш учун давлат бюджетидан 1 миллиард 52 миллион 291 минг сўм маблағ ажратилган. Шундан туман ва шаҳар марказлари кўчаларига 300 миллион 88 минг сўм (1,33 километр), қишлоқ аҳоли пункти кўчаларига 532 миллион 800 минг (5,95 километр), шаҳар типидаги посёлка кўчаларига 219 миллион 403 минг сўм (2,47 километр) сарфланиши кўзда тутилган. Демак, бу маблағ бор-йўғи 10 километр йўлни таъмирлашга етади. Шундан 2 километрида асфальтлаш ишларини бажариш назарда тутилган.
Юқоридагилардан кўринадики, тумандаги ички йўлларни таъмирлаш катта маблағ талаб этади. Шу боис манзилли дастурда энг носоз йўлларни таъмирлашга эътибор қаратилади.
Фотолавҳада акс этган яна бир ҳолат - Юксалиш МФЙ ҳудудидаги чиқинди уюми бўлиб, мазкур ҳолат бартараф этилди. "Тоза ҳудуд" ДУК туман филиали томонидан чиқиндилар ташиб кетилди".