Меню

Қашқадарё

25.06.2019 1735

ТАНҚИД САҲИФАНИ БЕЗАШ ЁКИ КИМНИНГДИР НОМИНИ ҚОРАЛАШ УЧУН ЭМАС

Аслида, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиш, одамларни қийнаб келаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни, камчиликларни кўтариб чиқиш, уни юзага келтирган сабабларни, ҳолатларни очиб ташлаш жуда қийин иш. Аммо ёзган материалингда халқнинг дилидаги гапни айтмасанг, кўпчиликнинг тинкасини қуритган, илдиз отиб кетган муаммоларни олиб чиқмасанг, қонунбузарликларни фош этмасанг, бундан жамиятга, оддий одамларга нима наф?! Журналистнинг маҳорати ҳам, нашрнинг салоҳияти ҳам ана шундай мақолаларни ёзишда, уни эълон қилишда, кенг жамоатчиликка етказишда кўринади.

Йил бошидан буён "Qashqadaryo"да ҳам кўплаб ана шундай мақолалар чоп этилди. Улар асосида айрим муаммолар ўз ечимини топган бўлса, кўтарилган чиқишларга шунчаки қўл силтаб қўйган  "тепса тебранмас" масъуллар ҳам бор. Натижада қаламга олинган қатор  муаммолар илдиз отса отаяптики, бартараф этилган эмас.

Қуйида ўтган қарийб ярим йил давомида газетада эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларга яна бир қур назар ташлаймиз.

"ВИРТУАЛ МАКОНДА ҲОКИМГА ЖОЙ ЙЎҚМИ?"

Газетанинг 29 январь сонида шу сарлавҳа билан мақола эълон қилинган эди. Унда муаллиф вилоятимиз шаҳар ва туманлари ҳокимликларида ахборотлар билан ишлаш даражаси ўта қониқарсиз эканлиги, ҳатто улар оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган, бевосита ўзига тегишли бўлган танқидий мақола ва фикрларга ҳам бирор муносабат билдирмаслиги, ҳамиша жим туришни афзал билиши ҳақида куюниб ёзади. Бу борада бир қатор асосли далиллар келтиради.

Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари кўнгилдагидек ишламаётгани, улардаги маълумотлар йиллар давомида янгиланмаслиги, ҳатто кўпига кириш имконияти ҳам йўқлиги танқид қилинган эди. "Ваҳоланки "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак", дея ёзади муаллиф.

Хўш, орадан қарийб беш ой вақт ўтди. Нима ўзгарди?

Мақолада номлари санаб ўтилган шаҳар ва туманлар ҳокимликлари одатига содиқ ҳолда бу гал ҳам на мақолага муносабат билдирди, на унда тилга олинган камчиликларга эътибор қаратди. Ҳали ҳам айрим ҳокимликлар веб-сайтларидаги охирги янгилик 2015 йилда киритилган ҳолида турибди. Айримларини очмоқчи бўлсангиз "Не удается получить доступ к сайту" деган ёзувга дуч келиб, ҳафсалангиз пир бўлади. 

"БИР ЕР УЧАСТКАСИ ИККИ КИШИГА БЕРИЛГАНМИ?"

"Фуқаро Ирода Ботирова 2017 йил бошида тадбиркорлик бошлаш учун Қарши туманининг Чаман ҚФЙ Мустақиллик қишлоғи ҳудудидан аукцион савдоси орқали ер сотиб олди. Қарийб икки йиллик югур-югурлардан сўнг уни расмийлаштириш билан боғлиқ барча ҳужжатлар ҳал этилиб, энди қурилиш бошлай деганда ернинг бошқа эгаси ҳам чиқиб қолди.

Маълум бўлишича, 2009 йилда туман ҳокимлиги худди шу ерни фуқаро Сардор Қодировга ҳам деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ажратиб берган экан. Унинг ҳам барча ҳужжатлари қонуний.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг йўл қўйган бу қўпол хатоси учун энди фуқаролар сарсон-саргардон. Яъни, ер ажратиш тўғрисидаги ҳар иккала қарор ҳам қонуний, энди ҳокимлик ўз қарорини ўзи бекор қила олмас эмиш".

Газетанинг 1 февраль сонида чоп этилган "Бир ер участкаси икки кишига берилганми? Агар шундай бўлса ҳокимлик бундан қандай мақсад кўзлаган?" номли мақолада мазкур ҳолат қаламга олинган. Унда муаммонинг пайдо бўлиши сабаблари баён этилиб, мутахассисларнинг, масъулларнинг изоҳи тингланган. Ҳокимликнинг муаммони ўзидан соқит қилишга уриниши ортидан ҳар икки фуқаро  йиллар давомида оввораю сарсон эканлиги таъкидланган.

Муаммони кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишдан мақсад унга мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш, ечим топилишига кўмаклашиш эди. Хўш, орадан беш ойга яқин вақт ўтди, натижа нима бўлди?

Фуқаро Ирода Ботированинг маълум қилишича, муаммо кўтарилганидан сўнг туман ҳокимлиги масъуллари ҳолатга эътибор қаратиб, унга бошқа ердан жой беришибди. Бундан икки фуқаро ҳам рози. Яхши, туман ҳокимлиги муаммони кеч бўлса-да ҳал этибди. Аммо бу ишни шунча гап-сўзларгача ҳам қилиш мумкин эди.

"БОЗОРДА СОТИЛАЁТГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТИНИ КИМ ТЕКШИРАДИ?"

Газетанинг 5 февралдаги сонида худди шундай сарлавҳали мақола чоп этилганди.

Унда бозорлардан сотиб олиб, истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, истеъмолга яроқли ёки яроқсизлиги қай тартибда ва ким томонидан текширилиши хусусида сўз юритилади.

Белгиланган тартибга кўра, бу вазифа Давлат ветеринария қўмитаси таркибига кирувчи Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавф-сизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига юклатилган.

Марказ бевосита деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари орқали бозорда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланган тартибда текшириши ва ижобий хулосага эга бўлган маҳсулотларнинг сотилишига рухсат бериши керак.

Лекин вилоятимизда бундай лабораториялар сони амалда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозорлар сонидан жуда кам. Борлари ҳам ҳаминқадар.

Мақолада ушбу лабораторияларнинг фақат расмиятчилик учунгина ишлаётгани, ҳеч бир маҳсулотни белгиланган талаблар бўйича текшириб кўрмаслиги фош этилган.

Хўш, Марказ масъуллари бу ҳолатга нима дейди? Лабораторияларнинг рисоладагидек ишлаши учун қандай чоралар кўрди? Ҳеч қандай, ҳамон эски ҳаммом, эски тос.

Лаборатория мудирларидан бирининг мақолада номи тилга олингани учун раҳбарият ишдан бўшатмоқчи бўлаётганини айтиб, таҳририятга иддао билан келганини демаса, Марказ муаммога эътибор қаратгани йўқ.

"ҚУРУҚ ҲИСОБОТЛАРГА ТИРКАЛГАН ИЖРО АМАЛДА НИМАНИ ЎЗГАРТИРАДИ?"

 

Маълумки, 2016 йил 11 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Қашқадарё вилоятининг Нишон туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди.

Ушбу қарор билан тасдиқланган тегишли дастурда уч йил ичида туманда мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилиши ва пировард натижада 3600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши қайд этилганди.

Белгиланган муддат тугаб, дастур якунланди. Хўш, Нишонда нима ишлар қилинди, қандай янги лойиҳалар амалга оширилди, улар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, одамларнинг турмуш-тарзини қанчалик ўзгартирди?

Газетанинг 29 январдаги сонида чоп этилган мақолада шу ҳақда сўз боради.

Муаллиф туманда дастур асосида қилинган ишларни ўрганар экан, белгиланган лойиҳалар ҳисоботларда деярли тўлиқ амалга оширилгани, аммо бу туман ҳаётида, одамларнинг турмуш-тарзида акс этмаётгани, сабаби ишларнинг аксарияти фақат қоғозда бажарилганини баён этади. Бунга кўплаб асосли далиллар келтиради.

Биз ваколатимиз доирасида бор ҳолатни жамоатчилик эътиборига ҳавола этдик. Қолгани эса масъулларга ҳавола. Токи, улар жим тураверар экан, туманда бажарилган дея ҳисоботларга тиркалган бошқа ишлар ижросига ҳам шубҳа туғилади.

"АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА МУНОСАБАТ ШУМИ?"

Газетанинг 12 март сонида шу сарлавҳа остида мақола эълон қилинган эди. Унда Муборак тумани Гулшан қишлоғида жойлашган "Туркистон" қишлоқ врачлик пунктидаги қониқарсиз аҳвол ҳақида сўз боради.

Таъкидланишича, "қишлоқ врачлик пункти 2100 нафардан зиёд кишига хизмат кўрсатиши керак. Беморларга биринчи тиббий ёрдам, тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактика ишларини олиб бориш, ҳомиладор аёлларни ҳар ойда текшириш, чақалоқлар ва болаларни даврий тақвим бўйича эмлаш, зарур ҳолларда беморларни туман тиббиёт бирлашмасига йўналтириш каби ўнлаб вазифаларни бажариш зарур бу ерда. Амалда эса...

ҚВПнинг иккита хонасида беморлар кундузи ётиб даволаниши учун 5-6 каравот қўйилган, холос. Олий маълумотли шифокор йўқлиги, хоналар совуқлиги боис беморлар бу ерда ётишдан кўра, уйида даволанишни афзал кўришади".

Шунингдек, мақолада мазкур муассасадаги яна қатор камчиликлар санаб ўтилган.

Аммо на туман тиббиёт бирлашмаси, на вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мақолада келтирилган ҳолатларга муносабат билдирмаганидек, мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратгани йўқ.

АМАЛДА КИМНИ БОЙ ҚИЛАЯПМИЗ?

Маълумки, бугун Президент ва ҳукумат томонидан  аҳолининг ишбилармонлик кўникмасини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали одамларнинг реал даромадларини кўпайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Улар асосида оилавий тадбиркорликни йўлга қўяман деган киши учун тижорат банклари томонидан кам фоизли кредитлар тақдим этилаяпти. Аммо ўрнатилган тартибга кўра, ушбу кредитлар тўғридан-тўғри фуқаронинг ўзига эмас, балки таъминотчи корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Натижада таъминотчи корхоналар вазиятдан фойдаланиб, етказиб бераётган товар (хизмат)лари нархини жуда ошириб олишган. Улар уч ярим, тўрт миллион сўмлик харажат талаб этиладиган 1 сотихлик оддий иссиқхонани имтиёзли кредит эвазига 7 миллионга қуриб бераяпти. Бозордан 800 мингга олса бўладиган битта қўйни бир ярим миллиондан сотишмоқда. Битта бузоқнинг нархи 8 миллион сўмгача бор. Боиси, аҳоли шунга кўнишга мажбур, бошқа танлаш имконияти йўқ.

Газетанинг 12 апрель ҳамда 18 июнь сонларида чоп этилган "Имтиёзли кредит, қиммат конструкция ва бечора томорқачи" ҳамда "Кредит имтиёзлию, даромад имконсиз. Ёхуд мақсад оддий аҳолини бой қилишми ёки таъминотчини?" сарлавҳали мақолаларда ана шу муаммолар хусусида сўз боради.

Бироқ масъул ташкилотларни бу ҳолат қизиқтиргани, бирор бир бошқа ечим ҳақида бош қотириб кўришгани йўқ. Жабрини эса кредит олиб, тадбиркорлик қиламан, қўшимча даромад топаман, дея орзу-ҳавасларга берилган оддий аҳоли тортмоқда.

* * *

Шунингдек, газетанинг 16 апрель сонида "Сектор штаби учун "Нуронийлар маскани"дан бошқа жой йўқми?", "Давлат муҳофазасидаги тепалик майдонида "участка" кўтараётганлар ким?", 30 апрель сонида "Амалда йўқ амалиёт", "Пул олишни билган шароит ҳам яратиши керак эмасми?", 14 май сонида "Уруш қатнашчилари шарафланган "Шуҳрат қўрғони" шуҳрати нега ўчди?", 24 май сонида "Одина масжиди ёнидаги хиёбондан нега файз кетмоқда?", 4 июнь сонида "Туя гўшти еган пеня ёхуд Қаршида табиий газ истеъмолчиларини нима саросимага солаяпти?" сарлавҳали ва бошқа яна кўплаб танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Аммо улар асосида очиқланган  ҳолатлар, айтилган муаммолар ечимига бевосита масъул бўлган ташкилотлардан ҳеч бир муносабат ёки айтарли ҳаракат бўлмади. Бу нимани англатади? Уларнинг мушугини "пишт" дейдиганлар йўқлигиними ёки матуботдан бехабарлигини? Нима бўлганда ҳам журналист касб вазифасини бажаришда давом этади. Уни танқидий мақолалари учун ёмон кўрадиганлар, бир кун келиб бу қарашлари хато эканлигини англайди. Ваҳоланки, асослантирилган, адолатли ва холис танқидни ёза олган журналист аслида МЕНГА ҳам, СИЗГА ҳам, УНГА ҳам дўст! 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!