Меню

Қашқадарё

03.12.2019 1143

ТАМАГИР ШИФОКОРГА ТИЗИМДА ЎРИН ЙЎҚ

Муносабат

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, Қашқадарёда рўй берган деб иддао этилаётган "Давлат туғруқхоналарида шифокорларнинг пора олиши давом этмоқда" сарлавҳали видеотасвирли танқидий хабар юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:

"Видеотасвир сифатсиз олингани сабабли унда акс этган ҳолат қаерда содир бўлганини аниқлаш имкони бўлмади.

Аввал хабар қилинганидек, вилоятнинг барча тиббиёт муассасаларида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги  томонидан қабул қилинган қарор ва буйруқлар ижросини қайтадан ишлаб чиқиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилган.

Президентнинг 2018 йил 25 декабрь куни ўтказилган йиғилишда берган кўрсатмаларига асосан  мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган туғруқ комплексларидаги тамагирлик ва коррупция ҳолатларини кескин бартараф этиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган йўл харитаси асосида вилоятда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш чоралари белгиланмоқда. Мазкур йўл харитаси асосида назорат гуруҳлари ташкил этилган. Ҳар бир туғруқ муассасасида жамоанинг энг обрўли 7 нафар вакилидан иборат "Устозлар кенгаши" гуруҳлари ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда хотин-қизлар қўмитаси раиси  бошчилигида, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Нуроний" жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, прокуратура вакиллари, ҳудуддаги МФЙ раислари, тиббиёт бирлашмаси раҳбаридан иборат "Жамоатчилик назорати гуруҳи"  фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қанчалик билимли, малакали ва моҳир бўлмасин, тамагир мутахассисга тизимда ўрин йўқ, деб билади. Шу сабабли ҳар бир тиббиёт ходимига ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашиши нафақат ўзининг ва жамоасининг, балки ахборот майдони чегара билмаётган айни шароитда юртининг шаъни, обрў-эътибори билан боғлиқлиги батафсил тушунтирилмоқда.

Тиббиёт ходимларининг коррупцияга алоқадор хатти-ҳаракатлари бўйича ҳар бир мурожаатнинг жиддий ўрганилиши кафолатланади".

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!