Меню

Қашқадарё

19.04.2019 1567

ТАЛИМАРЖОН ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНАДИ

Вилоятимизнинг энг чекка манзилларидан бири бўлган мазкур ҳудудга дастлаб 1960-1970 йилларда Қарши чўлининг ўзлаштирилиши, Талимаржон сув омбори қурилиши муносабати билан одамлар келиб, яшай бошлаган. Шундан сўнг бу аҳоли пунктида жуда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ижтимоий соҳа объектлари, турар жойлар қурилди. Янги корхоналар ташкил этилди. 1975 йилда Талимаржонга шаҳар мақоми берилди ва у бу мақомга чиндан ҳам муносиб кўринишга келганди. 1988 йилда шаҳарга яқин ҳудудда мамлакатимиздаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири - Талимаржон ИЭС қурилиш ишлари бошланиши билан эса шаҳар янада гавжумлашди.

- Айни пайтда Талимаржонда 4 та маҳалла мавжуд, - дейди шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Дилшод Раҳимов. - Уларда 2 минг 210 хонадон, 2 минг 533 оила бор, 10 минг 747 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, шаҳарда сўнгги йилларда кўплаб янги объектлар, бинолар қурилди. Аммо асосий иншоотлар, коммуникация тизимлари муддатини ўтаб, таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Мисол учун, шаҳардаги 105 та кўп қаватли уйнинг 102 таси 1963-1968 йилларда қурилган. Яна учтаси эса 1985 йилда бунёд этилган. Шунингдек, аҳоли, хонадонлар сонининг ўсиши билан электр тармоқларидаги носозликлар кўпайди, мавжуд трансформаторларга юкламалар ортди. Йўл ва сув тармоқлари ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Вилоят ҳокими томонидан Талимаржон шаҳрини обод шаҳарга айлантириш бўйича "йўл харитаси"нинг тасдиқланиши бу борадаги кўплаб муаммоларни бартараф этиш имконини беради.

"Йўл харитаси"га асосан шаҳардаги 105 та кўп қаватли уйларнинг том, фасад қисмини мукаммал таъмирлаш, янги иситиш тизимларини ишга тушириш, атрофини ободонлаштириш, ҳудудда болалар учун ўйин ва спорт майдончалари қуриш, янги трансформаторлар ўрнатиш, мавжуд трансформаторлар, ҳаво электр тармоқлари, табиий газ қувурлари, сув ва сувоқова тизимларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, газлашмаган аҳоли хонадонларига "зангори олов" олиб бориш бўйича бажариладиган ишлар белгилаб олинди.

Айни пайтда Талимаржон шаҳрида иккита (4- ва 34-сонли) ўрта таълим мактаби бўлиб, уларда 1759 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 34-мактаб биноси 2006 йилда қурилган бўлса, 4-мактаб бундан роппа-роса 52 йил аввал, яъни 1967 йилда бунёд этилган. Ҳар иккала мактаб таъмирталаб ҳолда, қуввати эса ўқувчилар сонига қараганда анча паст.

Ободонлаштириш ишлари жараёнида ушбу мактаблар тубдан таъмирланиб, янги қиёфа касб этади. 34-мактабда 216 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилади. Қолаверса, Талимаржон саноат ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежининг бир қисмини мактабга мослаштириб, янги синфхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, олиб бориладиган ишлар доирасида шаҳардаги 1986 йилда қурилган 20-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш, маҳаллий бюджет ҳисобидан битта янги 220 ўринли,  давлат-хусусий шериклик асосида яна битта 100 ўринли боғча ташкил этиш ҳамда 4 та уй боғчалари очиш режа қилинган.

 Бундан ташқари, "Йўл харитаси"да шаҳарга кириб келишдаги ва шаҳар ичидаги автомобиль йўлларини, маҳалла гузарлари, истироҳат боғлари, масжидлар, давлат ва жамоат ташкилотлари биноларини таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, янги иншоотлар барпо этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланганки, бу шаҳарни том маънода обод манзилга айлантириш имконини беради.

Буларнинг барчаси ҳозирча режа ва у тўлиқ бажарилгачгина натижаси шаҳарнинг обод ва кўркамлигида, фаровонлигида акс этади. Буни қанчалик даражада амалга ошириш эса масъул ташкилотлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатига, жонкуярлигига боғлиқ.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!