Меню

Қашқадарё

31.01.2020 2182

ТАЛИМАРЖОН ИЭС ШУ ЙИЛНИНГ УЧИНЧИ ЧОРАГИДА ХУСУСИЙЛАШТИРИЛАДИ

Хорижий сармоя

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Бирлашган Араб Амирликларининг "Mubadala" компанияси билан "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятининг мавжуд энергоблокларини хусусийлаштириш ва янгиларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди.

Бу ҳақда хабар тарқатган вазирлик мутасаддилари келишувда Талимаржон энергетика комплексини хусусийлаштириш, ривожлантириш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишнинг механизмлари ва шартлари белгиланганини билдиришмоқда. Уларнинг таъкидлашича, мазкур корхонанинг акцияларини сотиб олиш ва хусусийлаштириш 2020 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, мамлакатимиз ҳукумати ва БААнинг "Mubadala" давлат инвестиция компанияси, шунингдек, унинг  шуъбаси бўлмиш "Masdar" компанияси ўртасида республикада электр станциялари қуриш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича дастлабки келишув ўтган йилнинг март ойида Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида имзоланган эди. Ушбу ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш доирасида 2019 йил июнь  ойида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва унинг қувватини янада ошириш концепцияси муҳокама қилиниб, лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий механизмлари ишлаб чиқилди.

Хусусийлаштирилаётган корхона тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Талимаржон иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблоки - қуввати 800 мегаваттга тенг ноёб мажмуа 2004 йил ноябрь ойида ишга туширилган. 2016 йилда эса мазкур объектда Жанубий Кореянинг "Hyundai Engineering and Construction" ва "Daewoo International Corporation" компаниялари консорциуми томонидан ҳар бирининг қуввати 450 мегаваттни ташкил қиладиган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Ҳозир корхонада умумий қуввати 900 мегаваттдан кам бўлмаган яна иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этиш йўли билан ИЭСни кенгайтириш бўйича йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилаяпти. Уни рўёбга чиқариш учун Осиё тараққиёт ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкларининг кредитлари жалб қилинган.

Мамлакат Президентининг тегишли қарорига мувофиқ "Талимаржон ИЭС" унитар корхонаси акциядорлик жамияти этиб қайта ташкил этилган, унинг 100 фоиз акциялари "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятига тегишли.

 "Талимаржон ИЭС" акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этадиган "Mubadala" компаниясининг инвестиция портфели эса 200 миллиард долларга тенг бўлиб, унинг таркиби - ёқилғи-энергетика тармоғи, ахборот-коммуникация технологиялари, металлургия, аэрокосмик секторлари, тоғ-кон саноати ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларидаги активлардан иборат. Ўз навбатида бу инвестиция холдингининг бўлинмаси ҳисобланган "Masdar" дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи компаниялардан бири бўлиб, мамлакатимизда ҳам умумий қуввати 100 мегаваттга тенг фотоэлектр станциясини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини бажармоқда.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида ўтказилган учрашув чоғида "Masdar" компанияси билан 400 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!