Меню

Қашқадарё

05.09.2022 3775

ТАЛАБАЛИК БАХТИ, ҲАЯЖОНИ, ҚУВОНЧИ...

Жараён

Бугун Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Талабалик бахти, ҳаяжони, қувончи, масъулияти... Илк бор шундай номга сазовор бўлган ёшларнинг ажиб онларига ҳамоҳанг тарзда кечган ушбу тадбир барчага завқ-шавқ улашди.

Дастлаб, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоровнинг янги ўқув йили бошланиши муносабати билан олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабаларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Сўнгра, ўқитувчилар, адиблар ўз дил изҳорларини билдирдилар. Шодиёналар, қувончли онлар куй-қўшиқларга уланиб кетди.

 - Мустақиллик ва таълим бир-бирига узвий боғлиқдир. Сабаби биз таълимда қайси маррани эгаллаган бўлсак, буларнинг барчаси истиқлол берган имконият туфайли эканлиги тарихий ҳақиқатдир. Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, соҳага инновацияларнинг кенг жорий этилгани, янги авлод ўқув дарсликларининг яратилаётгани бунга мисолдир.

- Бу йилги қабул ҳар йилгидан бошқача бўлди, - дейди институт проректори Отабек Бозоров. - Техникумларнинг илк қалдирғочлари, яъни биринчи битирувчиларидан 176 нафари суҳбат асосида институтга иккинчи курсдан талабаликка тавсия этилди. Бундан ташқари, 2022/2023 ўқув йилида кундузги бўлимга 2265 нафар абитуриент, сиртқи бўлимга эса 984 нафар абитуриент талабаликка лойиқ кўрилди. Яна бир маълумот, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим бўйича талабаликка тавсия этилганлар 397 нафарни ташкил қилди.

 Институтда ўқув илмий-инновацион полигон, форсайт маркази ва инкубация маркази ҳам фаолият юритмоқда. 2021/2022 ўқув йилида Давлат илмий-техник дастурлари доирасида умумий ҳажми 1 миллиард 403 миллион сўмлик жами 2 та инновацион тижоратлаштириш лойиҳалар бажарилди, 10 дан ортиқ илмий ихтиролар учун патент олинди. 6 та стартап лойиҳа танлов ғолиби бўлди.

Институт талабалари ва ёш олимларининг турли танловлардаги иштироки жуда самарали бўлди. 2 нафар талаба “Мирзо Улуғбек ворислари”, яна 2 нафар ёш тадқиқотчи “Бўлажак олим” танлови ғолиблигини қўлга киритди. “Ниҳол” талабалар театр-студияси республика танловида совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади. 5 нафар талаба номдор стипендиялар соҳиби бўлди. Институт талабалари “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ва спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Институт ютуқлари бисёр, уларнинг янада салмоқли бўлишига ишонамиз. Талабаларга эса ўз олдиларига қўйган юксак марраларни забт этишларида кучли ирода, катта муваффақият ва улкан зафар ёр бўлишини тилаймиз.

Абдураззоқ МУРОДОВ

 Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!