Меню

Қашқадарё

16.08.2019 1711

ТАЛАБА ТАДБИРКОРЛИКНИ ҲАМ ЭПЛАМОҚДА

Бунинг бугунги ҳаётимиздаги инъикосини ҳам кўп кузатамиз. Турли қийинчиликлару машаққатларга қарамай, ўз олдига қўйган мақсади сари дадил одимлаган ва юқори натижаларни қўлга киритаётган кишилар орамизда ҳам кўп.

Касбилик Қаҳрамон Абдураҳмонов 25 ёшда. У ҳар доим олдига юқори мақсад қўяди ва бор куч-шижоати билан ана шу истак йўлида одимлайверади.

У ёшлигидан яхши ўқишга, билим олишга ҳаракат қилар, шу билан биргаликда, техникага, айниқса, электр жиҳозларини таъмирлашга қизиқиши баланд эди. Ана шу омил уни турли электр буюмларининг ишлаш тартибини билишга, уларни таъмирлашни ҳунар сифатида мукаммал эгаллашга ундади.  Ҳаракатлари самара бериб, бир неча йил ичида бу ишнинг барча сир-асрорларини ўзлаштириб олди. Шу билан биргаликда, олий маълумот олиш, назарий билим ва тажрибага эга бўлиш ҳам унинг асосий мақсадларидан бири эди.

Қаҳрамон икки йил муқаддам шу мақсади йўлида ҳам катта қадам ташлади, яъни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига ўқишга қабул қилинди. Ҳозир бу даргоҳда ўзи танлаган соҳанинг барча сир-асрорларини ўрганмоқда. Шу билан бир қаторда, аллақачон қизиқиши доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошлашга ҳам улгурган.

- Анча йилдан буён мустақил равишда турли буюмлар, жумладан, электр двигателларни таъмирлаш билан шуғулланиб келаман, - дейди у. - Аммо зарур ускуналарим бўлмагани боис, бу фаолиятни профессионал тарзда йўлга қўя олмай келаётган эдим. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг ташкил этилиши бу режамни амалга оширишда қўл келди. Ўз бизнес-режам билан "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг туман бўлимига мурожаат этдим. Лойиҳам маъқулланиб, фаолиятни бошлашим учун зарур бўлган 300 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди.

Ёш тадбиркор ушбу маблағга кичик ва катта қувватли электр двигателларни таъмирлаш учун зарур бўлган технологияларни харид қилиб,  бизнес фаолиятини бошлади. Қўшимчасига 6 нафар мутахассисни ишга жалб этган.

Айни пайтда Қаҳрамон Абдураҳмонов раҳбарлик қилаётган хусусий корхонанинг вилоятимиздаги бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан у ердаги фойдаланилаётган электр двигателларнинг бир маромда ишлашини кўрикдан ўтказиш, носозларини таъмирлаш бўйича шартномалари мавжуд. Даромад ҳам шунга яраша.

Ёш тадбиркор келгусида бизнес ишини янада кенгайтириш, ўз корхонасини ҳудуддаги электр буюмларни таъмирлаш хизматини кўрсатувчи энг йирик субъектлардан бирига айлантиришни мақсад қилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!