Меню
Қашқадарё
ТАЛАБ ОШМОҚДА, ТАКЛИФ ҲАМ
Бунинг замирида эса аввало мамлакатимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожи учун қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилгани, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бир қатор қўшимча имтиёзлар бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани мужассам.
Бунда айниқса, туман ва қишлоқларда, чекка-чекка ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳамиятга молик. Бу орқали қишлоқларни ҳар томонлама тараққий эттириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини янада яхшилаш кўзда тутилган.
Яккабоғ туманилик Дурбек Узоқов мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига яратилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланди. У жорий йилнинг биринчи чорагида туман марказида гўзаллик салони ва келинлик либослари дўконини очиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
- Бугун қишлоқларимиз қиёфаси, унда мавжуд шарт-шароитлар ва инсонларнинг бекаму кўст турмуши учун яратилган инфратузилма энг олди шаҳарлардаги билан ҳам бўйлаша олади, - дейди тадбиркор. - Бир сўз билан айтганда, замонавий ва фаровон ҳаёт эпкини қишлоқларда муқим эсмоқда. Биз ҳам талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишимизда янгиликка қўл урдик ва қисқа фурсатда доимий мижозларга ҳам эга бўлдик. Ҳозирда 3 нафар кишини иш билан таъминлаганмиз.
Ёш ишбилармоннинг келгусидаги режалари бисёр. У фаолиятини янада ривожлантириб, кенгайтиришни мақсад қилган.
Шаҳрисабз туманидаги “Ҳирот йўллари” хусусий корхонаси раҳбари Ғиёсиддин Баҳодиров асосан сутни қайта ишлашга ихтисослашган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Кейинчалик хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам қўл уриб, икки ой аввал 600 ўринли тўйхона қуриб, фойдаланишга топширди.
- Ўзбекнинг нимаси кўп - яхши кунию тўю тантанаси кўп, - дейди у. – Айниқса, одамларнинг яшаш фаровонлиги ортганини ана шу тўйларда кўраман. Чунки, халқимиз яхши кунию топган-тутганини эл-юрт билан баҳам кўришга одатланган. Тўйхонамизда ана шундай хурсандчилик тадбирлари ҳар кун ўтаяпти. 6 нафар киши мижозларга намунали хизмат кўрсатаяпти. Дарвоқе, яқинда музқаймоқ дўконини ҳам ишга туширдик. Бу билан эса яна икки нафар кишининг бандлигини таъминлашга эришдик.
Ҳақиқатан,тўйларни муҳташам тўйхоналарда ўтказиш учун бугун ҳар бир қишлоқда етарли шароит бор. Кейин, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар сизнинг сўровингизга “лаббай” деб турибди.
Яқинда Нишон тумани марказида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси очилди. Унда ўн нафарга яқин киши ишли бўлди.
- Ҳозирги вақтда деярли ҳар оила ўзининг шахсий машинасига эга, - дейди тадбиркор Шуҳрат Лукчаев. – Тан олиш керак, у аллақачон кишиларнинг энг яқин дастёрига айланиб улгурди. Бироқ техника барибир техника-да, уни вақти-вақти билан техник назоратдан ўтказиб туриш лозим. Шу нуқтаи назарда мавжуд талабни ўрганиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйдик. Шунингдек, мижозларга қулайлик бўлиши учун устахона яқинида умумий овқатланиш шохобчасини ташкил этдик. Энди устахона учун энг замонавий ускуналарни харид қилишни, ишимизни такомиллаштириб боришни режалаштириб турибмиз.
Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши аҳоли турмушининг фаровонлашуви билан ҳамоҳанг кечади. Истиқлол йилларида халқимиз ҳаёти тубдан яхшилангани хизмат кўрсатиш турларига талабнинг ортиб боришида ҳам кўзга ташланаётир. Бунга ишбилармонларимиз “лаббай” деб тургани эса бандлигу ўзаро манфаатдорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Аслида шуниси биз учун аҳамиятли.
Азизбек НОРОВ