Меню

Қашқадарё

17.10.2017 1969

ТАЛАБ БЕЛГИЛАНГАНУ НАЗОРАТ ЙЎҚ

Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, эндиликда ушбу автомобиль йўлидан вазнига кўра “Howo”, “MAN”, “КамАЗ”, “МАЗ”, “TATRA” сингари ўндан ортиқ русумдаги оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин эмас.

Бундан кўзланган мақсад шуки, мазкур автомобиль йўлидан келажакда ҳам мақсадли фойдаланиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, оғир вазнли юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш ҳамда йўл ҳолатини сифатли сақлашдан иборат.

Мазкур тартиб кучга кирганига бир ярим ой бўлаяпти ҳамки, бу йўлда ҳали-ҳамон оғир вазнли юк автомобиллари қатнаб юргани ҳар қандай кишини ҳайрон қолдиради. Ҳолбуки, бу йўналишда тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилганига ҳам анча бўлди. Бироқ ҳаракат ўша-ўша. Хўш, нега? Нима сабабдан бу йўлда ҳаракатни чеклашга у қадар жиддий киришилмаяпти? Ваҳоланки, тегишли қарорда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси зиммасига ҳам юклатилган.

Мазкур бошқарманинг йўл назорати бўлими бошлиғи Шаҳриддин Қўшоқовнинг айтишича, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур автомобиль йўли, йўлга кесишган ҳамда туташган жойларда ҳар бир ўққа тушадиган вазни 11,5 тоннадан юқори бўлган автомобиллар ҳаракатини тақиқловчи йўл белгилари ва огоҳлантирувчи паннолар қўшимча ахборот белгилари билан белгиланган тартибда ўрнатилган ва оғир юк ташувчи автомобиллар ҳаракати қатъий назоратга олинган.

Бироқ шу йўлда юрган киши борки, бу гапларга у қадар қўшилмайди, ишонмайди. Чунки амалда оғир вазнли транспорт воситалари тегишли қарор қабул қилинмасидан бурун қандай ҳаракатланган бўлса, ҳозир ҳам шу тарзда давом этаяпти.

6 октябрь куни ушбу автомобиль йўлининг 11-километрида қатновни бир соатча кузатиб турдим. Қисқа вақт ичида бу ердан ўндан ортиқ юк ташувчи автомобиллар ўтди. Қарангки, мендан сал олдинроқда хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходимлари ҳам автомобиллар ҳаракатини назорат қилаётган экан. Қизиғи, шу орада ўндан зиёд оғир юк транспорти ўтган бўлса-да, уларнинг бор-йўғи биттасигина тўхтатилиб, протокол тузилган, холос. Хўш, буни қандай тушунмоқ керак?

- Бугун бир ҳайдовчини тўхтатиб, протокол тузганимиз билан эртаси куни бошқа “сменшик” ҳайдаб келади ёки юк машинасини бошқариб бошқа ҳайдовчи ўтади, - дейди вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси алоҳида йўл-патруль хизмати катта инспектори, сержант Натиф Ҳамидов. – Уларга тегишли тартибда жарима белгиланса-да, шу йўлдан барибир юраверишади. Ўтаётган юк машиналарининг аксарияти “пустой”. Уларга қатнаш мумкин, чунки юк ортилмагач, ҳар бир ўққа тушадиган оғирлик 11,5 тоннага етмайди.

Масъулнинг ана шу изоҳи бизни ўйлантирди. Хўш, оғир вазнли транспорт воситалари юклими, юксизми, бу йўлдан қатнаши мумкинми-йўқми?

- Бугун йўлларимизда оғир юк ташувчи автомобиллардан асосан “MAN”, “Howo”, “Shacman” русумли транспорт воситалари ҳаракатланади, - дейди “Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси бўлим бошлиғи Жамол Қулаҳмедов. - Уларнинг ҳар бирининг оғирлиги 15 тоннадан кам эмас, 26 тоннагача юк олиши мумкин. Демак, бунда ўз-ўзидан бир ўққа 11,5 тоннадан зиёд юк тушади. Бундай оғирликдаги юк машиналари йўлларимиз сифатига жиддий таъсир кўрсатади. Шу боисдан ҳам вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан Қарши-Чим-Чироқчи -Шаҳрисабз автомобиль йўлидан бу каби транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланди. Мақсад – йўллар ҳолатини сифатли сақлаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш.

Шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг айтишича, бу йўлдан ўтаётган юк машиналарининг аксарияти гўёки тегишли рухсатнома олиб, шаҳар ичкарисида ишлаётган қурилиш ташкилотларига қум, шағал етказиб бераётган экан. Ахир, йўл белгиларига қатъий риоя этиш оғир юк ташувчи барча транспорт воситаси учун бир хил эмасми, қарорда ҳам “мулкчилик шаклидан қатъи назар” дея белгилаб қўйилган-ку. Буни ҳайдовчилар ҳам билади, айниқса, қоронғи тушиб, назорат сусаядиган пайтда бу йўлдан фаол ҳаракатланишаяпти.

- Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз автомобиль йўлидан ҳаракатланишга аслида юк ортилганига ҳам, “пустой”ига ҳам рухсат берилмаслиги керак, - дейди Шаҳриддин Қўшоқов. - Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида тунги вақтларда халқаро аҳамиятга эга йўлнинг ҳаракатни ажратувчи бетон тўсиқлар бўлмаган қисмларида юк автомобилларининг ҳаракатини тўлиқ чеклаш чоралари кўрилаяпти. Бу турдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

Кўринаяптики, мазкур йўлда ҳаракатни чеклаш борасида ҳали йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ўзида якдил қараш йўқ. Кимдир ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тартибга солиш учун оғир юк транспортлари умуман бу йўлда юрмаслиги керак, деб фикр айтса, кимдир бошқача фикрда. Бошқача фикрда бўлганларнинг бу йўлдан ўтаётган оғир юк транспорт воситалари қатновининг давом этишидан нима манфаати бор, тушунмайсан киши.

Ўзи умуман, оғир юк транспорт воситалари эндиликда қайси йўлдан юриши керак? Қарорда бу масаланинг ҳам жавоби келтирилган. Яъни эндиликда оғир вазнли юк ташувчи автомобиллар М39 “Тошкент – Термиз” ва А-380 “Ғузор-Қарши-Бухоро-Нукус-Бейноу” автомобиль йўллари орқали ҳаракатланади. Ўйлаймизки, бу юк автомобиллари учун ҳеч қандай  муаммо ва ортиқча харажатни юзага келтирмайди.

Маълумки, вилоят ҳокимининг қарори шунчаки, номига қабул қилингани йўқ. Мақсад – узоқни кўзлаб тартиб билан иш тутиш. Шундай экан, ҳар ким ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши лозим. Мазкур йўлда автомобилларнинг айрим турлари учун ҳаракатнинг амалда чекланиши эса йўл-патруль хизмати ходимларининг масъулиятни англаган ҳолда назорат олиб боришларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Биз эса ўзгаришларни кузатиб борамиз...

Мусо МУРОДОВ 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!