Меню

Қашқадарё

12.04.2016 2295

ТАКСИЧИЛИК 10 КАРРА МАСЪУЛИЯТЛИ ИШ, АММО...

 

Шунда йўловчи ўша жамоат транспорти, хусусан, такси ҳайдовчиси ким бўлишидан қатъий назар у билан манзилига соғ-омон етиб боришга умид қилади. Таъбир жоиз бўлса, автотранспортни бошқараётган одам қўлига ҳаётини ишониб топширади. Шундай экан, ўз ўрнида, таксичи ҳам буни чуқур ҳис этиши, нафақат ўзининг, балки автомобили салонидаги барча инсоннинг соғлиғи, ҳаёти учун масъул эканлигини теран англаб етиши лозим. Аммо...

Шуниси ачинарлики, айрим йўналишсиз такси ҳайдовчилари томонидан транспорт воситаларини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариш, белгиланган тезлик талабларини бузиш, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмаслик, техник носоз ҳолатдаги транспорт воситаларида ҳаракатланиш каби қоидабузарликлар содир этилаётгани оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда (йўналишли таксилар алоҳида мавзу).

Мисол учун, 2016 йилнинг 3 март куни соат 15:30 ларда Косон тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 (Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау) автомобиль йўлининг 94-километрида қайғули ҳодиса содир бўлди. Такси ҳайдовчиси ўз бошқарувидаги давлат рақами 70 084 ТТВ бўлган автомобиль билан йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, шу томондан ҳаракатланаётган, давлат рақами 70 J 551 FA бўлган “Нексия” русумли автомобилга бориб урилди. Натижада ҳар икки ҳайдовчи ва шу автомобиллар салонида бўлган барча йўловчилар воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, 2011 йил 18 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Йўналишсиз таксилар фао­лиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги қарори қабул қилиниб, унинг асосида “Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, йўналишсиз таксини бошқариш учун ҳайдовчи «В» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик стажига эга бўлиши шарт. Шунингдек, иш вақтида улар фаолият учун тегишли лицензия карточкасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтказилгани тўғрисида белгилар қўйилган йўл варақасига эга бўлиши керак.

Бундан ташқари, ҳайдовчи йўловчиларни таксига ўтқазишни ва ундан туширишни таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларида, тегишли ҳаракатдаги таркибнинг тўхташига рухсат берилган кўча-йўл шохобчалари участкаларида амалга ошириши лозим. Бу талаблар бажарилмаса, ҳайдовчига нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки маъмурий чора қўлланилиши белгиланган.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, йўналишсиз такси ҳайдовчиси юридик шахс мақомидаги уюшмага аъзо бўлиши керак. Ҳайдовчи уюшмага аъзо бўлса, унинг соғлиғи ҳам, техника воситасининг ҳолати ҳам доимий назоратда бўлади. Зеро, ушбу жамоат транспортидан фойдаланаётган фуқаролар йўлда бирор-бир тасодифий кўнгилсизликка учрамаслиги биринчи навбатда айнан техниканинг созлигига ва ҳайдовчининг саломатлиги жойида бўлишига боғлиқ.

Аммо мавжуд қоида ва тартибларни бузиб, юқори тезликда ҳаракатланиб бораётган, автомобили салонидаги йўловчилар тақдирини сира ўйламай олдиндаги машинани ўнг томондан қувиб ўтаётган, навбатдаги мижози билан телефон орқали манзилга соат нечада етиб боришини бемалол муҳокама қилиб кетаётган такси ҳайдовчиларини кундалик ҳаётимизда кўп учратамиз. Улар кутилмаганда, шу сонияларда қандайдир кўнгилсиз воқеа содир бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ваҳоланки, ҳар бир қоидабузарлик оқибати фалокат, фожиа билан тугаши эҳтимолдан холи эмас.

Бундан ташқари, узоқ йўлга қатнайдиган таксиларга озми-кўпми ишимиз тушади. Одатда кўпчилигимиз таксичи қанча тез ҳайдаса, шунча хурсанд бўламиз. Бироқ, дейлик Қаршидан Тошкентгача бўлган 500 километр йўлни босиб ўтиб, у ёқдан мижоз чиқиб қолса, дам олишни бир четга суриб, яна ортга қайтадиган таксичилар кўп учрайди. Улар Қаршидан яна мижоз чиқиб қолса, шу онда Тошкентга кетишга ҳам тайёр. Ўйламайдики, у ҳам инсон, уйқу элитиши мумкин. Натижаси эса нима бўлиши мумкинлиги ўзингизга аён.

Рақамларга эътибор қаратинг. Жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида йўловчи ташиш фаолиятида фойдаланилаётган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига, автомобилларни жиҳозлаш талабларига риоя этишини ўрганиш мақсадида қатор ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда 86 марта рейд ўтказилди. Бу рейдларда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишда фойдаланилаётган 27565 та транспорт воситасининг техник ҳолати, ҳайдовчиларнинг лицензияси ва бошқа ҳужжатлари ўрганилди. Таассуфки, шунда айнан йўналишсиз такси  ҳайдовчилари томонидан 566 марта қоидабузарлик содир этилганлиги аниқланди.

Масалан, “Эшпўлат Сардор транс” хусусий корхонаси аъзоси қамашилик Юсуф Эшмуродов 16 март куни ўз бошқарувидаги давлат рақами 70 849 ТТА бўлган “Нексия” русумли автомашинасида қувиб ўтиш қоидасини бузган чоғида, нишонлик ҳайдовчи, “Нодирбек Эъзоз Барака” МЧЖ аъзоси Суюн Боймуродов 12 март куни давлат рақами 70 366 ТТА бўлган “Нексия” русумли автомашинасида тезликни белгиланганидан оширган пайтда тўхтатилган. Қарши шаҳридаги “Имкон транс Насаф” МЧЖ аъзоси Аваз Атақуловнинг қоидабузарлиги ҳаммасидан ўтиб тушди. Жорий йилнинг 15 январи куни у маст ҳолатда давлат рақами 70 029 ТТВ бўлган “Нексия” русумли автомашинасини бошқариб келаётганида тўхтатилган. Бу каби қоидабузарлар, наҳотки, ўзларининг бепарволиклари ортидан кимдир азият чекиши, бегуноҳ инсонларнинг хонадонида бевақт аза очилиши, мурғак болалар етим қолиши, оналар айрилиқ азоби ичра оҳу нола чекишига сабаб бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўришмаса?

566 та қоидабузарлик… Бу ҳали фақат давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан аниқлангани. Аниқланмагани қанча. Кўзни шамғалат қилгани қанча.

Яна бир гап. Биз йўловчиларнинг ўзимиз ҳам йўналишсиз такси ҳайдовчиларининг қоида бузишига хайрихоҳлик қилаётгандекмиз. Масалан, Тошкентдан ёки бошқа вилоятлардан уйга қайтаётсак ёки ўша ёқларга ишимиз тушса, ярим соат бўлсаям тезроқ боришни хоҳлаймиз. Гоҳида таксичини машинани тезроқ ҳайдашга ундаймиз. Аксинча, айтмаймизки, ҳай, ҳайдовчи қоидани бузма, ярим соат эрта бўлмаса, ярим соат кечроқ етиб борармиз. Энг муҳими, соғ-омон манзилга боришимиз керак, деб. Ҳайдовчининг, ўзимизнинг ҳаётимиз эмас, нима иш билан бораётган бўлсак, ўша муҳимдек гўё. Агар таксичи тезликни оширгани учун йўл ҳаракат хавфсизлиги ходими уни тўхтатса, таксидан тушиб олиб, ҳайдовчининг ёнини олишдан ҳам тап тортмаймиз. Бу ҳаракатимиз билан ҳайдовчига далда бўлаётганимизни, уни яна йўл ҳаракати қоидаларини бузишга рағбатлантираётганимизни англамаймиз ҳам.

Йўналишсиз таксилар билан содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг асл сабаблари эса ана шулар – таксичининг йўл ҳаракати қоидаларига, таксини жиҳозлаш талабларига беписандлиги, биз йўловчиларнинг эса бепарволигимиз. Бу қанчалик мудҳиш оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини эса ўша Косон тумани ҳудудида содир бўлган воқеа яққол кўрсатиб турибди.

Шундай экан, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг вазифаси деб ўйламасдан, бунга ҳар биримиз ўзимизни масъул деб ҳисоблайлик. Йўналишсиз такси ҳайдовчилари қоидага амал қилмаса, биз йўловчилар улардан буни талаб қилайлик. Шунда ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам турли кўнгилсизликлардан асрашга ҳисса қўшган бўламиз. 

Лутфулло ЭСОНОВ, Вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!