Меню

Қашқадарё

24.10.2024 573

Такрорий экин, экспортбоп ҳосил, мўмай даромад

Бир контур - бир маҳсулот          

Халқимизда "Ерни боқсанг, ер сени боқади", деган нақл бор. Жумла бир қарашда деҳқончилик билан шуғулланувчи кишиларга қаратилган қисқа чақириқдай туюлса-да, маъноси кенг қамровли: ерни озиқлантириш, ишлов бериш, экин экиш, ҳосил етиштириш - барча-барчаси ҳақида ўйлашга ундайди, ишга илм ва тажриба билан ёндашиш зарурлигини англатади. Шундай қилинса, ер яхшигина даромад манбаига айланиб, турмуш фаровонлигига хизмат қилишига ишора бор бу нақлда.

Маълумки, кейинги йилларда жойларда аҳоли учун қўшимча даромад манбаини яратиш, айниқса ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни доимий юқори манфаатли фаолиятга жалб этиш орқали улар бандлигини таъминлашга оид қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар ортидан аввалида боқимандалик мақомида турган кимдир янгидан ўз бизнесини йўлга қўйган, яна бирови касбга ўқитилиб, ишли қилинган бўлса, кўпчилик хайрихоҳларга деҳқон хўжалиги юритиш учун ижара асосида қишлоқ хўжалиги экин ерлари ажратилди.

Албатта, томорқада деҳқончилик қилиш билан кенг далада ҳосил етиштиришнинг айтарлича фарқи бор. Ҳовлисида шунчаки рўзғор учун экин-тикин қилиб юрган киши энди катта майдонда мўмай даромад учун ишлаши керак. Бунда сифатли уруғликка, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воситалар ва сув каби ресурсларга, мутахассис маслаҳатига эҳтиёж бўлади. Кейин, етиштирилган маҳсулотни сотиш учун кафолатланган бозорни ҳамма ҳам топиши мушкул. Буларсиз муайян натижага эришиб бўлмаслиги аниқ. 

Ана шулардан келиб чиқиб, бугун Қашқадарёда "Бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш амалиёти кенг йўлга қўйилмоқда. Бунда экинлар ҳудуд тупроқ иқлим шароити, фуқароларнинг деҳқончилик маданияти, маҳсулот сотиб олувчи кластер, кооперациялар, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг маҳсулот турига бўлган талаби ҳамда ички истеъмол бозорида аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб жойлаштирилмоқда.

Мисол учун, Қарши тумани Тараққиёт маҳалласи ҳудудидаги бир контурда жойлашган ўн гектар ерда ўн нафар ижарачи брокколи карами етиштираяпти. Аҳамиятли томони, у иккинчи экин сифатида экилган, ер эгалари баҳорда уруғини қадаган тарвуздан ҳам мўл ҳосил олишган. Бунда иш "агрегатор" тизими асосида ташкил этилган бўлиб, маҳсулот етиштиришдан бошлаб уни сотишгача бўлган занжир яратилган.

- Брокколи карами ҳозир экспортбоп, шу билан бирга сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан бири бўлиб турибди, - дейди ушбу контур учун еткчи тадбиркор, яъни агрегатор сифатида белгиланган "Ниёзов    Даврбек Раимназарович" фермер хўжалиги раҳбари Даврбек Ниёзов. - Ижарачилар мўл ҳосил кўтариб, яхши даромад кўришлари учун улар билан ер тайёрлашдан бошлаб, барча агротехник тадбирларни сифатли бажариш жараёнларида ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Етиштириладиган маҳсулотни йиғиб олиш, сотиш борасида аниқ режаларимиз бор.

Айтилишича, ҳисоб-китобларга кўра, "Бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида айни пайтда брокколи карами етиштирилаётган ушбу майдоннинг ҳар гектаридан олинадиган даромад якунда 250 миллион сўмдан ошади. Унинг 40 фоизи қилинган харажатлар ўрнини қоплашга кетган тақдирда ҳам бу ҳар ижарачи бир мавсумда 150 миллион сўмдан фойда кўради дегани.

Кўринишидан брокколи карамини истеъмол қилганлар ҳам уни етиштирганлардан кам наф топмайди. Манбаларда ёзилишича, маҳсулот таркибида кўплаб озуқа моддалари мавжуд. Брокколида минерал тузлар гулкарамга қараганда деярли 2 марта кўпроқ бўлади, витаминлар, пектин ва юмшоқ клетчатка, холин ҳамда метионин, шунингдек, бошқа биологик фаол моддаларга бойлиги унинг турли ёшдаги инсонлар учун жуда муҳим парҳез маҳсулоти эканлигидан далолат беради. Ундан нурланиш касаллигини даволашда самарали фойдаланиш мумкин. Карамнинг бу тури  бошчалари таркибида йоднинг биологик шакллари мавжуд бўлиб, у қалқонсимон безга ушбу элементнинг радиоактив изотоплари тушишига тўсқинлик қилади.  Брокколи карами ёш болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда атеросклерозга мойил бўлган кексалар учун жуда фойдалидир. Уни соғлом соч толаларини тиклаш, тери ва суяк тўқималарини мустаҳкамлаш мақсадларида исътемол қилиш яхши самара беради.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!