Меню
Қашқадарё
ТАХТАҚОРАЧА ДОВОНИДА ПУЛЛИК ТОННЕЛЬ БАРПО ЭТИЛАДИ
Истиқболли лойиҳалар
Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонида тоннель қуриш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида тез орада Ислом тараққиёт банки (ИТБ) билан битим тузиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 8 апрелдаги фармони билан тасдиқланган "йўл харитаси"га кўра, мазкур лойиҳани давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида рўёбга чиқариш назарда тутилган бўлиб, бунинг учун жорий йилнинг июнь ойида ИТБ билан маслаҳат хизматини кўрсатиш тўғрисида битим имзолаш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, "йўл харитаси"да "Тахтақорача довонида янги пуллик тоннель қуриш ва бошқариш" ДХШ лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқиш (2023 йил январь) ва тасдиқлаш учун ҳукуматга киритиш (2023 йил февраль), тендер ҳужжатларини тайёрлаш ва тендер эълон қилиш (2023 йил сентябрь) ҳамда унинг ғолибини аниқлаш ва давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш (2024 йил октябрь) каби чора-тадбирларнинг амалга ошириш муддатлари ҳам белгиланган. Транспорт ва молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари лойиҳа учун масъул этиб кўрсатилган.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ўтган йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамашининг 1 миллион аҳолисига қулай шароитлар яратиш мақсадида, Қашқадарёни Самарқанд билан боғловчи довоннинг давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланиши, шунингдек, тоннель қурилишининг иқтисодий самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилиши ҳақида сўз юритганди.