Меню

Қашқадарё

24.03.2018 2074

“ТАЁҚЧА” ЗАРБАСИДАН ҲИМОЯЛАНИШ – ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Сил касаллигининг келиб чиқиш сабаблари нимада? Уни юқтириб олмаслик, профилактикаси учун нималарга эътибор бериш зарур? Вилоят фтизиатрия диспансери бош шифокори Азимжон ОБИЛОВнинг ана шу саволлар доирасидаги фикрларини ёзиб олдик.

- Сил белгиларини  Гиппократ, Гален, Абу Али ибн Сино каби   алломалар ўзларининг қўлёзмаларида ёзиб қолдиришган. Унга қарши дорилар ўтган аср ўрталарига қадар бўлмаган ва касаллик  баъзи белгиларига қараб, фақат парҳез, гиёҳлар воситасида  даволанар эди. Силга қарши антибиотиклар 1945 йилга келиб қўлланила бошланди.

1882 йилда немис олими Роберт Кох сил касаллигини чақирувчи микробни топган ва 24 март куни жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) йиғилишида бу ҳақда маълум қилган. Орадан бир аср ўтиб, ЖССТ тавсиясига кўра 24 март - “Бутунжаҳон сил касаллигига қарши кураш куни” деб эълон қилинди. Микроб эса кўриниши таёқча шаклида бўлганлиги боис “Кох таёқчаси” “Кох бацилласи” деб атала бошлаган.

Сил таёқчалари кишининг организмига кўпинча ҳаво ёки овқат билан киради ва қонга сингиб, барча органларга тарқалади. Кўпинча ўпкани зарарлайди. Танага тушган микроб кўпайиб, жигар, ичаклар, буйрак, суяк ва бошқа органларда ҳам касаллик ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Сил касаллигига чалинган беморни дарҳол ташхислаш осон эмас. Ҳозирги вақтда бу йўналишда беморнинг балғамини текшириш, рентгенда кўриш ва флюрография, компьютерли томография (ўпканинг фотосуратини олиб текшириш) усули кенг қўлланилади.

Касалликни даволашда, унга турли дори-дармонлар буюриш билан биргаликда организмни кучайтирадиган ва моддалар алмашинувини яхшилайдиган оқсил, ёғ, карбонсув ҳамда витаминларга бой овқат бериш назарда тутилади.

 Сил юқумли касаллик, Кох таёқчалари, айниқса, ҳавода кўп тарқалган. Лекин у ҳамма организмни ҳам зарарлай олмайди. Гап шундаки, киши организми ҳар қандай касалликка қарши курашиш хусусиятига эга бўлиб, иммунитет мустаҳкам бўлса, микроблар енгилади.

Юртимизда сил касаллигига қарши кураш тизимли амалга оширилмоқда. Ушбу хасталикка чалинганлар бепул ташхисланади ва даволанади. Чақалоқларга (агар қарши кўрсатма бўлмаса) ҳаётининг 3-5 кунида силга қарши БЦЖ вакцинаси қилинади.

Жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган сил касаллиги дунё тажрибаси, тадқиқотлар натижаларидан маълумки, давосиз эмас. Аввало инсоннинг ўз соғлиғига эътибори зарур. Тиббиёт фани эришган ютуқлар эса хасталикни бартараф этишга қодир. Ўз вақтида шифокорга қилинган мурожаат ва зарур даво силдан бутунлай соғайиб кетиш гаровидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!