Меню

Қашқадарё

22.10.2019 311

ТАЙЁРГАРЛИК ТУГУЛ, НИМА БЎЛАЁТГАНИНИ ТУШУНМАЙ ТУРИБ,

- Қарор таълим сифатини ошириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, ўқувчи-ёшларнинг ижодий ғоялари ва ижодкорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида чиқарилган, - дейди инспекция вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи. - Хусусан, унда бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш учун - Progress in International Reading and Literacy Study (PIRLS), 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўзлаштириш даражасини баҳолаш бўйича - Trends in International Mathematics and Science Study (TIMSS), 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолашга қаратилган The Programme for International Student Assessment (PISA) ҳамда раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганиш учун The Teaching and Learning International Survey (TALIS) каби халқаро тадқиқотлар ташкил этилиши қайд этилган.

Хўш, бу тадқиқотлардан мақсад нима ўзи? Ҳар бирига алоҳида тўхталадиган бўлсак, PIRLS бўйича бугун 50 дан ортиқ давлат иштирок этиб келмоқда. Бунда турли давлатлардаги бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва қабул қилиш бўйича тайёргарлиги ҳамда ўқувчиларнинг ҳар хил ютуқларга эришишига сабаб бўлувчи омиллар аниқланиб, баҳо берилади. Бу ўз ўрнида халқ таълими соҳасидаги ишчилар, олимлар, методистлар, ўқитувчилар, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари учун катта аҳамиятга эга.

TIMSS дастури эса билим ютуқларини баҳолаш халқаро уюшмаси (IEA) томонидан ташкилланган бўлиб, ушбу тадқиқот 4 йилда бир марта ўтказилади. Шу кунга қадар 1995, 1999, 2003, 2007, 2011 ва 2015 йилларда, 6 марта ўтказилди. 1995 йилдан 3 маротаба (охиргиси 2015 йилда) мактаб битирувчиларининг (Россияда 11-синф, АҚШда 12-синф) ютуқларини аниқлашни ўз ичига олган ҳолда кенгайтирилган тадқиқот ишлари (Advanced TIMSS) олиб борилди.

TIMSSда ҳар 4 йил давомида 4- ва 8-синф ўқувчиларининг таълим ютуқларига баҳо бериб борилади ва шу билан бирга, нафақат уларнинг билим ва кўникмаси, балки ушбу фанларга муносабати, қизиқиши ҳамда таълимга бўлган мотивациясини солиштиришга имкон беради. Тадқиқот ўтказувчи давлатларда мактабда математика ва табиий фанлар, таълимнинг мазмун-моҳияти ва ўқув жараёни, таълим муассасаси, ўқитувчилар, ўқувчилар, уларнинг оилалари билан боғлиқ омиллар қўшимча ўрганилади. Халқаро тестга қўшимча сифатида тадқиқотда иштирок этувчи мактаб маъмурияти, ўқувчилар ва ўқитувчилар сўровномадан ўтказилади.

Ушбу тадқиқотни олиб боришда ва мажмуа ишланмасида дунёнинг кўплаб илмий тадқиқот марказлари ва профессионал ташкилотлар, жумладан, Таълим соҳасидаги тест хизматлари (ETS - Educational Testing Service, АҚШ), Канаданинг статистик маркази (Statistics Canada), Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси котибияти (нидерландлар), мазкур ассоциациянинг маълумотлар маркази (DPC IEA - Data Processing Center IEA, Германия) кабилар иштирок этади. Турли давлат мутахассисларининг координациясини кучайтириш учун дунёнинг етук мутахассисларидан иборат маслаҳат қўмиталари ташкил этилиб, ҳозирги тадқиқот координацияси Бoстон коллежида амалга оширилган (ISC - International Study Center, Boston College, АҚШ).

Россияда ушбу тадқиқот (таълим сифатини баҳолаш маркази) Россия таълим академиясининг фан, таълим моҳияти ва услуби институти ҳамда фан ва таълим вазирлиги, регионларнинг таълим бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.

OECD томонидан олиб бориладиган таълим ва таълим тизимларининг (TALISни ўрганиш халқаро тизими) халқаро тадқиқоти ўқитувчиларнинг иш шароитлари ва мактабларда қандай шароитлар мавжудлиги ҳақидаги биринчи халқаро таққослаш ишидир. Унинг мақсади давлатларга   мактаб жараёнларининг самарадорлигини таъминлайдиган шарт-шароитларни қўллаб-қувватловчи сиёсатни белгилаш ва ривожлантиришга ёрдам беришдан иборат.

PISA - турли давлатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлигини (ўқиш, математика, табиий фанлар) ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи тест бўлиб, унда иштирок этаётган давлатлар сони тобора ортиб бормоқда. Мисол учун, 2000 йилда тестларда 32 та, 2003 йил 43, 2006 йилда 57 давлат қатнашган бўлса, 2015 йилда уларнинг сони 72, 2018 йилда эса 78 тага етган. Тест синовларига ҳар бир мамлакатдан 4 минг 500 дан 10 минг нафаргача ўқувчи жалб этилади.

PISA дастурида ўқувчиларнинг математик саводхонлиги 54 та топшириқ (84 та савол), ўқиш саводхонлиги 8 та топшириқ ( 28 та савол), табиий фанлардан билими 13 та топшириқ (35 та савол), шу йўналишлар бўйича ўқувчиларнинг компетентлилиги, муаммоларни еча олиш кўникмалари 10 та топшириқ (19 та савол) ёрдамида аниқланади. Саволларнинг 50 фоизи жавоби танланадиган (тест) бўлса, 12 фоиз саволларнинг жавоблари ўқувчи томонидан аниқ сўз ёки рақамлар воситасида ифодаланиши, саволларнинг қолган қисмига ўқувчи эркин жавоб ёзиши керак. Баъзи топшириқлар айнан бир ҳаётий вазиятларга доир, турли мураккабликка эга бир неча саволдан иборат бўлади. Тестлар бир неча вариантда тузилади. Бунда бир гуруҳдаги топшириқлар бир неча вариантга киритилиши мумкин.

Ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар анкета сўровномаси ёрдамида тўпланади (анкетани тўлдиришга 40 дақиқа ажратилади). Мактаб маъмурияти ҳам қисқача анкета тўлдиради, мактаб ходимларининг сони, ўқитувчилар мустақиллиги, мактаб ресурслари, тажрибалари ҳақида маълумотлар тўплаш амалга оширилади.

Айтиш ўринли, ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш халқаро дастурида иштирок этиш бўйича 2021 йилда ўтказилиши режалаштирилган тадқиқотлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан тасдиқланган PISA техник стандартлари асосида жорий қилинмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг 2021 йилда 3 та, яъни ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик, табиий-илмий саводхонлик йўналиши бўйича таълим сифатини баҳолаш халқаро тадқиқотларида иштирок этиши нима беради, деган савол туғилиши табиий.

Биринчидан, тадқиқотларда олинган натижалар мамлакатдаги таълим сифати ва унинг халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда эгаллаган ўрни тўғрисида хулосалар чиқариш имконини беради.

Иккинчидан, миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш, таълим мазмунини, педагог кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини такомиллаштириш ҳамда мутахассислар томонидан дарсликларнинг янги авлодини яратишда қўлланилади.

Учинчидан, халқаро тадқиқотлар таълим соҳасидаги миллий тадқиқотларни сифатли ўтказишга ижобий таъсир кўрсатади.

PISA техник стандартларига мувофиқ, тадқиқот даврига мос равишда 15 ёш 3 ойликдан 16 ёш 2 ойликка тўлган ҳамда 7 ва ундан юқори синфда ўқиётган ўқувчилар PISA ёшидаги ўқувчилар ҳисобланади. Шу билан бирга, тажриба-синов (Field trial)   жараёни 42 календарь куни ҳамда асосий тадқиқотлар (Main survey) 56 календарь куни давомида амалга оширилади.

Халқаро пудратчи ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ҳисоб-китобларига кўра, тажриба-синов  тадқиқотлари 2020 йил 6 апрелдан 17 майгача бўлган муддат оралиғида, асосий тадқиқотлар 2021 йил 6 апрелдан 31 майга қадар ўтказилиши режалаштирилган.

Демак, кўриниб турибдики, тажриба-синов тадқиқотларига бор-йўғи  5-6 ой вақт қолди, холос.

Бунгача, халқаро тадқиқотлар натижаларига асосланган ҳолда ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўқув дастурлари ҳамда ўқув адабиётлари мазмунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, халқаро тадқиқотларнинг баҳолаш  дастурлари йўналишларидаги саволлар миллий базасини яратиш ва ўқув дастурларига интеграция қилиш,   халқаро тадқиқотларнинг баҳолаш  дастурлари йўналишларидаги саволларни ўзида мужассам этган ўқув дастурлари асосида қўшимча методик қўлланма ва адабиётлар яратиш, вилоят маркази, ҳар бир туман (шаҳар)да халқаро тадқиқотларни амалга оширишга йўналтирилган таянч мактабларни белгилаш, умумий ўрта таълим муассасаларидаги иқтидорли педагог кадрларни халқаро баҳолаш дастурлари бўйича илмий тадқиқотларга жалб қилиш, умумий ўрта таълим муассасаларининг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланганлик ва интернет жаҳон ахборот тармоғига уланганлик ҳолатини инвентаризация қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўриш каби вазифалар белгиланган.

Бироқ ҳозирги пайтда умумтаълим мактабларида халқаро дастурлар бўйича тайёргарлик ҳолатини талаб даражасида деб бўлмайди. Кўпчилик мактаб раҳбарлари тайёргарлик у ёқда турсин, ҳали нима бўлаётганини тушуниб ҳам етмаганлар. Шу ҳолатда қандай қилиб ижобий  натижа кутиб бўлади? Ваҳоланки, Президент фармони билан давлатимиз ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур рейтингида жаҳоннинг 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш вазифаси қўйилган.

Халқаро дастурлар ёшларимиз интеллектуал салоҳияти янада ошишига хизмат қиларкан, ушбу масалага эътиборсиз қараш ярамайди. Шундай экан, таълимимиз сифатига халқаро миқёсда баҳо бериладиган жараён бошланишигача қолган қисқа вақт ичида умумтаълим мактабларидаги жараённи белгиланган талаблар даражасида йўлга қўйиш, камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш даркор.

Н.ХЎЖАЕВ ёзиб олди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!