Меню

Қашқадарё

20.12.2019 1516

ТАЙИНЛАНГАН ЖАЗО ОҒИРРОҒИГА АЛМАШТИРИЛДИ

Назорат ва натижа

Ғузорлик Муҳиддин Мусуров 2018 йилда ўғрилик жиноятини содир этган, жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди томонидан унга нисбатан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди.

Мавжуд тартибга кўра, у Ғузор тумани ИИБ пробация гуруҳи томонидан ҳисобига олиниб, ҳудуддаги "Рузман Турдиев" фермер ҳўжалигига ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилади. Аммо Муҳиддин ишга чиқмасдан, суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан бўйин товлаган.

Шу боис, жиноят ишлари бўйича туман судига Ғузор тумани ИИБ томонидан киритилган тақдимномага асосан унга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги тегишли қарорига асосан, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ташкил этилган эди. 2019 йил 1 январдан фаолиятини бошлаган мазкур хизмат суд ҳукми ёки ажрими билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган, яъни ахлоқ тузатиш, мажбурий жамоат ишлари, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган ва шартли ҳукм қилинган шахслар томонидан қўлланилган чора ижроси бажарилишини назорат қилади.

Айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси пробация бўлими томонидан ҳам бу борада кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд тартибга амал қилмаган бир қатор ҳуқуқбузарлар юзасидан судга тақдимномалар киритилиб, уларга нисбатан белгиланган дастлабки жазо суд ажрими билан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо турига алмаштирилиши таъминланди.

Пробация хизматининг асосий вазифаларидан яна бири жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини олиб     боришга қаратилган. Шунга кўра, жорий йилнинг 9 декабридан 20 декабрь кунига қадар вилоятимиз бўйлаб "Ижро" ва "Назорат" махсус профилактик тадбирлари ўтказилди.

Ушбу тадбирлар давомида пробация бўлими ҳисобида турган ҳуқуқбузарлар, маъмурий назоратда турган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари орасида тушунтириш, ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилди. Мақсад уларнинг қайта жиноят содир этиши олдини олишга қаратилган.

Ихтиёр ҚИЛИЧОВ,

вилоят ИИБ пробация бўлими катта инспектор-психологи, майор

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!