Меню
Қашқадарё
Таэквондочи қизлар Хитойга боради
Спортнинг таэквондо-ITF тури бўйича Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида қора белбоғли ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси якунланди.
Мусобақада Қамаши тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 4 нафар ўқувчиси ҳам иштирок этиб, ўз вазн тоифасида Шаҳло Раҳмонова учинчи, Сарвиноз Абдуллаева иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Феруза Сувонова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Мазкур натижа орқали спортчи қизлар 2021 йил Хитой Халқ Республикасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам нақд қилишди.
Айтиш ўринли, ўтган ойда Перу давлатида ўтказилган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон кубоги баҳсларида қизлар ўртасида 55 килограмм вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда иштирок этган қамашилик Нигора Абдуллаева даст кўтаришда 84, силтаб кўтаришда 104 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, олтин медалларни қўлга киритган, рақибаларини сезиларли даражада ортда қолдирган эди.