Меню
Қашқадарё
ТАДБИРЛИ ТАДБИРКОРЛАР КЎПАЙМОҚДА
Ушбу курсларда мулкдорлар бизнесни юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитилмоқда. Уларга банк, солиқ, статистика, адлия идоралари мутахассислари сабоқ бераяпти, тадбиркорлик йўналишида муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналарга саёҳатлар уюштирилаяпти.
Бу ҳақда Қарши шаҳрида "Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми" лойиҳаси доирасида "Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш иқтисодиётни ривожлантириш ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг асосидир" мавзусида ўтказилган тадбирда айтиб ўтилди. Мазкур амалий мулоқот Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятимизда фаолият олиб бораётган хусусий мулкдорлар, ишбилармон тадбиркорлар, соҳага алоқадор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди.
Хусусий мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига кўмаклашишга қаратилган ушбу ишлар Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талаблари асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Амалий мулоқотда иштирокчиларга давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 18 апрелдаги "Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уларнинг ижроси доирасида вилоятимизда қилинаётган ишлар натижаларига атрофлича тўхталиб ўтилди. Аввал хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган, бўш турган ёки тўла қувватда фойдаланилмаган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга бўш турган давлат мулкини "ноль" харид қийматида олиш тартиби, тадбиркорлик мақсадларида ер участкалари ажратилиши қоидалари, кичик саноат зоналарининг имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Қатнашчилар мулоқот ташкилотчиларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга тааллуқли савол ва таклифларини билдирди.
М.ШУҲРАТОВ