Меню
Қашқадарё
Тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси: Қашқадарёда "ҚОНИҚАРСИЗ" эди, "ҚОНИҚАРЛИ" бўлди.
Аммо эришилган умумий натижа ҳамон республика ўртача кўрсаткичидан паст
b-indicator.uz сайтида республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2021 йил биринчи ярим йиллик якунларига оид маълумотлар қайта жойлаштирилди. Яъни, дастлаб эълон қилинган вариант 7 сентябрь куни сайтдан йўқолиб қолганди. Ўшанда "хоми борми ёки камчилиги - бу бизга қоронғу" дея ҳолатга изоҳ ёзгандик. Тахминимиз асосли экан, тегишли рейтинг жадваллари орадан қарийб бир ҳафта ўтиб айрим ўзгаришлар билан қайта эълон қилинди.
Унга кўра, Қашқадарё вилоятининг тўплаган 5,5 баллик умумий кўрсаткичи аввалгидек ўзгаришсиз қолган. Аммо рейтингдаги 9-поғонадан олиниб, ўзгартирилган вариантда 7-ўринга чиқарилган. Ҳудудидаги тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси бўйича тўплаган балли камайтирилган Сирдарё ва бир хил умумий кўрсаткичга эга Хоразм вилоятлари рўйхатда энди воҳадан пастга ўтган. 4,8 балл тўплаган Сурхондарё вилоятига рўйхатнинг сўнгги - 14- ўрнидан жой берилган. Тегишли даражаси 7,4 баллга баҳоланган Тошкент шаҳри эса рейтинг бошида турибди. Республика бўйича умумий ўртача кўрсаткич - 5,7 баллга тенг.
Маълумки, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2020 йил 1 мартдан республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилганди.
Қарорга асосан тасдиқланган "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларидан келиб чиқиб, ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси аниқланган индикаторларнинг миқдорига қараб 1 баллдан 10 баллгача рейтингда баҳоланади ва 9 баллдан 10 баллгача тўплаган ҳудуд - "намунали"; 7 баллдан 9 баллгача тўплаган ҳудуд - "яхши"; 5 баллдан 7 баллгача тўплаган ҳудуд - "қониқарли"; 5 баллгача тўплаган ҳудуд - "қониқарсиз" деб топилади.
Баҳолаш масъул ташкилотлар "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритадиган 17 йўналишдаги расмий статистик маълумотлар ва 4 йўналишда ўтказилган сўровлар бўйича шакллантирилган маълумотлар асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ярим йиллик ва йил якуни бўйича амалга оширилиши белгиланган.
Шунга монанд эълон қилинган жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигига оид янги рейтингда Қашқадарё ўз позициясини 7 поғонага яхшилаб олган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг мос даврида вилоят ҳудудида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси 4,6 баллга баҳоланиб, тегишли рўйхатда энг охирги ўринга жойлашган эди.
Расмий статистик маълумотлар асосидаги янги индикаторларга назар ташласак, Қашқадарё тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлиги (3,4); тадбиркорларнинг давлат бюджети тушумларидаги улуши (3,2); тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши (3,1); тадбиркорлар ҳисобварақларига банд солинганлиги (3); тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар (2,3); тадбиркорлар учун кредитлар ажратилиши (1,9); эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари (1,7); тадбиркорларнинг асосий капитал қўйилмалари (1,4); тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш (1,1); тадбиркорлик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш (1 балл) бандлари бўйича ўртачадан паст натижа кўрсатгани эришилган якуний умумий кўрсаткичга таъсир этмай қолмаган, албатта. Бироқ, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда вилоятда тадбиркорларнинг давлат бюджети тушумларидаги (плюс 1,8 балл) ва ялпи ҳудудий маҳсулотдаги (плюс 2 балл) улушлари каби бир нечта кўрсаткичлар сезиларли ўсганини эътироф этиш ўринли.
Умуман, расмий статистик маълумотлар асосида шакллантирилган Қашқадарёга оид жорий йил биринчи ярим йиллиги индикаторлари ўз вақтида b-indicator.uz сайтида жойлаштирилган 2020 йилнинг олти ойлиги кўрсаткичлари билан солиштирилса, 7 та банд бўйича ўсиш, қолганларида эса бироз пасайиш юз берганини кўриш мумкин.
Вилоятнинг ўтказилган сўровлар асосида аниқланган янги индикаторларига назар солсак, барча бандлар бўйича кескин ўсиш бўлгани кўзга ташланади. Жумладан, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга нисбатан банк хизматлари кўрсатилиши сифати бўйича натижалар 4,8 баллдан 8,8 баллга; тадбиркорларнинг давлат ташкилотларига бўлган ишончи 3,8 баллдан 8,8 баллга; муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва таъминланганлиги 1 баллдан 7,9 баллга; ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш 2,7 баллдан 5,7 баллга юксалгани Қашқадарёнинг тегишли рейтингда юқорилашига асосий омил бўлган.
Маълумки, ҳудудда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси вилоят туман (шаҳар)лари муайян кўрсаткичлари асосида умумлаштирилган. Шундай экан, Қашқадарё бўйича тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлиги кўрсаткичи (3,7 балл) Қамаши туманида; тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар (1 балл) бўйича ҳолат Муборак туманида; тадбиркорларнинг давлат бюджети тушумларидаги улуши (1,1 балл) Косон туманида; банк хизматлари кўрсатилиши сифати (4,1 балл) ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва таъминланганлик (4,2 балл), яна тадбиркорларнинг давлат ташкилотларига бўлган ишончи (4,2 балл) Нишон туманида; бўш турган бино-иншоотлар ва участкалардан фойдаланиш (2,8 балл) ҳамда тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш (1,1 балл) Касби туманида; ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (3,4 балл) юзасидан олинган баҳо Қарши шаҳрида энг паст экани ҳудуднинг умумлаштирилган якуний кўрсаткичига ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.
Алоҳида ажратиб кўрсатсак, тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси бўйича 2021 йил биринчи ярим йиллик якунларига оид Қашқадарё туман (шаҳар)лари рейтинггида 7,7 балл умумий кўрсаткич билан Миришкор тумани бошчилик қилиб турибди. Ғузор туманига 6,4 балл билан рўйхатнинг сўнгги - 15-ўрнидан жой берилган. Лекин чалғимаслик керак, республика ҳудудлари рейтинггидан фарқли равишда, бу рўйхатни тузишда вилоятда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини аниқлашда фойдаланилган ҳамма кўрсаткичлар ҳам иштирок қилмаган.
Эътибор қаратиш ўринли, сайтда республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси борасидаги 2020 йил якунларига оид маълумотлар ҳам бор. Унга кўра, Қашқадарё ўтган йилни 4,5 балл умумий кўрсаткич билан тегишли рейтингнинг 13-поғонасида якунлаган.
Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолашда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобга олинган. Устав капиталида давлат улуши бўлган юридик шахслар, фермер ва деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
Эслатиб ўтиш жоиз, ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси кўрсаткичларига оид расмий статистик маълумотлар "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида"ги низом талаблари асосида масъул ташкилотлар томонидан I ярим йиллик учун 1 августга қадар, йил якуни бўйича келгуси йил 1 мартга қадар "BUSINESS INDICATOR" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритилиши шарт. Баҳолашга масъул ташкилотлар эса тақдим этилган маълумотлар ва ўтказилган сўровларнинг натижалари асосида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш якунларини умумлаштириб, ҳисобот якуни бўйича ярим йиллик маълумотларни айни йил 15 август ва йил якунларига оид маълумотларни кейинги йил 15 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари Кенгашларига тақдим қилиши, доимий равишда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиб бориши белгиланган.
Шунингдек, тегишли низомда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси "намунали" деб топилган ҳудуддаги масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларини - лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида; ташкилотларнинг бошқарув ходимларини - лавозим маошларининг 50 фоизи миқдорида пул маблағлари билан рағбатлантириш кўзда тутилган.
Аксинча, тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси "қониқарсиз" деб топилган ҳудуддаги масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарларига - лавозим маошларининг 25 фоизи миқдорида жарима қўллаш орқали интизомий чора кўрилади.
Холис НАЗАР