Меню

Қашқадарё

25.03.2020 1738

ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИ - ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

Ўтган 2019 йилда Яккабоғ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган барча ижтимоий дастурлар бўйича 2 мингдан ошиқ фуқарога 42 миллиард 703 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан асаларичилик йўналишида 88 та, балиқчиликда 14 та, боғдорчиликда 7 та, иссиқхона хўжалигида 328 та, ишлаб чиқаришда 172 та, қорамолчиликда 329 та, қўйчиликда 576 та, паррандачиликда 272 та, тикувчиликда 122 та, хизмат кўрсатишда 16 та ва бошқа йўналишларда яна кўплаб лойиҳалар амалга оширилган.

Мавжуд имкониятлардан янада унумли фойдаланиш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ишсиз кишиларни ҳунармандчилик, касаначилик ва тадбиркорлик фаолиятининг бошқа соҳаларида бандлигини таъминлаш орқали уларнинг қўшимча ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда Республика тадбиркорлик    фаолияти асосларини ўқитиш маркази вилоят ҳудудий филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳам туманда оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ёшлар бизнес-лойиҳаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланди.

Яккабоғ маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи фаоллар залида ташкил этилган тадбирда Савдо-саноат палатаси, банк, молия ташкилотлари, фаолияти кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган жамғармалар мутахассислари ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этиб, қатнашчиларга тадбиркорликни бошлаш, юритиш масалалари юзасидан кенг тушунча беришди.

Банк-кредит, солиқ, божхона соҳаларига оид ўзгаришлар, тадбиркорликка оид имтиёзлар билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб қайтарилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!