Меню
Қашқадарё
ТАДБИРКОРЛИК – МЕНИНГ ҲУҚУҚИМ
Истиқлолнинг илк йилларида мамлакатимизда рўй берган энг катта ҳодиса давр талабига жавоб берадиган, мукаммаллик касб этган Асосий қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди. Унда бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади, дея аниқ белгилаб қўйилди. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши алоҳида таъкидланди.
Ушбу қоиданинг амалиётга изчил татбиқ этилиши халқимиз, юртдошларимиз ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келди. Энг аввало, мамлакатимизда кенг ишбилармонлар, мулкдорлар синфи шаклланди, бугун том маънода халқ хўжалигининг локомотивига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривож топди.
Бугун юртимиз одамларининг моддий манфаатдорлиги ҳар қачонгидан ортган. Ҳар ким ўз қобилиятини намоён этиш, мустақил, эмин-эркин бизнес юритиш имконига эга. Тадбиркорнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, унга халақит беришга йўл қўйилмайди. Аксинча, бундай қоидабузарлар жиноий жавобгарликкача тортилмоқда.
- Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли, деган қоида Конституциямизнинг 36-моддасида белгиланган, - дейди Қарши шаҳридаги “Покиза нурли келажак” хусусий корхонаси раҳбари Дилшод Болтаев. – Бундан шуни англаш мумкинки, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш менинг конституциявий ҳуқуқимдир. Бугунги кунда бу ҳуқуқимдан тўлақонли фойдаланиб келаяпман. 2 йил аввал корхонамизга асос солгандик. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилганмиз. Пишириш печларимиз хориждан келтирилган. Кунига ўртача 300 килограммгача маҳсулот ишлаб чиқарамиз. 10 нафар ёшни иш билан таъминлаганман. Асосийси, бугун тадбиркор манфаатлари давлат муҳофазасида. Ишбилармонлар ўзларини кўрсатса, ишлаб чиқаришда самарадорликка эришса бас. Ҳар қандай интилиш ва лойиҳаларимиз тез рўёбга чиқиши учун замин яратилган.
Маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда 20 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтади. Қолаверса, ушбу фурсатда ишлаб турган қанчадан-қанча корхоналарда модернизация ҳисобига ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ошмоқда, кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу билан бир неча ўн минглаб киши доимий иш ўрнига эга бўлаяпти, аҳолига таклиф этилаётган сифатли, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар салмоғи янада кўпаймоқда. Муҳими, тадбиркорларнинг ўз фаолиятига иккиланмай сармоя киритаётгани уларнинг эртанги истиқболга ишончи юқори эканидан далолат беради.
М.ШУҲРАТОВ