Меню
Қашқадарё
ТАДБИРКОРЛИК КЛАСТЕРЛАРИ - ёшлар учун қулай майдон
Ўз навбатида ҳукуматимиз ёшларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш, шу орқали уларни фойдали иш билан банд қилишга устувор аҳамият қаратмоқда. Шу мақсадда ёш тадбиркорлар учун бир қатор қулайлик ва енгилликлар жорий этилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги “Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳимдир.
Қайд этиш жоизки, ушбу ҳужжат Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони талабларидан келиб чиқиб қабул қилинди. Тегишли қарорга кўра, республика туман марказлари ва шаҳарларида ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилмоқда. Ёш ишбилармонларни ўз атрофида жамловчи, ўзига хос мазкур тузилма юридик шахс мақомига эга бўлмайди. Кластерлар фаолияти Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳарлар кенгашлари томонидан бошқариб борилади.
Кластерлар фаолияти бир қатор вазифалар асосида амалга оширилади. Ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритиш ниятида бўлган ёшларга кластер ҳудудидан ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилади. Бу ерда ёшлар зарур ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишлари мумкин. Жумладан, уларга фаолият турига тааллуқли рухсат берувчи ҳужжатларни олиш, банк кредитини расмийлаштириш, бизнес-режа тайёрлашда амалий кўмаклашилади. Ёш ишбилармон малакали мутахассислар ёрдамида маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, маҳсулотни реализация қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, кластер ҳудудида ёшлар бизнес юритиш асосларига ўқитилади, улар учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади. Кучли рақобат шароитида ёш тадбиркорларнинг бардошлилигини ошириш, улар фаолиятини барқарор ривожлантиришга ҳам эътибор берилади. Бизнес-инкубатор вазифасини ўтовчи стартаплар ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ, кластерлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг бўш турган ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига бепул бериладиган биноларига жойлаштирилади. Кластер ҳудудидан ишлаб чиқариш майдони тақдим этишда ёшлар ўртасида танлов ўтказилади. Танловдан муваффақиятли ўтган ёш ишбилармонлар билан тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга доир шартномалар тузилади. Қарорда кластерларда жойлаштирилажак ёш тадбиркорларни уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ электр энергияси, табиий газ, телекоммуникация тармоқлари билан узлуксиз таъминлаш кўзда тутилган ва бу бўйича жавобгарлик тегишли идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланмоқда. Кластерларни модернизация қилиш ҳамда зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш учун зарур маблағлар эса маҳаллий бюджетлардан ажратилади.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур қарорга асосан, кластер иштирокчилари бўлган ёш тадбиркорларга бир қанча имтиёзлар берилиши билан бир қаторда, талаблар ҳам қўйилмоқда. Хусусан, кластерлар ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш майдонлари фақат Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси ҳисобланган ёшларга тақдим этилади. Ёш тадбиркор ушбу майдонни корхона ташкил топгунига қадар, аммо 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга ижара ҳақининг “ноль” ставкаси бўйича ижарага олади. Бундан ташқари, фойдаланилмаётган, шу жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудида жойлашган давлат мулклари ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси бўлган ёш тадбиркорларга шу тартибда берилиши мумкин.
Кластерларда ёшларга маслаҳат бериш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш хизматлари бепул амалга оширилади. Кластер ҳудудида жойлаштириладиган тадбиркорлик субъекти ходимларининг штати 35 ёшгача бўлган шахслар билан тўлдирилиши ва улар ходимлар умумий сонининг камида 70 фоизини ташкил этиши керак.
Ўрнатилаётган янги тартибга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кластерлар фаолиятини ташкил этишда бир қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Мисол учун, кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш бинолари ва майдонларини ижарага беришда ёрдам кўрсатади.
Ёш тадбиркорларни олдиндан хабардор қилиш мақсадида кластернинг бизнес юритиш учун тақдим этиладиган ишлаб чиқариш майдонлари ҳақидаги маълумот Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.
Таъкидлаш ўринлики, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига мувофиқ, Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу низом ёшлар тадбиркорлик кластерлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, ёшлар тадбиркорлик субъектларини танлаш ва кластерлар ҳудудида жойлаштириш тартибини белгилайди. Бу низомда кластерлар фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш, бунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳарлар бўлимларининг асосий вазифалари ва функциялари, молиялаштириш манбалари каби масалаларга ҳам аниқлик киритилган.
Низомда қайд этилишича, ёшлар тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим қилинаётган лойиҳа айрим мезонларга мос бўлиши керак. Жумладан, сўралаётган ишлаб чиқариш майдони 50 квадрат метрдан ошмаслиги, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур техник ва технологик ускуналарни монтаж ва демонтаж қилиш енгил ҳисобланиши ва кўпи билан 2 кун ичида тугалланиши лозим. Савдо фаолиятини амалга ошириш, экологик хавфсизликни таъминлашнинг юқори нормаларини талаб этадиган кимёвий, экологик хавфли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳалар кластер ҳудудида жойлаштирилмайди. Қолаверса, тахмин қилинаётган тадбиркорлик фаолияти кўп энергия талаб қиладиган ишлаб чиқариш бўлмаслиги даркор.
Бир кунда битта ишлаб чиқариш майдони учун икки ёки ундан кўп ариза тушганда, яратиладиган янги иш ўринлари сони, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишлар, хизматларнинг) рақобатбардошлиги ва харидоргирлиги, лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш бўйича энг жозибадор таклифларни тақдим этган даъвогар мақбул деб топилади. Бошқа тенг шароитларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этадиган ва лойиҳани амалга ошириш учун реал молиявий имкониятларга эга даъвогарлар устунликка эга бўлади.
Кластерда битим ёки шартнома тузилгандан сўнг ёш тадбиркор 3 кундан кечиктирмасдан ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш мажбуриятини олади. Бунда лойиҳани амалга ошириш борасида объектив сабаблар мавжуд бўлса, ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш муддатини 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтиришга рухсат этилади. Шунингдек, кластер иштирокчиси ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш бошланган пайтдан икки ойдан кечиктирмасдан янги иш ўринларини ташкил этиши ва битим ёки ижара шартномасида назарда тутилган миқдорда қўшимча ходимларни ёллашни таъминлаши шарт.
Ўз навбатида ёш тадбиркор тузилган ижара шартномаси доирасида ажратилган ишлаб чиқариш майдонларига мустақил эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш, муҳандислик-техник коммуникацияларнинг узлуксиз ишлаши таъминланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Албатта, бу каби янгиликлар катта мақсадларни кўзлаган, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга қатъий аҳд қилган ёшларга кенг имкониятлар тақдим этади. Бундай қулай шароитлар уларга ишлаб чиқаришни ривожлантириш, харидоргир ва сифатли маҳсулотлар тайёрлашни ташкил этишда қўл келади. Имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиб, ёш тадбиркорлар ўз бизнесини оёққа мустаҳкам турғазиб олиш, барқарор фаолият юритиш, бозор муҳитига мослашиш, маҳсулотига харидорлар топишда ҳеч бир қийинчиликка дуч келмайди. Ўзига хос кластерлар шу зайлда юртимизда ёш тадбиркорлар сафи тобора кенгайиши, уларнинг жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланишига хизмат қилади.
МИРЖАҲОН тайёрлади.