Меню

Қашқадарё

19.04.2018 1860

ТАДБИРКОРЛАР ОЛДИДА ҚАНДАЙ МУАММОЛАР БОР?

Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниевнинг вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари билан ўтказган сайёр учрашувида айтиб ўтилди.

Маълумки, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона соҳаси бўйича ҳам ўз эътирозларини билдирган эди. Шунга асосан тизимда божхона режимларини соддалаштириш ва бунинг натижасида  расмийлаштириладиган айрим рухсатномалар бекор қилиниши бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" тамойили асосидаги ишлар тадбиркорлар олдида турган долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш имконини бермоқда.

Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниевнинг Қарши шаҳри, Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Ғузор ҳамда Косон туманларида  экспорт ва импорт операцияларини амалга оширувчи 15 та корхона вакиллари билан учрашувлари давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришда божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди, тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар, қийнаётган муаммоларга ечим изланди, айримлари жойида ҳал этилди.

Жумладан, Китоб туманидаги "Эркан Мачинери" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида яқин кунларда омихта ем маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу билан 1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилади. Корхона директори эҳтиёж юқори бўлган электрон двигатель (84379 ТИФ ТН кодли), сэндвич панели ва металлконструкция товарлари учун божхона ставкалари камайтирилиши бўйича таклиф билдирди.

Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган "Est agro international" МЧЖда эса консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонага қўшимча равишда Туркия давлатидан ускуналар олиб келиниши режалаштирилмоқда. Шунга кўра, мазкур тадбиркорлик субъекти вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги "Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бўйича тушунтиришлар берилди. Афғонистонга пиёз экспорт қиладиган "Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари" МЧЖ масъулларига эса давлатимиз раҳбарининг "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти айтиб ўтилди.

- Корхонамиз пахта хомашёсидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган, - дейди "Яккабоғ Воҳа текс" МЧЖ ҳисобчиси Аъзамхон Парсаев. - Маҳсулотимизни Туркия давлатига экспорт қиламиз. Шунга кўра, хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш тартиби бўйича республикадан ҳаракатланиш тўғрисида расмийлаштириладиган рухсатномалар вилоят божхона бошқармаларидан олинади, бироқ юклаш жараёнида рухсатнома муддати тугаб қолади. Учрашувда бу борадаги тартибни соддалаштириш юзасидан фикр билдирдим. Бу таклиф соҳа мутахассислари томонидан атрофлича кўриб чиқилиши айтилди.

Қарши шаҳридаги "Asian Golden Oil" МЧЖ иш юритувчиси Илҳом Жўраевнинг айтишича, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқарга тегишли рухсатномаларни олишда электрон тизим жорий этилган бўлса-да, карантин хизмати томонидан ҳам электрон, ҳам қоғоз нусхадаги маълумотлар талаб қилинмоқда.

Ғузор туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган "Қашқадарё сув милиё" корхонаси карантин хизматидан фитосанитар сертификатини олишда муаммога дуч келиб, шу сабаб ўз маҳсулотлари  экспортини Сурхондарё эмас, бошқа вилоятлар орқали амалга оширмоқда.

Учрашувда мазкур ҳолатлар тезда ўрганилиб, ҳал этилиши бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Умуман олганда, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни, камчиликларни кўрсатиб берди. Божхона соҳасидаги галдаги чора-тадбирлар тадбиркорларнинг ана шу каби мурожаатлари асосида ишлаб чиқилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!