Меню

Қашқадарё

03.10.2017 1921

ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА

 Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни кўзда тутиши билан муҳимдир. Ушбу ҳужжатга асосан бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорликни йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини эндигина бошлаган ишбилармонларни қўллаб-қувватлашнинг янги самарали тизимини яратиш белгиланган. Мазкур вазифаларнинг ҳал этилиши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан таъминланиши алоҳида қайд этилди. Аниқроқ айтганда, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи ушбу тузилма ваколатлари ва функциялари янада аниқлаштирилди, вазифалари қамрови кенгайди.

 Савдо-саноат палатаси том маънода юртимиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ифода этувчи ташкилот сифатида фаолият кўрсатмоқда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро фаол ҳамкорлик олиб бориш, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш кабилар тузилманинг асосий фаолият йўналишлари сирасига киради.

 Таъкидлаш жоиз, мазкур фармонда белгилаб берилган чора-тадбирларни амалга ошириш, мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Асосийси, мазкур механизм ҳар жиҳатдан самарали ишлаяпти. Буни Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан қилинаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бошқарма асосий эътиборни тадбиркорлик субъектларига уларни қийнаётган ва ўйлантираётган масалаларда кўмаклашишга қаратган.

 Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, вилоятимиз ишбилармонлари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ишида замонавий технологияларни жорий этиш, шу орқали маҳсулдорликни ошириш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашни бош мақсадга айлантирган. Жорий йилнинг ўтган даврида Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси кўмагида воҳамиз тадбиркорлари томонидан хориждан қиймати қарийб 1 миллион долларлик асбоб-ускуна, техника-технологиялар олиб келингани фикримизнинг исботи бўла олади. Амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида жойларда бир қанча янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.

 Маълумки, тадбиркор ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этиш орқали ўзи учун янги бозорларни очади. Экспорт билан шуғулланувчиларнинг кўпайиши эса иқтисодиётимиз учун ҳам фойдалидир. Бошқарма бу йўналишда ҳам фаол изланиш олиб бораяпти, аниқ натижаларга эришмоқда. Мисол учун, чет эл мамлакатларида савдо уйи очишда тадбиркорларга кўмак кўрсатилаяпти. Палата аъзоси ҳисобланган, Қарши шаҳрида иш юритаётган “Санам” фабрикаси Туркманистон Республикаси ҳудудида ўз савдо уйини ташкил этиш, шу асосда ўз маҳсулотларини экспорт қилиш жўғрофиясини кенгайтириш имкониятига эга бўлди.

 Савдо-саноат палатаси кўмагига тадбиркорларнинг ишончи тобора ортаётганини улардан келиб тушаётган мурожаатлардан ҳам билиш мумкин. Албатта, ушбу мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда. Масалан, Нишон туманида транспорт хизмати кўрсатаётган “Алп Ғиёс” хусусий корхонаси ўзининг техникавий имкониятларини янада яхшилашни режалаштирган, машина паркини янги махсус транспорт воситалари сотиб олиш ҳисобига бойитишни мақсад қилганди. Тадбиркорлик субъектига тижорат банкидан кредит олишда амалий ёрдам берилиб, муайян бизнес-режа амалга ошиши таъминланди. Қамаши туманидаги “Турсунов Муҳаммадали Тўлқинович” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай муаммога дуч келганди. Мурожаат кўздан кечирилгач, ечим топиш мумкинлиги ойдинлашди.  Корхона банкдан молиявий кўмак олиб, 10 дона тикув машинаси харид қилди ва харидоргир тикувчилик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлади. Лойиҳа тезда рўёбга чиқиши билан 15 нафар киши иш билан таъминланди.

 Вилоятимизнинг айрим тадбиркорлари ўзи бажарган иш, етказиб берган маҳсулот ёки кўрсатган хизмати учун тўланиши керак бўлган ҳақни буюртмачилардан олишда ҳам қийинчиликка учрамоқда. Натижада улар фаолиятида сустлашиш, беқарорлик кузатилмоқда. Айни масала бўйича бошқармага 1 минг 600 дан зиёд мурожаат келиб тушгани бизни ташвишлантиради. Шу боис, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида тезда судларга даъво аризалари йўлланди. Натижада 1000 АҚШ доллари ҳамда 40 миллиард сўм қарздорлардан ишбилармонлар фойдасига ундириб берилди.

 Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонида Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорларни ўқитишни ташкил этиш ҳам белгиланган. Мақсад - уларнинг бизнесдаги саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари билан батафсил таништириш, банк-молия, маркетинг каби соҳалар бўйича билимини оширишдир. 

 Шунга монанд, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик асосида туманлардаги касб-ҳунар коллежларида ўқув курслари ташкил этилмоқда. Курслар қатнашчиларига соҳа мутахассислари сабоқ бераяпти. Шу вақтга қадар тадбиркорлик  фаолиятини янгидан бошлаш истагида бўлган 297 нафар киши бепул тадбиркорлик асосларига ўқитилди. Курс якунида уларга сертификатлар топширилди.

 Айтиш ўринлики, бу каби ишларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси кафолатлари кучайишини таъминлаш, бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, сифатли давлат хизматларини тақдим этишга кенг шароит яратади. Шунингдек, мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларига чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади.

 Ғ.ПЎЛАТОВ,

 Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!