Меню

Қашқадарё

30.04.2019 1669

ТАДБИРКОРГА ҲАМ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ, ҲАМ ИЖТИМОИЙ МАЖБУРИЯТ ЮКЛАНАДИ

 Тадбиркор 2 йил ичида ушбу мулкка 2 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 40 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олди. Муҳими ўтган вақт давомида лойиҳа доирасида салмоқли иш қилиниб, муддатидан анча аввал, жорий йил бошидаёқ янги қувват тўлиқ ташкил этилиб, маҳсулот тайёрлашга ҳам киришилган. Бугун аҳолига корхона томонидан бир неча ўлчамдаги телевизор ва чангютгич етказиб берилмоқда.  Бу мақсадда инвестор томонидан ўзлаштирилган маблағ эса 2,5, миллиард сўмга етган. 40 нафар ёш йигит-қизнинг бандлиги таъминланган.

Қарши шаҳрида бўлиб ўтган семинарда вилоятимизда тегишли тартибда хусусийлаштириш белгиланган объектларда йўлга қўйилган шу каби лойиҳалар ижроси ҳақида сўз юритилди. Тадбир Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда ташаббускор инвесторлар иштироки таъминланди.

- Бугун вилоятдаги бўш турган давлат кўчмас мулки объектларидан фойдаланиш истагидаги тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди агентлик вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Тўлқин Олтибоев. - Шуни ҳисобга олиб, жараённи соддалаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қатор ўзгаришларга қўл урилди.  Президентнинг 2018 йил 11 октябрдаги фармони бунга кенг шароит яратди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, эндиликда фойдаланилмаётган давлат мулкини баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш жорий қилинди. Шу тартиб асосида ўтган даврда 35 та бўш турган объект сотувга қўйилди.  Шундан 25 таси 8,98 миллиард сўм ва 67,2 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 200 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятлари билан сотилди.

Қайд этилганидек, айни вақтда мазкур объектларда тадбиркорлар томонидан шартномага асосан олинган мажбуриятлар бажарилиши устидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Семинарда ўрганишлар давомида аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш бўйича қатнашчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!