Меню

Қашқадарё

27.09.2018 1711

ТАДБИРКОР ТАНЛОВДА ЮТИБ ОЛГАН ЕР УЧУН ҲОКИМ НЕГА ҚАРОР БЕРМАДИ?

Чор-атрофга бадбўй ҳид таратиб, ҳудуд мусаффолигига, аҳоли саломатлигига рахна солаётган шу чиқиндихонадан кўра замонавий шохобча маҳаллага кўрк бағишлаши турган гап.  Кўпнинг маслаҳати билан ушбу ташландиқ жойда болалар майдончаси барпо этиш фикри бир овоздан маъқулланади. Ишбилармон ҳам бунга йўқ демайди. Аксинча, расман рухсат берилмаган бўлса-да, оғзаки рози-ризолик олгач, дарров амалий ишга киришади. Натижада тамаддихонаси ва аттракционлари бўлган мўъжаз болалар майдончаси қад ростлайди. Аммо ҳамма муаммо шундан кейин бошланади.

Сув кўрмай, этик ечибди

Ҳовлиқиб, аввалдан пухта ўйламай иш тутган кишига нисбатан шундай ибора қўлланади. Тўғри-да, на бир ҳужжат олмай, қўлга рухсат тегмай туриб, ерга ноқонуний эгалик қилишга, боз устига ўзбошимчалик билан шу жойда қурилиш олиб боришга ҳеч ким ҳақли эмас. Ҳар нарсада тартиб-таомил бўлгани каби бунинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Ўшанда бу масалада Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган “Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низом”га асосланиб иш кўрилган. Ушбу ҳужжатда аҳоли пунктларидаги майдони 1 гектаргача ва         1 гектар бўлган ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш фақат танлов асосида амалга оширилиши қатъий кўрсатилган.

Нега бундай тартиб қўлланган дерсиз. Илгари ер биргина ҳоким қарори билан нотурар жой сифатида исталган тадбиркор, жисмоний шахсга бериб юборилаверарди. Эртага тадбиркор муайян фаолиятни йўлга қўядими ёки йўқ, мавҳумлигича қоларди. Баъзан ўша ер анча вақтгача бўш турарди. Йиллаб нархи ошишини кутиб, кейин сотиб яхшигина даромад кўрганларни ҳам эшитганмиз, айниқса энг талабгир ҳудудлар, хусусан, Қарши ва Шаҳрисабзда. Оқибатда бу самарасиз усулдан воз кечилди. Ер ҳақиқий тадбиркорга берилиши чораси кўрилди. Уни танловга қўйишади. Камида икки нафар даъвогар ушбу ердан мақсадли фойдаланиш бўйича ўз тижорат таклифини билдиради. Энг яхши инвестиция лойиҳасини тақдим этган, кўп иш ўрни яратишни ваъда қилаётган тарафга устунлик берилади. Ғолиб эса муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, одамларни иш билан таъминлаш шулар сирасига киради.

Хўш, тадбиркор ерни қонунга зид равишда тасарруф этиб, кимга ё нимага ишонган? Нима учун барча амал қилиши шарт бўлган тартибни четлаб ўтган?  Иморат қуриб олсам, ҳужжати тезроқ битади, деб ўйлаганми? Шу саволлар билан унинг ўзига юзландик.

- Ўшанда ҳокимлик масъулларининг гап-сўзига кириб иш қилганмиз-да, - дейди Мурод Раҳмонов. – Сен буёғини бошлайвер, қолгани ўз-ўзидан бўлади, дейишган. Кейин шу орада ҳоким ҳам ўзгарди. Бу ерда катта харажат қилиб қўйганман. 80 миллион сўмга яқин маблағим кетганди. Эгаликни расмийлаштириб беришни сўраб, ҳокимликка мурожаат қилдим. Ҳозирда тартиб    бошқача эканини, ерни шунчаки ҳоким қарори билан бериб бўлмаслигини тушунтиришди. Бу    участка танловга қўйиладиган бўлди.

Фуқаронинг сўзларига кўра, танлов ҳам ҳадеганда ўтказилавермаган. Ана-мана дейиш билан орадан 2 йил вақт ўтиб кетган. Тасарруф этишга қонуний ҳуқуқи бўлмагандан кейин қурган иморатидан ҳам фойдалана олмаган.

Ҳаммаси рисоладагидек бўлди ҳамки...

Мурод Раҳмонов тақдим этган ҳужжатларга кўра, ва ниҳоят танлов 2018 йилнинг бошида ўтказилади. Табиийки, у ҳам зарур ҳужжатларни тайёрлаб, танловда Шаҳрисабз шаҳри Ғалаба маҳалласи ҳудудидаги 300 квадрат метр ерга даъвогар сифатида иштирок этади. Ўз таклифида ушбу ер участкасига 100 миллион сўм сармоя йўналтиришни (аслида бу маблағ деярли аллақачон киритилган), 5 кишини фойдали иш билан банд этишни, тегишли лойиҳа асосида болалар майдончаси ташкил этишни кўрсатади.

Шундан сўнг Ҳудудий танлов комиссияси хулосасига асосан, фуқаро Мурод Раҳмонов танлов ғолиби деб топилади. Бу эса комиссиянинг раиси, вилоят ҳокими ўринбосари имзоси билан тасдиқланган, 2018 йил 3 мартдаги 39/2-сонли баённомада ҳам ўз исботини топади. Ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш учун илк қадам ташланади. Ишбилармон эса муаммоси қонуний ечим топаётганидан мамнун бўлади.

Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, танлов якунлангач, босқичма-босқич кейинги жараёнлар амалга ошиши лозим. Шундай ҳам бўлади. 2018 йил 15 май санасида “Тадбиркорлик объектини қуриш учун ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқининг танлов савдосида сотилганлиги тўғрисида” икки томонлама шартнома тузилади. Сотувчи сифатида Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги намоён бўлса, харидор сифатида фуқаро Мурод Раҳмонов кўрсатилади.

Аҳамиятлиси, мазкур ҳужжатда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ифодаланган. Мисол учун, сотувчи, яъни маҳаллий ҳокимлик зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб, ерни ажратиб бериб, объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномани имзолагандан сўнг шартнома шартларини тўлиқ бажарган ҳисобланади. Шунингдек, сотувчи объектда қурилиш ишлари бошланмаган ёки бошлаб қўйиб ўз вақтида битказилмаган тақдирда ер участкасини олиб қўйиб, уни яна танлов савдосига қўйишга ҳақли.

Ўз-ўзидан харидор, яъни тадбиркорнинг ҳам мажбуриятлари маълум. Ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариш, лойиҳадан четлашмаган ҳолатда      2 йил муддатда бинони қуриб битказиш унинг вазифасига киради. Бунда шаҳарсозлик қоидаларига қатъий амал қилиши лозим.

Кўриниб турибдики, барчасидан аввал ер ажратиш тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниши керак. Шундагина тадбиркор қурилишни бошлай олади (бу вазиятда эса қурилиш ишларини олиб боришга ҳам деярли ҳожат йўқ, чунки барчаси қилиб бўлинган. Фақат архитектурадан тегишли хулоса олинса бўлгани). Бироқ ишбилармоннинг айтишича, барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгани, маълум миқдордаги тўлов амалга оширилганига ҳам қарамасдан қарор бериш ҳанузгача ортга сурилмоқда. Бундан эса фуқаро ташвишга тушган, на бирор ишга қўл уриш ё урмаслигини билади.

Фақат ҳоким имзоси йўқ

Ҳокимлик фуқарога ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириб бериш бўйича буткул ҳаракатсиз турди, деб ҳам бўлмайди. Тадбиркорга берилган қарор лойиҳаси мазмуни ҳам буни айтиб турибди. Лойиҳа тайёрлангану, унга қонуний тус беришга келганда эътиборсизликка йўл қўйилган. Негаки тадбиркор ихтиёрида бўлган ушбу қарор нусхасини шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари О.Рахмонов, шаҳар бош архитектори вазифасини бажарувчи Б.Рахмонов, шаҳар ҳокимлиги бош юристконсульти М.Исматов имзолашган. Лекин биргина имзо – шаҳар ҳокими И.Нусуровнинг имзоси йўқлиги учун қарор қонуний кучга эга бўлмай турибди.

Мурод Раҳмонов эса бунга ҳокимлик турли важларни кўрсатганини таъкидлайди. Натижа бўлавермагач, фуқаро Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлади ва шу орқали ўзини қийнаётган масалага аниқ бир жавоб олишни кўзлайди. Маълум бўлишича, унга почта орқали маҳаллий ҳокимлик манзили кўрсатилган хат келади. Хат гўёки ҳоким номидан йўллангандек таассурот қолдиради. Бундай дейишимизга сабаб ҳоким И.Нусуров деб ёзилган жойга имзо қўйилган. Шубҳа уйғотадиган томони эса хатда на сана, на рўйхатга олиш рақами қайд этилган. Бунинг устига мурожаатчининг отасининг исми ва яшаш манзили ҳам бутунлай нотўғри кўрсатилган.

Ҳаммасидан ҳам қизиғи фуқаро мурожаати нега қаноатлантирилмагани сабабидир. Унда айтилишича, ҳокимлик ишчи гуруҳи мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиб қуйидагиларни аниқлаган. Тегишли маҳалла ҳудудидаги 384 квадрат метр ер майдонини болалар майдончаси қуриш учун танлов савдосида олиб, бу жойда шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилмасдан, лойиҳа ҳужжатларисиз бино қуриб олгани уқтирилади. Ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин тегишли тартибда олинадиган архитектура-режалаштириш ҳужжатларига кўра замонавий лойиҳа асосида қурилиш қилиши лозимлиги тушунтирилган.

Демак, хатга имзо чекканми, хокимнинг муаммо юзасидан тутган позисияси унда ифодасини топган. Энди шу масала бўйича сўраганинг билан ҳам юқоридагига ҳамоҳанг жавоб олаверасан...

Албатта, савол туғилади: бу билан ҳокимлик нима демоқчи? Ҳозирги қурганинг мавжуд қоидаларга тўғри келмайди, ҳаммасини бузиб бошқатдан қур, деган мазмун келиб чиқади назаримда. Айнан нимаси шаҳарсозлик нормаларига зид экани ҳақида эса лом-мим дейилмаган. Архитектуранинг бу ҳақдаги аниқ хулосаси ҳам илова қилинмаган. Регистрация қилинган, тайини йўқ хатни жиддий қабул қилиш-қилмасликни ҳам билмайди киши.

Тадбиркор харажатига куйиб қолсинми?

Яна бир жиҳати, тегишли ер участкаси жойлашган маҳалла “Обод маҳалла дастури”га ҳам киритилган. Айни дастурдан эса тадбиркор қурган объект атрофи ҳам жой олган. Ҳудуд ободонлаштирилиши белгиланган. Маҳалла аҳли эса бир вақтлар буткул чиқиндихонага айланиб қолган майдоннинг кўркам ва обод гўшага айланганидан хурсанд.

Тадбиркорни ўйлантираётган нарса муаммонинг ҳалигача ҳал этилмаётганидир. Катта харажат қилиб барпо этган бинони бузарини ҳам, тадбиркорлик фаолиятини жадал йўлга қўярини ҳам билмайди. Охир-оқибат шунча харажатга куйиб қолишдан хавотирда. Бу туришда бир ишбилармонни бизнесдан совутиб қўйиш, шаштини ўлдириш ҳам ҳеч гап эмас. Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, бизнес бошлашга иштиёқманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда мутасаддиларнинг бундай муносабати акс таъсир беришдан бошқа нарсага хизмат қилмайди.

Тўғри, тадбиркорнинг шошқалоқлик билан қилган бу ишини ҳам батамом ёқлаш  фикридан йироқмиз. Хатосини тушуниб, қонуний йўл тутганининг ўзи катта гап. Аввало, у фойдани кўзламаса, бирор жойга пул тикиб манфаат кўришни мақсад қилмаса, тадбиркор бўлолмайди. Ишбилармонларнинг кўп бўлишидан эса барчага бирдек наф тегади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бир тадбиркор ҳам ўзини боқади, ҳам халқни, давлатни боқади, бой қилади. Унинг қонуний  фаолиятига ҳеч ким тўсиқ бўлмаслиги, ўзини кўрсатиши, фаоллик намоён қилиши учун кенг шароит яратиб берилиши керак. Шунда жамият ҳам тез суръат билан ривожланади, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаверади. Шундай экан, муаммонинг ечимига ана шундай нуқтаи назар билан ёндашиш ҳеч кимга зиён келтирмайди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!