Меню

Қашқадарё

11.08.2022 3612

Тадбиркор наркотик учун қамалганларни озод этишни таклиф қилди

Америкалик  тадбиркор, SpaceX компанияси мулкдори Илон Маск президент Жо Байденнинг баскетболчи Бриттни Грайнерни Россиядаги ҳибсдан қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлари фонида АҚШдаги гиёҳвандлик воситаларига оид ишлар бўйича қамалганларни озодликка чиқаришни таклиф этди. 

"Агар президент Россиядан гиёҳвандлик моддаси учун судланган кимнидир олиб чиқиш учун шунчалик зўр бериб ишлар экан, нега биз Америкада худди шу сабаблар билан қамоқда қолаётганларни озод қилмаймиз?", деган Илон Маск Full Send Podcast YouTube канали бошловчисининг Бриттни Грайнер ишига оид ҳукм ҳақидаги саволига жавобан.

Тадбиркорнинг қайд этишича, у одамлар зўравонлик ҳисобланмайдиган ҳаракатлари учун озодликдан маҳрум этилмаслиги керак деган фикрда.

Айтиб ўтиш жоиз, февраль ойида Нью-Йоркдан учган самолётда келган Бриттни Грайнер Москвадаги Шереметьево халқаро аэропортида қўлга олинганди. Хавфсизлик ходимлари америкаликнинг қўл юкларини кўздан кечириш вақтида ичида ўзига хос ҳидли суюқлик бўлган электрон чекиш ускунаси (вейп)ни топган. Экспертиза унинг "гашиш" ёғи эканини аниқлаган.

Ўтган ҳафта Москва вилоятининг Химки шаҳар суди баскетболчини гиёҳвандлик моддаси контрабандаси учун тўққиз йилга ҳукм қилиб, бир миллион рубль миқдорида жарима солди. У жазони умумий тартибли муассасада ўташи белгиланган. Бунга жавобан Жо Байден суд қарорини адолатсиз деб атаб, Бриттни Грайнерни зудликда озод қилишга чақирган ва АҚШ маъмурияти бунинг учун "барча имкониятлар"ни ишга солишини билдирган.

Грайнер - жаҳоннинг энг кўп соврин ютган баскетболчиларидан бири. У Халқаро баскетбол ассоциациясининг энг яхши 25 нафар аёл ўйинчиси расмий рўйхатига киритилган. 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!