Меню
Қашқадарё
ТАДБИРКОР МУАММОСИНИНГ САМАРАЛИ ЕЧИМИ
Тадбир юртимизда 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қийнаётган, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида ўтказилди.
Сайёр қабулда ишбилармонлар томонидан кўтарилган 20 дан зиёд таклиф ва муаммога Давлат божхона қўмитаси Божхона лабораторияси бошқармаси бошлиғи Б.Абдуғаниев, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи М.Аманов ва бошқарманинг масъул бўлим бошлиқлари аниқ ечим беришди.
- Маълумки, экспорт ҳажмининг ошиши валюта тушуми кўпайишига, ҳудуд иқтисодиёти жадал равнақ топишига хизмат қилади, - дейди Қамаши туманидаги “Муродали фарм текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муродали Фармонов. – Бизнинг корхона ҳам бир неча йилдан бери ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этиб келаяпти. Асосан тўқимачилик саноати йўналишида фаолият кўрсатаяпмиз. Корхонамизда момиқ, нотўқима мато, сочиқ ва бўз матоси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Маҳсулотларимизни қўшни мамлакатларга экспорт қиламиз. Аммо мавжуд тартибларга кўра, экспортни амалга ошириш учун шартнома, инвойс, пул тушганини тасдиқловчи ҳужжат ва бошқалар талаб этилади. Чет эллик ҳамкорларимиздан ушбуга оид ҳужжатларни олиш қийин кечаётгани натижасида маҳсулотни жўнатиш белгиланган вақтдан кечикаяпти. Бу борада қўшимча имтиёзлар берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу таклифим тегишли мутахассислар томонидан ўрганиладиган бўлди.
Шунингдек, тадбирда вилоятимиз ишбилармонларига ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда бу борада божхона соҳасида яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.
Собир ХОЛМУРОДОВ,
вилоят божхона бошқармаси катта инспектори