Меню
Қашқадарё
ТАДБИРКОР БЎЛИШ УЧУН НИМА КЕРАК?
Қарши туманидаги Нукрабод маҳалласи ишбилармон ва омилкор одамлари билан ном чиқарган. Бу ерда кичик бир имкониятдан ҳам катта самара чиқараётган, шу орқали рўзғорини обод, дастурхонини тўкин қилаётган оилалар талайгина. Кимнинг даромади деҳқончиликдан бўлса, бошқалар чорва, парранда боқиб, ҳунармандчилик қилиб фойда топаяпти.
- Маҳалламизда 1 минг 60 хонадон мавжуд бўлиб, жами 4 минг 88 нафар киши истиқомат қилади, - дейди Нукрабод МФЙ раиси Сами Абдуллаев. - Тадбиркорларимиз ҳукуматимиз яратиб бераётган шарт-шароитлардан муносиб фойдаланиб, янгитдан иш бошлашаяпти ёки бошлаган ишларини такомиллаштиришмоқда. Деярли барча хонадонлар томорқадан даромад олишади. Картошка, пиёз ёки сабзи учун бозорга боришга ҳожат йўқ. Ҳаммаси ўзларидан чиқади. Маҳаллада ишбилармонлар кўпаяётгани сайин фаровонлик ортмоқда.
Нукрабодликларнинг кўп вақти томорқада ўтиши рост. Иссиқхона шароитида ёки очиқ майдонда экин-тикин парваришлашади. Қишин-ёзин помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маҳалланинг ўзидан, арзон нархда топишингиз мумкин. Аҳоли фақат бу иш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб, турли соҳаларда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Одамлар корига яраб, мушкулини осон қилмоқда.
МАҲАЛЛА ТАДБИРКОРИДАН - АҲОЛИГА ПАРҲЕЗ ГЎШТ
Маҳаллада паррандачиликнинг ҳадисини олган, ушбу тармоқ билан жиддий шуғулланаётган ишбилармонлар ҳам топилади. Шулардан бири меҳнат фаолиятини 2014 йилда мингта зотдор товуқ боқишдан бошлаган "Турсунова Маҳбуба Хушвақтовна" деҳқон хўжалиги раҳбари Исломбек Имомовдир. Етти хазинанинг бири - товуқ боқиш хўжаликнинг асосий фаолияти.
Маълумки, саноат усулида очирилган жўжалар анча мўрт бўлади. Бундай жўжаларни парваришлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Чунки улар озгина назоратсиз қолдирилса ёки ем-суви вақтида берилмаса, кўзланган натижага эришолмайсиз. Шу боис, ёш ишбилармон Исломбек Имомов бошчилик қилаётган деҳқон хўжалигида товуқ боқишда катта тажрибага эга бўлган кишилар меҳнат қилишади.
- Айни пайтда деҳқон хўжалигимизда 3 мингдан ортиқ зотдор парранда гўшт учун боқилмоқда, - дейди ишбилармон. - Кўриб турганингиз ушбу жўжалар 30-40 кунда тайёр бўлади.
И.Имомовнинг айтишича, хўжаликда етиштирилган товуқ гўшти тумандаги овқатланиш шохобчаларига, савдо дўконларига шартнома асосида етказиб берилмоқда, аҳолига сотилмоқда. Тадбиркор эндиликда ўз иш фаолиятини янада кенгайтириш истагида. Шу мақсадда у банкдан 7 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олди. Бу маблағ эвазига хўжаликда жўжа очиришга мўлжалланган инкубатор цехи ташкил этишни режалаштирган.
НАВБАТ - МАРМАРНИ ҚАЙТА ИШЛАШГА
Бугун маҳаллага кимнинг фойдаси тегади? Албатта, тадбиркор инсоннинг. У бирор фаолиятни йўлга қўйиб, ички бозорни харидоргир маҳсулотлар билан таъминлайди. Қолаверса, шу ҳудуддаги қанча одамни ишли қилади.
Нукрабодлик Нуриддин Пардаевнинг бизнесга қўл урганига унча кўп бўлмади. Яқинда у шлакоблок ишлаб чиқаришни ташкил этганди. Фаолият самараси дарҳол сезилди. Аввало янги иш ўринлари яратилди. Тадбиркор даромад кўра бошлади. Иши кўпчиликка наф келтираётганини кўргач, унда янги ғояларни рўёбга чиқариш истаги уйғонди.
- Ҳозирда корхонамиз томонидан бир ойда 20-30 мингдан ортиқ блок ғишт ишлаб чиқарилмоқда, - дейди у. - Маҳсулотимизга талаб юқори, шуни ҳисобга олиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ниятидамиз. Келгусида банк кредити эвазига мармарни қайта ишлаб, махсус плиталар ясаш, тахтага ишлов бериб, ундан эшик, ром ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режамизда бор. Тармоқларни кўпайтирсак, фойда салмоғи ҳам ошади. Бунинг устига ўнлаб маҳалладошим доимий иш жойига, мустаҳкам даромад манбаига эга бўлади.
ТИКУВ МАШИНАСИ ВА ЯНГИ ДАРОМАД МАНБАИ
Яқинда мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган хотин-қизлар бепул замонавий тикув дастгоҳлари билан таъминланиб, "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Ўзбекпахтасаноат" акциядорлик жамиятлари таркибидаги корхоналарга касаначилик асосида ишга қабул қилинган эди. Улар орасида нукрабодлик Сайгул Ҳайдарова ҳам бор. Қўлида гулдек ҳунари бўлса-да, айрим сабабларга кўра анча вақт ишсиз ўтирган аёл янги тикув машинаси ҳамда хомашё билан таъминланди. Унинг номига меҳнат дафтарчаси очилиб, доимий иш ҳақи тайинланди. Сайгул Ҳайдарова эндиликда ишлаб пул топиш имконига эга бўлганидан кўнглида эртанги кунидан хотиржамлик ҳиссини туяётганини айтади.
- Илгари бола-чақа боқиш, рўзғор тебратиш учун буюртма асосида қишлоқ одамларига кўрпача, ёстиқ тикиб берардим, - дейди С.Ҳайдарова. - Эски, бузуқ машинамда амаллаб тикиш қилиб, бир-икки сўм топардим. Худога шукрки, бир вақтнинг ўзида ҳам янги тикув машинали, ҳам ишли бўлдим. Бу машина жуда қулай, кўплаб вазифаларни бажарар экан. Тикиш жараёнида ҳечам қийналмайман. Бундай рағбатни кутмагандим. Ўғлим Дилшоджон ва келиним Наргизахонлар ҳам бекорчиликдан қутулди. Улар ҳам менга ёрдам беришаяпти. Чунки қанча кўп маҳсулот тайёрласак, даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Ойлик маошимни тўплаб, битта соғин сигир олмоқчимиз. Сут, қатиқ рўзғорингдан чиққанига нима етсин.
Айни дамда Сайгул Ҳайдарова пахта йиғим-терим мавсуми учун зарур этак, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча ҳамда махсус иш кийимлари каби маҳсулотларни зўр иштиёқ билан тикмоқда.
Таъкидлаш жоиз, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб турмуш шароити яратиш борасидаги бу каби ишлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган муҳим вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилмоқда.
Юқорида айтганимиздек, одамларнинг ишбилармонликка, тадбиркорликка ўрганишида маҳалла институти асосий кўмакчи бўлиши, уларни даромадли ишга йўналтириши керак. Шундагина оилаларда батамом тўкинлик, юксак турмуш даражаси таъминланади. Бундай оилалар кўп бўлган маҳалла обод гўшага айланади. Маҳалла ободлиги эса юрт ободлигидир.
Сожида АЛЛАЁРОВА
Муаллиф олган суратлар.