Меню
Қашқадарё
ТАБИИЙ ВА ТЕХНОГЕН ХУСУСИЯТЛИ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР
Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, соҳага алоқадор бошқа идора ва ташкилотлар масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, амалдаги қонун ва ушбу соҳага доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, авариялар юз бериши хавфининг олдини олиш ҳамда аҳолини ўз вақтида хабардор қилишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди. 2015 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу масалалар бўйича вилоят ҳокими томонидан 20 та қарор, фармойиш ва буйруқ имзоланди. Табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракат дастури тасдиқланди.
Муҳокама чоғида бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Рақамларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 17 та фавқулодда ҳолат содир бўлиб, уларнинг 9 таси техноген, 8 таси табиий хусусиятга эга. Фавқулодда вазиятлар натижасида ҳалок бўлганлар ва турли даражадаги тан жароҳати олганлар борлиги бу борадаги ишларни самарали ва тизимли олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
Шунингдек, айрим йирик объектларда хавфсизликка доир, хабардор қилишнинг замонавий тизимларини ишга тушириш, зарур моддий-техник захиралар яратиш ҳамда энг муҳим объектлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш масалалари бўйича тегишли назорат хизматларининг кўрсатмалари тўлиқ бажарилмаган.
Шундай экан, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича қонун ҳужжатларини, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни таъминлаш ва ижро этиш устидан депутатлик назоратини кучайтириш борасида маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилади.
Тадбирда ана шу масалалар атрофлича муҳокама этилди. Муҳокама якунлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.ХЎЖАЕВ