Меню
Қашқадарё
ТАБИАТГА БУ КЕРАК, ИНСОН УЧУН ЭСА МУҲИМ!
Ёки бошқа жараёнларга эътибор беринг: эрта кўкламда ерга иссиқ ўтиши билан майсалар уна бошлайди. Бу ҳодисага офтобнинг тафти заминга ўз таъсирини ўтказгани, биологик жараён – ўсиш вақти келганини билдиргани сабаб бўлади. Ё бўлмаса, бошқа ҳодисот: дарахтлар қийғос гуллаши билан гулларга парвона бўлаётган капалагу асалари боғларда ғужғон ўйнайди. Шу аснода дов-дарахт, ўсимликлар ҳаётидаги муҳим жараён – чангланиш ҳодисаси рўй беради. Тўғри, айрим ўсимликлар ўз-ўзидан чангланиш хусусиятига ҳам эга, бироқ аксариятининг чангланиши учун айни шу митти жониворлар керак бўлади. Яъни табиатдаги барча мавжудот орасида бир-бирига узвий боғлиқлик борлигини кўриш мумкин: сув бўлмаса, ердан майса унмайди, майса унмаса, ўтхўр жониворлар ҳам йўқолади, ўтхўрларнинг бўлмаслиги эса йиртқичларнинг қирилиб кетишига олиб келади. Дарё-денгизларда сув қуриши ҳавза жониворларининг ҳаётига хавф солса, аксинча – шу ҳавзадаги қайсидир мавжудотнинг кескин камайиб кетиши сув ҳолатига салбий таъсир ўтказади. Бу бир-бирига занжирдек боғланиб, чирмашиб кетган жараён илмий тилда “биологик хилма-хиллик” деб аталади. Биохилмахилликнинг мавжудлиги табиатдаги мувозанат ўз меъёрида сақланишининг кафолати ҳисобланади.
Фандан маълумки, табиатда пайдо бўлган барча тур ҳам бирдай яшовчан эмас. Қадимда яшаган улкан жониворлар кейинчалик иқлим ўзгариши туфайли йўқликка юз тутган. Айрим қушлар, ҳашаротлар ҳам шу тақдирга рўбарў бўлди, яъни улар Ер юзида маълум муддат яшаб, кейин рўй берган ўзгаришларга дош бера олмади. Аммо бирмунча кейинроқ, манбаларда келтирилишича, XVII асрдан бошлаб, аста-секинлик билан табиатга иқлим ўзгаришларидан каттароқ хавфни бошқа бир фактор - инсон омили туғдира бошлади. Одамзоднинг хўжалик фаолияти тараққий этиши, истеъмол эҳтиёжининг ортиши, аҳоли кўпайиш даражаси ва тамаддун ривожи натижасида табиатдаги мувозанатга путур етиб, айрим жонивор ва ўсимликларнинг кўплаб қирилиб кетишига олиб келди. Бу ҳолат жиддий ўзгаришларга сабаб бўла бошладики, энди жаҳон афкор оммасида ташвиш уйғонди. Кейинги икки асрда сезиларли йўқотишга учраган табиатнинг ташвишли “сигнал”лари – “Қизил китоб” саҳифаларининг кўпайиб бориши, айрим турларнинг ер юзидан буткул йўқолишию бунинг оқибатида фауна ва флора дунёсидаги улкан талафотлар, иқлим ўзгаришлари олим ва мутахассисларни жиддий бош қотиришга мажбур қилди.
Бу масалани 1994 йилда кўриб чиққан ва биологик хилмахилликни сақлашга бағишланган конференцияда шу ҳақида Конвенция тузган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1995 йилда махсус резолюция асосида ҳар йили 22 май санаси Биологик хилмахиллик куни сифатида нишонланишини эълон қилди. Таъкидлаш керакки, бундан бироз аввалроқ – 1992 йилда мазкур ташкилот ташаббуси билан Рио-де-Жанейро шаҳрида атроф-муҳит ва барқарор ривожланишга бағишланган Конференцияда биохилмахилликни сақлаш, тирик мавжудотлар каби экотизимларни ҳам асраб-авайлаш лозимлиги таъкидланган эди. Биохилмахиллик деганда эса бугунги кунда сони камайиб бораётган ҳайвону қушлар, ҳудуди қисқариб бораётган яшил майдонлар – ўрмонзорлар, ноёб ўсимликлар ўсадиган табиий маконлар назарда тутилган.
Табиат билан, одамзодни қуршаб турган атроф-муҳит билан боғлиқ муаммолар барча давлатларга бирдай тегишли, тааллуқли. Юқоридаги конвенция шу боис ҳам ҳозирга қадар 200 га яқин давлат томонидан қўллаб-қувватланган. Бу кунни алоҳида сана сифатида нишонлашдан кўзда тутилган мақсад эса аниқ: биологик хилмахилликни сақлаш, ноёб алоҳида турлар каби экотизимларни ҳам асраб-авайлаш, табиат бойликларини муҳофаза қилиш, барқарор ривожланишни таъминлаш учун табиий захиралардан режали фойдаланиш. Ҳар йили 22 май куни шу каби масалалар ўртага ташланади, кенг жамоатчиликка бугунги кундаги табиат билан боғлиқ энг муҳим муаммолар, камчиликлар ҳақида маълумот берилади. Мутахассисларнинг ҳисоблашларича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан сайёрамиздаги биохилмахиллик тобора қисқариб бормоқда, табиий мувозанат эса иқлим ўзгаришлари ҳисобига ҳамон жиддий хавф остида. Экотизимнинг 60 фоизи деградацияга учраган ёки ўйловсизлик билан истифода этилмоқда. Оқибатда эса яқин 50 йил ичида биологик хилмахиллик жиддий йўқотиш ва оғир оқибатларга учраши мумкин.
Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш кенгаши биохилмахилликни маҳв этишга қодир бўлган 7 та асосий факторни келтиради. Булар: табиий муҳитнинг бўлакларга бўлиниб кетиши ва йўқолиши, инвазив, яъни инсон омили томонидан вужудга келтирилган турларнинг рақобатга киришиши, глобал иқлим ўзгаришлари, саҳролашув, аҳоли кўпайиши ва ҳаддан ортиқ эҳтиёж, табиий ресурслардан хўжасизларча фойдаланиш.
Эътибор қаратилса, бу факторларнинг аксари инсон омили таъсирида юзага келиши маълум бўлади. Табиатдаги мувозанатни сақлаш, биохилмахилликни бир меъёрда тутиб туриш учун халқаро ташкилотлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини беришига умид боғлаган ҳолда бу ҳар бир инсоннинг зиммасидаги муҳим вазифа эканлигини унутмаслик лозим. Зеро, табиат учун керак бўлган бу омил инсониятнинг келажак ҳаёти учун ўта зарур ва шарт ҳисобланади. Бўш турган ташландиқ ерни обод қилиб, боғ яратиш, сувни тежаб ишлатиш, маиший чиқиндига тўғри муносабатни шакллантириш, саёҳат одоби каби муҳим қоидалар борки, буларга риоя қилган ҳар бир киши биохилмахилликни асрашга ҳисса қўшаётганини ўз-ўзига таъкидлаб қўйиши мумкин. Ҳайвону қушларнинг, сувдаги жониворларнинг сайёрамизда биз билан ёнма-ён яшовчи қўшниларимиз эканлиги, уларнинг ҳам бу маконда мустаҳкам ўрни ва аҳамияти борлигини ҳамиша ёдда тутиш лозим. Шундагина биохилмахилликни асраш йўлида қилинаётган ишлар кўпроқ самара берса, ажаб эмас...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.