Меню
Қашқадарё
ТАБИАТДАН ОЛИНГАН ТУЙҒУЛАР
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлимининг раҳбари Ўроз Ҳайдаров вилоятда яшаб, самарали қалам тебратаётган ижодкорлардан. Чироқчининг бепоён қир-адирларида туғилиб-ўсган Ўроз Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлагач, аввал бироз муддат сув хўжалиги идораларида, кейин туман газетасида, “Насаф” нашриётида ишлади. Кўп йиллар вилоят ички ишлар бошқармасида ахборот хизматига раҳбарлик қилди. Айни пайтда “Посбон” газетаси таҳририятини ҳам бошқарди.
Ўроз Ҳайдаров - сермаҳсул ва серқирра ижодкор. Унинг “Қуёш ўтови”, “Куйловчи тошлар”, “Мусиқор”, “Қизалоқ ва қизғалдоқ”, “Ҳазилкаш қиш”, “Аксиома”, “Оқ соя”, “Вақт изтироби”, “Яйловдаги оқ чодир”, “Руҳафзо”, “101 сонет”, “Кечиккан фасл”, “Фалак фаввораси” каби шеърий китоблари, “Талваса”, “Эн”, “Икки ўлим”, “Зарралар”, “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” насрий асарлари, қатор публицистик тўпламлари нашр қилинган. “Талваса” детектив романи асосида кўп қисмли видеофильм суратга олинган. “Кечикмаган тазарру” драмаси вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. Китоблари, шеърлари инглиз, немис, турк, тожик, ассам тилларига таржима қилинган. 2008 йилда ижодкор “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг ғолиби бўлган.
Ўрознинг шеърларини бир ўқиганда кўпам тушунмаслигингиз мумкин. Аммо эътибор билан яна бир кўздан кечирсангиз, унинг ташбеҳларидан ҳайратланасиз. Чунки у ишлатган ташбеҳларни бошқа бирон шоир ижодида, адабиётларда учратмайсиз. Улар халқ тилидан олинган. Биргина “Орзу” деб номланган шеърига эътибор беринг-а:
Паричеҳра аёлинг бўлса,
Муз эриса табассумидан.
Қиқирласа гуллар у кулса,
Қушга дўнса илон имидан.
Вақт тўхтаса қош чимирганда,
Жеркканида силкинмаса Ер.
Кўзлари жим отганда ханда,
Кипригидан томса шаффоф шеър.
Пиёлада чой узатган чоғ,
Офтоб қўнса чойига унинг.
Чорловидан солиб қалдироқ,
Тоғ тиз чўкса пойига унинг.
Ич-ичингдан ҳайқирсанг завқдан,
“Менинг шундай бор деб фариштам”.
Бир умрга қутулсанг сўнгра
Аёл ҳақда хаёл суришдан.
Шеърни ўқиган одам аввало минг-минг йиллардан бери куйланиб келаётган гўзал инсоний туйғу - муҳаббатга ташналикни ўзига хос йўсинда ифодалайди. Ва ҳар бир йигит орзуси - соҳибжамолу соҳибкамол ёр тимсолини халқона рангларда чизиб беради: кулса, кулгиси гулга дўнадиган, мулойимлик, ҳалимлик билан муз юракни-да эрита оладиган иболи бир санам тасвири кўз ўнгингизда гавдаланади.
Ўрознинг ижоди билан таниш бўлмасангиз, уни яхши билмасангиз, автобиографик “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” эссе-романини бир варақлаб кўринг. Унда энг аввал она тилимизнинг бойлигини, ранг-баранглигини кўрасиз. Ёзувчи асарида “ж”ловчи шеванинг бутун товланишларини, гўзаллигини худди келин сепини ёйгандек олдингизга ёйиб қўяди. Оҳори тўкилмаган, ҳали адабиётимизда ишлатилмаган, болалигимда эшитган, бироқ хотирамдан кўтарила бошлаган сўзларни ўқиб, рости миямнинг тарҳи очилиб кетгандай бўлди. Матбуотнинг расмий, қуруқ тилига ўрганиб қолган кўзларим ҳаяжондан чарақлади. Асар қаҳрамонлари - таниш чеҳраларни кўриб, ўзимни Чироқчининг кенгликлари, яшил либос кийган кўм-кўк қирларида юргандек ҳис қилдим.
Инсон туғилиб-ўсган замин маълум бир маънода унинг феъл-атворини ҳам белгилайди, деган гапга ишонаман. Ўрознинг характери ҳам Чироқчининг кўклами кўркам, яйловлари баракали, ёзи иссиқ, шамоллари кўп, кузи тўкин, қиши қаттиқ табиатига ўхшайди. Ўроз кўп йиллардан буён шаҳарда яшаса-да, табиатан ғирт даштликдир. У қолипларга сиғмайдиган одам. Шоирнинг қийқириб кулишлари, жўшиб шеър ўқишларини кўрганимда завқланаман...
Дўстимиз ушбу баҳорда ижод кишиси учун қирчиллама ёшга тўлди. Буёғи энди донишмандлик. Босиб ўтилган ҳаёт йўли, сабоқлар ҳақида кўп нарса ёзиш мумкин. Тилагим - ижоддан тўхтамасин, толмасин. Зеро, Ўроз ҳали гўзал шеърлари, насрий битиклари билан адабиётимиз мухлисларини яна кўп бора хурсанд қилишига ишонаман.
Абдужалол ТАЙПАТОВ,
журналист