Меню
Қашқадарё
ТАБИАТ ЗУҒУМНИ КЕЧИРМАЙДИ
Флора ва фауна дунёсига экологик хавф
Экологик хавф, ўрни келганда, ҳаттоки ядро талафоти ва терроризмдан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, Ер юзидаги барча халқларни тобора бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиат (WWF), Global Footprint Network жамғармалари ва Лондоннинг зоологик жамияти мутахассислари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 1970 йилдан буён Ердаги ёввойи ҳайвон ва қушлар сони 3430 турга, тирик сайёранинг индекси эса 52 фоизга камайган, яъни ҳавода ва қуруқликда яшайдиган жониворлар тури 76, Ер устида ва сувда яшовчилар сони 39 фоизга қисқарган.
4 дарахт бир кишининг бир кеча-кундуздаги кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради
Табиат шу қадар нозикки, катта шаҳарнинг кислород балансини сақлаб туриш учун 1 кишига 25 квадрат метр яшил майдон талаб қилинади. Дарахт ва бута барглари, кўкатлар шаҳар осмонидаги чангнинг 72 фоизини ушлаб қолади.
Ёзда бир гектар ўрмон бир кеча-кундуз давомида 220-275 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор 430-500 кишини ўн соат давомида кислород билан таъминлашга етади. Тўртта дарахт бир кишининг бир кеча-кундуздаги кислородга бўлган эҳтиёжини қондира олади.
Маълумотларга кўра, фақат ёғочнинг ўзидан 20 мингдан ортиқ турли хил материал ва моддалар, бир куб метр ёғочдан эса 1,5 минг метр сунъий ипак ёки 600 та трикотаж костюм ёхуд 200 килограмм қоғоз олинар экан.
Кўриниб турибдики, ўрмонлар ва дарахтлар инсон эҳтиёжини ҳар томонлама қондириб, одамларни кийинтиради, даволайди ва ташналигини қондиради. Бироқ ўрмонларнинг тобора қисқариб бораётгани жиддий хавотирларга асос бўлади.
Табиат олдида ҳисоб берайлик!
Камёб ва йўқолиш арафасида турган ҳайвонот ва ўсимлик турларини асраб-авайлаш, кўпайтириш бугун долзарб вазифага айланган. Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни арафасидаги тадбирлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокамаси эса Ер юзи аҳолисига экологик вазиятни яхшилаш учун мисоли бир бонгдир. Аслида ҳар куни, ҳар дақиқа хатти-ҳаракатларимиз учун табиат олдида ҳисоб беришимиз керак. Бебаҳо неъмат - сувдан оқилона фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонат оламини асраш, экологик барқарорликни таъминлашга устувор вазифа сифатида қараб, нафақат бугунги, балки, келажак авлодларимиз тақдири учун ҳам масъул эканимизни унутмаслигимиз даркор!
Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.