Меню

Қашқадарё

29.05.2020 1460

ТАБИАТ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

Айрим кишиларнинг атроф-муҳитга муносабатини кўриб, нима, булар табиий бойликлар битмас-туганмас деб ўйлашадими, деган тўхтамга келасиз.

Мисол учун, Ғузор тумани Ўрикзор маҳалласи ҳудудидаги фойдали қазилмалар жойлашган майдондан фуқаро Х.Б. ноқонуний равишда, кўнгилни кенг қилиб қум-шағал олаётгани вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Ғузор тумани назорат инспекцияси инспекторлари томонидан аниқланган. Натижада унга нисбатан базавий ҳисоблашнинг 10 баробари миқдорида жарима жазоси расмийлаштирилган.

Шаҳрисабз тумани Сайёд МФЙ Сувтушар қишлоғидаги ички йўл ёқасидан эса 4 туп ёнғоқ дарахти ва ниҳоллари кесиб ташланган. Ушбу ҳолат бўйича фуқаро С.Д. 535 минг 200 сўм жарима тўлаши белгиланди.

Биласиз, шу кунларда экологик назорат ходимлари томонидан "Браконьерликка қарши кураш ойлиги" ўтказилмоқда. Қолаверса, бу муддатда балиқ овлаш ҳам тақиқланган.

Касби тумани Мерганча қишлоғида яшовчи И.О эса резина қайиққа мингашганча зовурдан 67 дона балиқ овлаган. У ўз ҳаракатлари билан "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларининг тегишли моддалари талабларини бузган.

Айрим жиноятлар борки, етказилган зарарни қоплашнинг имкони бўлади. Аммо табиатга етказилган зиён бадалини авлодлар ҳам тўлашига нима дейсиз? Шундай қилмишдан ўзини тия олмайдиганларни ким деб аташ мумкин?!

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!