Меню

Қашқадарё

10.06.2017 2010

ТАБИАТ МУСАФФОЛИГИ ЙЎЛИДА

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят ва Қарши шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида уюштирилган ушбу хайрли тадбирда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчи-талабалари, кенг жамоатчилик, кўнгиллилар иштирок этишди. Акция доирасида қатор маҳалла ва кўчалардаги ариқ-зовурлар, йўл ёқаларида тўпланиб қолган чиқиндилар махсус ташкил этилган жойларга чиқарилди. Шунингдек, Қарши-Самарқанд йўли атрофлари, Қўнғиртоғ этакларида сочилиб ётган чиқиндилар ҳам кўнгилли экологлар томонидан йиғиштириб олинди.

- Она заминимизни мусаффо сақлаш, унинг моддий ва маънавий бойликларини асраб-авайлаш барчанинг иши, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси, экологик акция иштирокчиси Бунёд Мейлиев. – Шундай хайрли тадбирда қатнашиб, шаҳримиз ободончилигига, атроф-муҳит тозалигига ҳисса қўшганимдан мамнунман. Биз талаба ёшлар бу каби хайрли ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз Конституциясида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетиш ҳамда нооқилона фойдаланишдан муҳофаза этилиши лозимлиги айтилган. Шунга монанд, экологик акция давомида мутахассислар чиқиндиларнинг инсон саломатлигига, экология ҳамда тупроқ қатламига зарари, она табиат неъматларидан тўғри фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш борасида атрофлича тушунтиришлар олиб борди.

Экологик акцияда фаол иштирок этган бир гуруҳ ташаббускор ёшлар тадбир ташкилотчилари томонидан рағбатлантирилди.

 

С.АЛЛАЁРОВА.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!