Меню
Қашқадарё
ТАБАССУМИДАН ОЛАМ МУНАВВАР
ЯНГИ БОҒЧАДА ЯНГИ ТАРТИБ…
Қарши туманидаги Ровот маҳалласидаги 1-сонли мактабгача таълим муассасаси биноси 2017-2021 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида реконструкция қилинди. Салкам 70 йил хизмат қилган пахса деворли боғча ўрнида 136 ўринга мўлжалланган замонавий маскан барпо этилди. Бу ишга 3 миллиард 150 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Муассасада 25 майдан бошлаб ёзги соғломлаштириш машғулотлари олиб борилаётир. Уларда 8 та гуруҳда 200 нафар болалар қатнашмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу таълим муассасаси нафақат туманда, балки вилоятда ҳам биринчилардан бўлиб Жанубий Корея тажрибаси асосида услубий ва дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель жиҳозлари ва бошқа техник воситалар билан таъминланган. Боғчада "Эшитгандан кўра кўрган афзал" методи амалда.
Айтиш жоиз, янги бинога мос ҳолда тартиб-қоида ҳам ўзгарди. Боғча мудираси Саида Ҳазратқулованинг таъкидлашича, хориж тажрибасининг афзалликлари кўп. Масалан, болалар умумий овқатлантирилади. 100 ўринли ошхонада болалар 2 сменада овқатланишади. Бу жараённи 5 нафар ходим қатъий назорат қилиб, суст овқатланаётган болалар билан якка ҳолда ишлайди. Шунингдек, ўқув машғулотлари олиб бориш ва ухлаш учун битта хона ажратилган. Ёғочдан ясалган енгил ва хавфсиз каравотларини болаларнинг ўзлари кўтариб ўтказишади ва уйқудан тургач, яна жойига тахлашади. Бунда ўзаро дўстлик ва аҳиллик туйғуси шаклланади, бола меҳнатга, саранжом-саришталикка ўрганади.
- Боғчада ўрнатилган янги тартиб биз ота-оналарга жуда ёқди, - дейди Нафиса Авлоқулова. - Ишчи-ходимларнинг бир хил кийиниши, боғча ҳудудида қўл телефонидан фойдаланмаслиги ҳам бизга маъқул. Умуман, болаларимиз вақтини унумли ўтказишаяпти.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугун вилоятимизда 275 минг 123 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар бор. Уларнинг 25 фоизи, яъни 68 минг 602 нафари вилоятимиздаги 354 та давлат ва 477 та нодавлат МТМга қамраб олинган.
ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ШАЙ...
Яқинда ёзги таътилга чиққан Асадбек янги ўқув йили бошлангунга қадар қаерга бориб, нима ишлар билан шуғулланишни обдан ўйлади. Унинг ўзига хос "таътил дастури"да, албатта, қишлоққа бобосиникига, сўнг ота-онаси билан қадимий Бухорога зиёратга бориш каби тадбирлар ўрин олган. Аммо бундан олдин у 4-16 июнь кунлари Китоб тумани Қайнар қишлоғидаги "Ёш алангачи" оромгоҳида дам олади. Илк марта бориши эмасми, ундан-бундан эшитганларига кўра, керакли нарсалар, кийим-кечаклар, ўйинчоқ ва китобларни сумкага жойлаш билан банд.
- Оромгоҳимизда ҳар босқичда 700 нафар ўғил-қиз дам олади, - дейди "Ёш алангачи" оромгоҳи раҳбари Бекмурод Кўчаров. - Келаётган мавсумда ҳам ёш авлод вакилларини муносиб кутиб олиш учун пухта тараддуд кўраяпмиз. Ётоқхона, ошхона, тиббиёт пункти, кутубхона, спорт майдончалари мавсумга шай ҳолга келтирилган. Шунингдек, 9 мингдан зиёд бадиий адабиётлар, эртак китоблар билан таъминланган кутубхона болажонлар ихтиёрида.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши аппаратининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Файзулла Маҳмудовнинг айтишича, жорий мавсумда Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманларида жойлашган 18 та стационар оромгоҳда 25 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз дам олдирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Оролбўйи минтақаси ҳудудидан келган 500 нафар бола Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" болалар оромгоҳида бепул ҳордиқ чиқаради.
- Ўғлим Суннат икки йилдан буён Яккабоғдаги "Соҳибқирон" оромгоҳига боради, - дейди Мукаррама Жўраева. - Оромгоҳнинг сўлим табиати, тоза ҳавоси фарзандимнинг жисмонан ривожланишига ёрдамлашса, маънавий-маърифий тадбирлар интеллектуал салоҳиятини оширишга, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.
С.АЛЛАЁРОВА