Меню
Қашқадарё
ТАЪТИЛ СОЗ ЎТМОҚДА
- 3 нафар фарзандим бор. Бўш вақтларида компьютер, телефон ўйинларига берилиб кетаётганидан хавотирланиб, бу ердаги тўгаракларда бирор ҳунар ўргансин, деб олиб келгандим, - дейди Қарши шаҳрилик Шалола Норбўтаева. – Фарзандларим билан фикрлашиб, бирини рассомчилик, иккинчисини сузиш, яна бирини инглиз тили тўгарагига жойлаштирдим. Ҳозир улар машғулотларга анчагина қизиқиб қолишди.
Дарҳақиқат, бугун аксарият ота-оналар фарзандларини бир ёқлама касбга йўналтириш билан чекланмасдан, қўшимча ҳунар ўрганишини, бўш вақтидан унумли фойдаланишини маъқул топишмоқда. Айниқса, ёзги таътилда болаларни турли тўгаракларга жалб қилиш фарзандларнинг ҳунар ўрганиши, билимини ошириш учун яхши самара бераётганини таъкидлашмоқда.
- Фарзандларимнинг иккаласи ҳам яқинда оромгоҳдан қайтишди. У ердаги мазмунли ҳордиқдан сўнг уйда зерикиб қолмасин, деб сузиш тўгарагига олиб келдим, - дейди Эътибор Абророва. - Баъзи қўшни болалар таътилга чиқиб, уйда ўтиришади. Бола барибир бола, уларни ёзги тўгаракларга жалб қилиниши ҳар томонлама фойдали.
Ҳақиқатан ҳам вилоятимизда бу йилги ёз мавсумида болалар таътилни мазмунли ўтказишлари учун бир қатор ишлар қилинди. Жумладан, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида туманларда фаолият кўрсатаётган “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказларида 468 та тўгарак иш олиб бормоқда. Вилоятда мавжуд 19 та оромгоҳда ҳар босқичда 7 минг нафар бола дам олдирилмоқда. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, Болалар мусиқа ва санъат мактабларида машғулотлар олиб борилмоқда. Чекка қишлоқлардаги 135 та мактабда ёзги соғломлаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
Албатта, буларнинг барчаси болаларни касбга қизиқтириш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Соҳиба СУЮНОВА