Меню

Қашқадарё

25.02.2020 1859

ТАЪМИРГА МУҲТОЖ САРДОБА

Унга энди йўқ бўлиб кетиш хавфи  соя солмоқда

Маданий мерос объектлари

Айни пайтда вилоятимизда 1321 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Уларнинг 208 таси архитектура моддий-маданий мероси сифатида, 1043 таси археологик,  27 таси тарихий ва 43 таси санъат ёдгорлиги сифатида қайд этилган.

       Шу ўринда айтиш жоиз, чекка ҳудудлардаги қатор тарихий объектлар йиллар давомида эътибордан четда қолгани боис бугун йўқ бўлиб кетиш арафасида, қолганларини ҳам кўнгилдагидек  сақланаяпти, деб бўлмайди.  Айримлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорларга олиб берилган бўлса, бир қисми аҳоли томонидан ўзлаштирилиб, чорва моллари боқиладиган ҳудуд ёки экин майдонига айлантирилган.

Касби туманидаги Қамаши қишлоғида жойлашган, XIX асрда Бухоро амирлиги рухсати билан Эшқулбой ҳожи томонидан қурилган сардоба бугун таъмирга, ободончилик ишларига муҳтож. Ҳар хил сўзлар ёзиб ташланган деворларининг бир қисми ўпирилиб, кўримсиз ҳолга келиб қолган. Қишлоқнинг қадимий тарихини ўзида акс эттирувчи, бир неча аср давомида қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган мазкур мажмуанинг муҳофаза ҳудудида тадбиркорлар томонидан ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганини қандай тушуниш мумкин?

- Қишлоқ аҳолиси 1975 йилгача сардобадан сув ташиб истеъмол қилган, - дейди обида назоратчиси Эргаш Жалилов. - Бу ёдгорлик қишлоғимиз тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли ҳудуд атрофини қўлдан келганча ободонлаштирганмиз. Лекин кўҳна мажмуани асраб-авайлаш, унинг умрбоқийлигини таъминлаш қийин кечаяпти. Ачинарлиси, эътибор берилмагани сабабли сардобанинг муҳофаза ҳудуди аста-секинлик билан аҳоли томонидан эгаллаб олинаяпти. Бир ҳамқишлоғимиз сардоба ҳудудида қурилиш қилди. Бунга бошида қаршилик кўрсатдик, тушунтирдик. Тегишли ташкилотга хат билан чиқдик. Лекин бизнинг мурожаатимизни ҳеч ким инобатга олмади.

Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, ўз даврининг энг истеъдодли муҳандис-қурувчилари томонидан барпо этилган сардоба ғиштлари квадрат шаклда бўлиб, гумбазнинг ички диаметри 15, баландлиги 12 метр бўлган. Обида ички қисмида ердан 2 метр баландликда ёпиқ, уясимон туйнуклар жойлашган. Унга фақатгина шимол тарафдан кирилган. Қолган уч тарафида арк кўринишидаги туйнуклар бўлган. Кириш қисми арксимон бўлиб, ундан ғиштли зинапоялар орқали сардоба ичкарисига ўтилган.

Ҳолбуки, Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги "Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида маданият вазирлиги ҳузурида маданий мерос департаменти ва ҳудудларда унинг  бошқармалари ташкил этилган.

Шунингдек, 2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий  тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси" ҳам тасдиқланган.

- Маданий мерос департаменти вилоят маданий мерос бошқармаси хулосасига кўра, тадбиркор қурган қурилиш сардобага зарар етказмайди, дейилган, - дейди Мушқоқи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сардор Нуралиев. - Барибир сардоба ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилишига кўпчилик қаршилик кўрсатмоқда. Бир неча йил аввал вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари келиб сардоба ҳолатини кўриб, таъмирлаш ишлари олиб бориш, атрофида муҳофаза деворлари қуришга ваъда беришганди. Лекин...

Орадан шунча вақт ўтса-да, маҳаллий мутасаддиларнинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги туфайли хайрли ишларнинг ҳеч бири бажарилмаган. Тарихий обиданинг умри эса тобора қисқариб бормоқда. Умид қиламизки, маданий мерос бошқармаси ҳамда Касби тумани ҳокимлиги мутасаддилари масалани назоратга олиб, тарихий иншоотни асраб қолиш чораларини кўришади. Масалага яна қайтамиз...

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!