Меню

Қашқадарё

05.07.2024 8722

ТАЪЛИМ ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЎРТАСИДАГИ ИНТЕГРАЦИЯ

тараққиётга хизмат қилади

 

Бугуннинг гапи

"Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ фаоллар залида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 20 июнь куни муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ва корхоналарнинг ходимлари иштирок этдилар.

Дастлаб "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ директори Шуҳрат Асланов, "Uzbekistan GTL" МЧЖ раҳбари Алишер Баҳодиров, институт ректори Орифжон Бозоров видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш омиллари, ўзгаришлар моҳияти ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ корхоналари билан ҳамкорликнинг янги истиқболларини амалга оширишга қаратилган битимлар имзоланди.

- Бугунги битимларимиз бир неча йиллардан бери давом этиб келаётган ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб беради, - деди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров. - Бундай дейишимга сабаб, Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги "Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, ёш олимларимизнинг илмий тадқиқот ишларини корхоналарнинг замонавий лабораторияларида амалга ошириш имкониятлари кенгайди. Талабалар амалиёти юксак савияда ташкил этила бошлади. Тажрибали профессор-ўқитувчиларимиз ва иқтидорли талабаларимиз турли танловлар ғолиби бўлдилар. 

Биргина Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мисолида оладиган бўлсак, 2023-2024 йиллар давомида институт талабаларидан 700 нафарининг амалиёти таълим кластери таркибидаги корхоналарда ташкил этилди. Ишлаб чиқариш корхоналарининг таклифлари асосида таълим йўналишларига 10 дан ортиқ янги фанлар киритилди ва фан дастурлари такомиллаштирилди.

Корхоналарнинг малакали ходимларидан 20 нафари ўқув жараёнига жалб этилди, институт профессор-ўқитувчиларидан 28 нафарининг ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкаси ташкил қилинди. Кластер корхоналари томонидан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалиёт ва стипендия бўйича танловлар жорий этилди. Натижада институт талабаларидан 20 нафари "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ ва 5 нафари "Uzbekistan GTL" МЖЧ жорий этган стипендия танловлари ғолиби бўлди. 69 нафар талаба иш билан таъминланди. Институт профессор-ўқитувчиларидан 4 нафари "Uzbekistan GTL" компанияси томонидан ўтказилган "Энг фидойи устоз" танлови ғолиби сифатида эътироф этилди.

Таълим кластери таркибидаги "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ, "Uzbekistan GTL" МЧЖ, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси иштирокида 3 та амалий лойиҳа бажарилди. Корхоналар тадқиқотчилари ва институт ёш олимлари иштирокида таълим кластери муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланган 2 та илмий-амалий анжуман ўтказилди. Кластер таркибидаги корхоналардан 12 нафар ёш мутахассис илмий-тадқиқот ишларига жалб этилди ва мустақил изланувчиликка қабул қилинди. Институт ёш ўқитувчиларидан 6 нафари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ходимларидан бир нафари техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.

* * *

Фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциянинг мустаҳкамланиши мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади. Бу борада корхона ва олийгоҳ ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда бир савол туғилади: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг нуфузли корхоналар билан имзолаган янги битимлари қандай мақсадлар йўлида хизмат қилади?

Шартномага кўра, "Uzbekistan GTL" МЧЖ билан ҳамкорликда синтетик хом ашёдан тайёрланган маҳсулотлар учун табиий йўқотиш меъёрларини ишлаб чиқиш йўналишида 1,5 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ билан ҳар бири 1 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа, Деҳқонобод калий заводи АЖ билан ҳам 1 миллиард сўмлик битта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Бундан ташқари, корхонанинг илмий даражали етакчи мутахассисларини магистрлик, докторлик диссертацияларига раҳбарлик қилишга, иқтидорли мутахассисларни эса илмий изланувчиликка ва докторантурага жалб қилиш, технологик жараёнларда юзага келадиган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун институт олимлари билан ҳамкорликда қўшма тадқиқот ишларини ўтказиш, танловларда биргаликда тайёрланган илмий-инновацион лойиҳалар билан иштирок этиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришда фаол ва ташаббускор мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш каби масалалар ҳам ўзаро ҳамфикрликда ҳал этилади.

* * *

Муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан бир неча вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, "тармоқ - корхона - олийгоҳ" занжири асосида, ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади. Барча муҳандислик олийгоҳларининг ҳамкор корхоналарида кафедралари очилади ва дуал таълим йўлга қўйилади. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади. Бундан ташқари, дастлаб 10 та олийгоҳда "Олий муҳандислик мактаблари" очилади. Уларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. 

- Илғор муҳандислик мактаблари яратилаётган экан, бунда ишлаб чиқариш ва таълимнинг ҳақиқий интеграцияси бўлмаса, биз кутган  натижаларга эриша олмаймиз, - дейди "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ директори Шуҳрат Асланов. - Сабаби бугун бизнинг мутахассисларимиз илғор, замонавий технологияларни маҳорат билан бошқариб келишмоқда. Эндиги мақсад - технология яратувчи мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллашимиз лозим. Ахир бизда Менделеев даврий системасидаги барча моддалар мавжуд. Илмий салоҳият ҳам етарли. Демак, ана шу имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Президентимиз биздан талаб қилаётган вазифалардан бири ҳам ана шундан иборат.

* * *

Матбуот анжумани савол жавобларга бой бўлди. Тадбир иштирокчилари ўзларининг олий таълимдаги ўзгаришлар, дуал таълимнинг йўлга қўйилиши, илмий даражаларни олиш босқичлари, институтнинг китоб фонди, материалшунослик йўналишининг афзалликлари каби саволларига батафсил жавоб олдилар.

Якунда матбуот анжумани қатнашчилари Шўртан газ-кимё мажмуасининг узоқ йиллик тарихи ва бугуни ўз ифодасини топган музейни томоша қилдилар.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!