Меню

Қашқадарё

29.10.2019 1075

ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ЭНДИ "МЕТОДИСТ" ЎРНИГА "МЕНТОР" ИШЛАШИ КУТИЛАЯПТИ

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги умумтаълим фанлари бўйича "методист" лавозими ўрнига "ментор" лавозими жорий этилади.

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар тузилмасидаги методик хизмат бўлимларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги туманлараро умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш марказларини тугатган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг менторлик хизмати бўлимларини, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг менторлик хизмати шуъбалари ташкил этилади.

Қарор лойиҳасида келтирилишича, қуйидагилар халқ таълими ходимларининг узлуксиз таълимини ташкил этиш бўйича менторнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

халқ таълими ходимларининг касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида таянч мактаблар негизида малака ошириш тадбирларини (курслар, ўқувлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, тажриба алмашиш дарслари) ташкил қилиш;

таълим жараёнида илмий, педагогик, психологик, дидактик ва методик усуллардан фойдаланишдаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан педагогларга амалий ёрдам кўрсатиш;

таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шакллари, методлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини жорий этишда таълим муассасалари раҳбар ва педагогларига кўмаклашиш;

мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга мактабда самарали таълим-тарбия жараёнини ташкил қилиш ва таълим сифатини ошириш борасида методик маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар бериш;

мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларининг шахсий ва касбий ривожланишларига методик ёрдам кўрсатиш, уларни лицензиялаш жараёнларига тайёргарлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш.

Менторларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига нисбатан қуйидагича нисбатда белгиланади:

республика даражасидаги - 1,35 бараварга;

вилоят даражасидаги - 1,25 бараварга;

туман (шаҳар) даражасидаги - 1,15 бараваргача.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!